Линклар

"Телефон суҳбатлари 100 фоиз эшитилади"


Ўзбекистонлик мухолифатчилар ва ҳуқуқ фаоллари ўз телефон сўзлашувларининг мамлакат махсус хизматлари томонидан диққат билан эшитилишига шубҳа қилмайдилар.

Ўзбекистонлик мухолифатчилар ва ҳуқуқ фаоллари ўз телефон сўзлашувларининг мамлакат махсус хизматлари томонидан диққат билан эшитилишига шубҳа қилмайдилар.

Ўзбекистонда арзон ва сифатли телефон хизмати ривожланиб бораëтган бир пайтда¸ давлат идораларининг телефон суҳбатларини ноқонуний равишда тинглаши асосий муаммога айланмоқда.

Ўзбекистонда “Мобил алоқа хизматини кўрсатиш қоидалари тўғрисида” шу йил 6 февралида ЎзААА томонидан тасдиқланган ҳужжат ижро этилиш арафасида.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги - ЎзАААнинг ўз исмини айтмаган ходимига кўра, янги ҳужжат жорий йил 16 февралидан бошлаб кучга киради.

- Бу қонунни ишлаб чиқишдан мақсад Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг телекоммуникация тўғрисидаги қонун¸ истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ва яна бошқа қонунларнинг ижроси ҳисобланади.

Бу саккизта параграфдан иборат. Бунинг натижасида абонент ҳам¸ оператор ҳам мажбуриятга эга бўлди. Ким нимага мажбурлиги белгилаб олинди, деди ЎзААА ходими.

Аснода Ўзбекистонда уяли алоқа хизматидан фойдаланиш аллақачон ҳашам нишонаси бўлмай қолган. Бу хизматдан ҳозир мамлакатда бой ҳам, ўртаҳол ҳам, камбағал ҳам фойдаланади.

Самарқандлик ҳуқуқ фаоли Комилжон Ашуров МТС компаниясининг “Ҳамма вақт алоқада” хизмат туридан фойдаланади. Комилжон ака уяли алоқа хизматидан қониқишини айтади.

- Унчалик кўп пул кетмайди. Олдин бошқа бир тарифида эдим. Кириш телефонлари бепул, чиқиш пулли деган тариф бу. Қарасам, пул кўп кетаяпти.

Кундалик абонент тўлови ҳам бор экан. Ҳозир U-Cellда ҳам жуда яхши план бор, дейишаяпти. Мен МТСга ўрганиб қолганман. Шунинг учун бошқасига ўтмаяпман¸ дейди Комилжон Ашуров.

Фарғоналик Абдусалом Эргашев эса айрим пайтлари мобил алоқаларнинг сифати ёмон бўлиши ҳақида гапиради.

Абдусалом Эргашев: Ўзбекистонда мобил алоқа ҳатто шаҳарнинг кўп жойларида ишламайди.

Озодлик: Абдусалом ака, ҳозир ҳам овозингиз йўқолиб қолаяпти. Бу нимадан?

Абдусалом Эргашев: Мен ҳозир шаҳар марказидаман. Шаҳар марказининг сифати шунчалик.

Суҳбатдошларимиз “Мобил алоқа хизматини кўрсатиш қоидалари тўғрисида”ги ҳужжатда кўзда тутилган қоидалар амалга оширилса, алоқа сифати яхшиланишидан умидвор.

Янги ҳужжатда телекоммуникация тармоқлари орқали узатиладиган телефон сўзлашувлари ва бошқа хабарлар, шунингдек, уларга тааллуқли бўлган барча маълумотлар сир тутилиши кафолатланади.

Бироқ ўзбекистонлик мухолифатчилар ва ҳуқуқ фаоллари ўзларининг телефон сўзлашувлари аксарият ҳолларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан тингланиши борасида шикоят қилиб келишади. Комилжон Ашуров ҳам шулар жумласидан.

- Аминманки, эшитишади. Ҳар кун бўлмаса ҳам, вақти-вақти билан эшитиб туришади. Биз бир неча марта бунинг шоҳиди бўлганмиз.

Бирор киши билан тезда учрашиш керак бўлса, жойини белгилаб чиққанимизда, борган жойимизда махсус хизмат ходимларини фуқаро кийимида кўрамиз.

Мен ўйлашимча¸ сиз билан, бошқа мухбирлар билан гаплашганимиз ҳаммаси ëзилиб қўйилган. Шу махсус хизматларнинг архивида бўлса керак дейман¸ дейди Комилжон Ашуров.

Қаршилик ҳуқуқ фаоли Нодир Аҳатов ҳам ўзининг телефон сўзлашувлари махсус хизмат вакиллари томонидан тингланишини айтади.

- Бир неча марта бўлган. Мен телефонда сўзлашганимда атрофимда ҳеч қандай гувоҳ бўлмаган. Аммо менинг гапларимни орган ходимлари сўзма-сўз қайтариб айтиб берган.

Мен айтмоқчиманки, сўзлашувларнинг ҳаммаси 100 фоиз орган ходимлари томонидан эшитилади. Бунақа ҳолатлар ниҳоятда кўп.

Ҳукумат бунга катта пул ажратиб айнан шу нарсани назорат остига олган¸ дейди Нодир Аҳатов.

Суҳбатдошларимиз телефон сўзлашуви махсус хизматлар томонидан эшитилиши сабабларини ҳам изоҳлашга ҳаракат қилишди. Дейлик, мустақил кузатувчи Тўрабек Санога кўра, Каримов режими мамлакат фуқароларидан қўрқиши боис телефон сўзлашувларини тинглашни йўлга қўйган.

- Чунки ҳозирги ҳукумат жуда ҳам мўртлашиб қолган, яъни у ўзининг сўнгги кунларини яшаëтгани учун жуда ночорлашиб қолган.

Ҳукумат сиëсатидан норози бўлган аҳоли қатлами жуда ҳам йириклашиб кетган. Фуқароларнинг бирор-бир митингларда иштирок этмаслигини билганлиги учун ҳам телефон суҳбатларини эшитади ва халқнинг қаршилигини шу суҳбатлар орқали синдириб боради.

Шунинг учун ҳам ҳукумат ўзаро телефон суҳбатларини эшитиб боради¸ дейди Тўрабек Сано.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ходими телефон сўзлашувлари тингланишини инкор қилиб, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно эканлигини билдирди.

Юқорида тилга олинган ҳужжатда қайд қилинишича, телефон сўзлашувларини эшитиш, телекоммуникация тармоқлари орқали узатилаётган хабарлар билан танишиш, улар тўғрисидаги маълумотларни олиш, шунингдек, сўзлашувлар сирларига доир бошқа чекланишларга қонун билан белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG