Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:37

Ўзбекистонда эркин матбуотга ҳужум тўхтамаëтир


“Журналистларни ҳимоя қилиш” халқаро қўмитаси ҳисоботларида¸ Ўзбекистон йиллардан бери эркин матбуот бўғилган мамлакатлар қаторида қолиб келмоқда.
“Журналистларни ҳимоя қилиш” халқаро қўмитаси ҳисоботларида¸ Ўзбекистон йиллардан бери эркин матбуот бўғилган мамлакатлар қаторида қолиб келмоқда.

"Ўзбекистон сўз эркинлиги соҳасини ислоҳ этиш борасида Европа Иттифоқига берган ваъдасини буткул унутиб, мамлакатдаги мустақил журналистикани буткул йўқ қилди."

Қароргоҳи Нью Йоркда жойлашган “Журналистларни ҳимоя қилиш” қўмитаси ўзининг “Матбуотга ҳужум” деб номланган сўнгги ҳисоботида айнан шундай хулосага келди.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси кузатувларига кўра, 2008 йил давомида президент Ислом Каримов маъмурияти Европа Иттифоқи ва Ғарб давлатлари ўзининг ислоҳот йўлидан бораётганини ишонтиришга ҳаракат қилган.

Бироқ Ўзбекистон ҳукумати Иттифоқ қўйган шартларни масхара қилгандек, Андижон воқеалари сабабли жорий этилган санкциялар юмшатилганидан сўнг, навбатдаги мустақил журналистларни қамоққа ташлади.

Камида олти журналистни тутқинликда сақлаш баробарида, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги барча хориж радиолари фаолиятини таъқиқлади ҳамда оз сонли мустақил журналистларни қаттиқ сиқувга олди.

Ҳукумат назоратидаги оммавий ахборот воситалари ходимлари мамлакатдаги сўз эркинлиги аҳволи борасида ошкора гапиришни истамайди.

Аммо бу борада ўз фикрини билдиришга журъат этган маҳаллий журналист Нарзулло Оқилжонов мамлакатда сўз эркинлиги бўғилаётгани ҳақидаги иддаоларни уйдирма деб ҳисоблайди.

- Бу ерда ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Биз ўзимиз Ўзбекистон телерадиоканалига қилиб берадиган эшиттиришимизга биров гапирма¸ деган эмас. Лекин битта нарсани тан олайлик¸ Ғарбда ҳам жуда эркин матбуот бўлмайдику. Уларнинг қанақадир камчиликлари ҳам бўлиши мумкин. Камчиликсиз жой бўлмайди¸ дейди маҳаллий журналист Нарзулло Оқилжонов.

Журналистнинг ушбу гаплари президент Каримов 2005 йилдаёқ Ғарб оммавий ахборот воситаларига нисбатан билдирган фикрини тўлиқ акс эттиради. Мамлакатдаги Ғарб оммавий ахборот воситалари фаолиятини таъқиқлаш лозимлигини президент Каримов ўшанда шундай изоҳлаган эди:

- Андижон воқеаларидан кейин¸ бизга умуман террорчи гуруҳ ҳамла қилгандан кейин бизга энг катта бермоқчи бўлган зарбаси шу бўлдики¸ шунча одамнинг ҳалок бўлганини инобатга олмасдан туриб¸ худдики бир табиий ҳолдай информацион хуружларни¸ информацион урушларни бошлади¸ деган эди 2005 йилнинг 14 майида ғазаб билан Ислом Каримов.

Ўзбекистондаги мустақил журналистларга қарши ҳақиқий ҳужумлар Каримовнинг айнан шу баёнотидан сўнг бошланиб кетди. Тез орада таъқиблардан қўрққан ўнлаб мустақил журналистлар мамлакатдан қочиб чиқишга мажбур бўлди.

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳининг оммавий ахборот воситалари дастурлари бўйича директори Эндрю Стролайн матбуотга қарши ҳужумлар Андижон воқеасидан сўнг мамлакатдаги умумий вазиятнинг ёмонлашгани билан боғлиқ¸ деб ҳисоблайди.

- Матбуот эркинлиги даражаси жамиятдаги умумий вазиятни кўрсатувчи бир ойнадир. Президент Каримов журналистларнинг мамлакат ҳақдаги даҳшатли ҳақиқатни хабар қилишини истамайди. Унинг бекитадиган қинғир ишлари кўпайган сайин журналистларга босим шу қадар ошиб бораверади¸ дейди Эндрю Стролайн.

Ўзбекистонда сўз эркинлигининг бўғилаётгани борасида халқаро нуфузли ташкилотлар бир эмас, бир неча йилдан буён бонг уриб келади. Халқаро босим натижасида ўтган муддат давомида бир неча журналистнинг қамоқдан озод қилинишига эришилди.

Ўзбекистонни тарк этиб, мамлакатдаги вазиятни ёритишдан тўхтамаган журналист Галима Бухорбоева Ўзбекистон ҳукуматининг аслида ҳеч қачон матбуот эркинлигига мойил бўлмаганини айтади. Бироқ унга кўра, жорий йилда ҳукумат қандайдир ижобий қадамларга бориши мумкин.

-Каримовнинг Ғарб билан муносабатларни яхшиламоқчи бўлаётгани аёндир. У яна АҚШ нинг ҳарбий ҳамкори сифатида Афғонистондаги кампанияда иштирок этмоқчи.

Улар Ўзбекистонга қайтган пайтда Каримов уларнинг оёғига навбатдаги тортиқни ташлаши керак. Бу эса¸ эҳтимол¸ қамоқдаги айрим журналистларнинг озод қилиниши бўлар¸ дейди Галима Бухорбоева.
XS
SM
MD
LG