Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:29

Россия поезди Ўзбекистонда ушлаб турилибди


Афғонистонга мўлжалланган гуманитар ëрдам¸ Медведев-Каримов апоқ-чапоқ бўлиб турган айни кунларда нима сабабдан Ўзбекистонда тўхтатилгани ҳозирча мавҳумлигича қолмоқда.
Афғонистонга мўлжалланган гуманитар ëрдам¸ Медведев-Каримов апоқ-чапоқ бўлиб турган айни кунларда нима сабабдан Ўзбекистонда тўхтатилгани ҳозирча мавҳумлигича қолмоқда.

Россиядан Афғонистонга жўнатилган бир неча ўн вагон ун икки ҳафтадан бери Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилибди. Ҳозирча бунинг сабабини ойдинлаштирадиган расмий топилмади.

"Новости" ахборот агентлиги тарқатган маълумотга кўра, Россиядан Афғонистонга жўнатилган юқори навли уннинг бир қисми Ҳайратон порт шаҳрига етиб келган.

Афғонистондаги Россия элчихонасининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Георгий Мишинга кўра, ҳозирга қадар Россиядан Афғонистонга юк ортилган 105та вагон жўнатилган. Юкнинг бир қисми йўлда¸ бошқа бир қисми Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарадош Термиз транспорт узелида турибди.

Гуманитар ёрдам сифатида Россиядан Афғонистон халқига жўнатилган уннинг дастлабки қисмини Ҳайратон шаҳрида Балх вилояти ҳокими ўринбосари, Ҳайратон шаҳар ҳокими, Мозори Шариф шаҳридаги Россия бош консули ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Айни пайтда Афғонистон ҳукуматидаги манбаларнинг РИА Новости ахборот агентлигига билдиришича, Афғонистонга жўнатилган Россияга қарашли гуманитар юкнинг бир қисми номаълум сабабларга кўра Ўзбекистон ҳудудидан ўтказилмаган.

Россиянинг Кобулдаги элчихонаси расмийси бу маълумотни тасдиқлади.

- Бу йил Афғонистонга биринчи марта гуманитар ёрдам кўрсатаяпмиз. Ҳозир ун етказиб бераяпмиз. Бирданига 18 минг тонна ун етказиб бераяпмиз. Аммо уннинг бир қисми Ўзбекистон ҳудудида тўхтаб қолди. Бу ҳақда тарқатилган маълумотлар тўғри, деди ўзини таништиришни хоҳламаган Афғонистондаги Россия элчихонаси расмийси.

Афғонистон ҳукуматидаги манбага асосланиб РИА Новости ахборот агентлигининг билдиришича, ҳозир Ўзбекистон ҳудудида 30дан ортиқ ун ортилган вагон туриб қолган.

Буни Кобулдаги Россия элчихонаси вакили ҳам тасдиқлади.

- Тўғри, бу мутлақ тўғри маълумот. Ҳозирги кунга қадар 40дан ортиқ вагон тўхтаб қолган. Икки ҳафтадан бери ун Афғонистон ҳудудига ўтказилгани йўқ, деди Афғонистондаги Россия элчихонаси расмийси.

Ун Афғонистонга ўтказилмаётганининг сабабини сўраганимизда, Россия элчихонаси расмийси Ўзбекистон томонига мурожаат қилишимиз тавсия қилди.

- Муаммо Ўзбекистон ҳудудида пайдо бўлди. Шу боис мен Ўзбекистондаги ҳамкорларимизга мурожаат қилишингизни тавсия қиламан, деди Кобулдаги Россия элчихонаси расмийси.

Саволга жавоб топиш мақсадида Ўзбекистон темир йўллари давлат акциядорлик компаниясига бир неча бор қўнғироқ қилдик. Телефон гўшагини кўтарган компания вакиллари бундан хабари йўқлигини айтди. Аммо ходимлардан бири бундай савол билан ёзма равишда мурожаат қилиш кераклигини айтди.

- Мана бу вагон мана бу ëқда туриб қолди деб ким айта олади ҳозир? Унинг қайси вагонлигини билмасак. Қанақадир гуманитар ëрдамлар жўнатилаяпти. Мен бу ерда бошқа вазифа билан шуғулланганим учун билишим шарт эмас. Бунақа нарсалар бўйича хат ëзасизлар ва дарров жавобини оласизлар¸ дейди Ўзбекистон темир йўллари давлат акциядорлик компанияси ходимларидан бири.

Россиядан Афғонистонга жўнатилган ун ортилган бир неча ўн вагоннинг бир қисми ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилиши ортидаги сабаблар сиёсийми ёки шунчаки техникми – масала ҳозирча очиқ қолди.
XS
SM
MD
LG