Линклар

logo-print

Қурилиш бозори осмонда

  • Садриддин Ашур

Тошкент каби йирик шаҳарларда икки-уч қаватлик уй соламан деган кўпайган бир кезда¸ қишлоқ аҳолисининг деразасига шиша қўйишга ҳам ҳоли йўқ.

Тошкент каби йирик шаҳарларда икки-уч қаватлик уй соламан деган кўпайган бир кезда¸ қишлоқ аҳолисининг деразасига шиша қўйишга ҳам ҳоли йўқ.

Расмийларнинг¸ Ўзбекистонда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг кўпайиб бораëтгани ҳақдаги даъволарига қарамай¸ бозорда қурилиш моллари нархи баландлигича қолмоқда.

“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик ширкати расмийсининг Регниум ахборот агентлигига берган маълумотига кўра, ўтган йили Ўзбекистонда 580 миллион долларлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган.

Яқин 600 миллион долларлик қурилиш моллари Ўзбекистон бозори учун етарлими ёки йўқ?

Бу саволга жавоб олиш мақсадида энг аввало “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компаниясига сим қоқдик. Ахборот воситалари билан ишлашга масъул компания ходими Аҳмаджон ака биз билан суҳбатлашишга рози бўлмади. У ҳатто ўз фамилиясини ҳам айтишни истамади.

Расмий ахборотда эса, Ўзбекистонда цемент, қурилиш ойнаси, сопол¸ черепица, силикат¸ ғишт ишлаб чиқариш кўпайгани айтилади. Биз бу ҳақда кенгроқ маълумот олиш учун Фарғонадаги қурилиш моллари бозорида ишлайдиган Баҳодир акага сим қоқдик:

Озодлик: Умуман нималар сотасиз? Бозорда қанақа қурилиш материаллари бор?

Баҳодир ака: Ҳамма нарса бор.

Озодлик: Масалан¸ қайси моллар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилгану¸ қайси моллар четдан келтирилган?

Баҳодир ака: Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ўзимизнинг маҳаллий тераклар бор. Россиядан асосан қарағай¸ бошқа ҳар хил дарахтлар келади. Тайëр кесилган ва кесилмаган ҳолатда келади.

Озодлик: Аҳоли маҳаллий теракларни кўпроқ харид қиладими ëки тахталарними?

Баҳодир ака: Иморат қиладиган бўлса¸ тўсинга кўпроқ терак ташлайди. Ҳозир одамлар кўпроқ Россиядан келган тайëр дарахтларни олишаяпти. Маҳаллий теракдан кўра унга талаб кўпроқ. Шифернинг ҳаммаси шу ўзимизда Қувасойда¸ Ангренда¸ Андишжонда ишлаб чиқарилган.

Озодлик: Шу кунларда шифернинг нархи қанча?

Баҳодир ака: Ҳозир донаси 13500-14000 сўмдан сотилаяпти.

Озодлик: Нархлар тушгани йўға?

Баҳодир ака: Йўқ¸ нарх ҳали тушгани йўқ. Бир хилда турибди.

Баҳодир аканинг айтишича, бозорда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ғишт, цемент ҳам сотилади. Тошкент лак бўёқ заводининг моллари ҳам бор. Лекин аҳоли кўпроқ Европа ва Эронда ишлаб чиқарилган бўёқларни харид қилади. У сал қимматроқ бўлса -да, сифати яхши.

Лекин қурилишда ишлайдиган Анорбой аканинг айтишича, расмий ахборотда айтилгани каби¸ Ўзбекистоннинг ўзида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг кўпайиши бозорлардаги нарх-наволарга таъсир қилгани йўқ:

- Шифернинг бир донаси 16 минг сўм. Бир метр рейка 1600 сўм. Бир кило мих 3000 сўм. Нарх-наво шундай баланд даражадада. Энди пули борнинг ошиғи олчи¸ дейди Анорбой ака.

Фақатгина цементнинг нархи қиш пайтида анча тушади, дейди Анорбой ака.

Унинг сўзларига кўра, ёз пайтида бир килограмми 300 сўмга чиқиб кетган цемент, ҳозир 120-140 сўмгача тушган. Тошкентлик Латифа опа ҳам, қурилиш материалларига бўлган нарх-наво тушмаётганлигини таъкидлар экан, бугунги кунда маош билан Ўзбекистонда уй қуриб бўлмаслигини айтади:

- Бизнинг ойлигимизга бу жуда қимматлик қилади. Ҳозир Ўзбекистонда уй қуриш нереално. Биз ҳам икки қаватлик қилиб уй бошладик.

Мана уч йилдан бери қураяпмиз. Биз бошлаган пайтда нархлар ҳозиргидан ҳам қиммат эди. Ҳозир цемент нархи тушганку.

Дейлик¸ бизнинг оилада мен ва турмуш ўртоғим пенсия олиб¸ ўғлим ва келиним ойлик олиб¸ шу пулга биз уй қурмоқчи бўлсак¸ 25 йилда қура оламиз. Ойликка ҳатто бир хона уй қуриб ҳам бўлмайди¸ дейди Латифа опа.

Анорбой ака ҳам Ўзбекистонда уйлар қурилаётгани, лекин бу уйлар асосан пули кўп одамларга тегишли эканини айтади.

- Бунақанги шоҳона уйларни¸ участкаларни Ўзбекистонда фақатгина прокурорлар¸ судлар¸ нуфузли раҳбариятда ишлаëтганлар¸ аппаратурада ишлаëтганлар¸ орқасида қўллаб-қувватловчиси бор амалдор шахслар қура олади. Бунақа уйни ҳатто домлалар ҳам қура олмайди¸ дейди Анорбой ака.

Қозоқ бойиса хотин олади¸ ўзбек бойиса том солади¸ деган эски нақлдаги каби ўзбеклар¸ барибир¸ уй қуришда давом этмоқда. Фақат ота-боболардан қолган эски усулда.

Иложи борича цементни кам ишлатиб, тошни кўп ташлаб фундамент ташлайди. Кейин атрофдаги ерни қазиб кесак қуяди ё пахса билан девор кўтаради. Томни ҳам бир амаллаб эски уйларнинг ёғочларидан кўтаради.

Ҳай, энди томига келганда, 50-60та шиферни бир амаллаб топади ҳам. Том битса, ичига кириб олса бўлди, қолгани, сувоқ-пувоғи, бўёқ-мўёғини беш-олти йилда секин-секин битириб олади. Пол ўрнига эса, ҳозирча қамишли бўйра ҳам яраб турар.
XS
SM
MD
LG