Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:39

Уддалаш қарийб имконсиз


Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун Ҳолбрук Покистон раҳбарларини ўз иттифоқчисига айлантириши лозимлигини яхши англайди.
Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун Ҳолбрук Покистон раҳбарларини ўз иттифоқчисига айлантириши лозимлигини яхши англайди.

АҚШ президентининг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили минтақа бўйлаб сафар қилаëтган бир пайтда таҳлилчилар, Ричард Ҳолбрук зиммасига юклатилган вазифанинг ниҳоятда оғирлигини таъкидламоқдалар.

Босниядаги урушга чек қўйган Дейтон шартномаси имзоланганидан кейин Ричард Ҳолбрук можароларни музокаралар йўли билан ҳал қила оладиган дипломатлардан бири сифатида дунёга танилди.

Ўтган давр мобайнида Ҳолбрук турли лавозимларда ишлади. Хусусан АҚШ давлат котиби лавозими учун бўлган сиёсий курашда Маделин Олбрайтга бой берганидан кейин Ҳолбрук АҚШнинг БМТдаги элчиси лавозимида фаолият юритди. 2008 йилда Ҳиллари Клинтоннинг президентлик сайлов олди кампаниясида эса Ҳолбрук унга ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчи бўлди.

Таҳлилчилар¸ ҳозир Ричард Ҳолбрукнинг зиммасига ўта оғир вазифа, яъни, Ал-Қоида ва толиблар жангариларига қарши курашда Афғонистон ва Покистон ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш вазифаси турибди. АҚШ президенти Барак Обама Ричард Ҳолбрукка катта ишонч билдириб, уни “ўз даврининг энг иқтидорли дипломатларидан бири” деб атади.

Шу ўринда Болқонда тинчлик ўрната олган Ҳолбрук Жанубий Осиёда ҳам бу ишни уддалай оладими, деган савол туғилади.

Жеймс Лион Демократиялаш сиёсати кенгашининг Болқон масалалари бўйича мутахассиси. Дейтон шартномаси имзоланган пайтда¸ у Сербияда яшаган. Лионга кўра, нозик дипломатик воситалар иш бермаган пайтда Ҳолбрук ўз вазифасини уддалай олган.

- “Юмшоқ-юмшоқ” дипломатик ёндошув жуда кам ҳолда муваффақият келтирган. Яъни Болқонда бу услуб натижа бермаган. Бундай вазиятга сиз ишонч билан келиб қатъий қарорлар қабул қилишингиз керак бўлади.

Тинчлик шартномасига эришиш учун бошқа усуллар натижа бериши мумкинмиди? Йўқ¸ албатта. Менимча, Босния урушига чек қўйишда Ричард Ҳолбрук идеал одам эди, дейди Жеймс Лион.

Мутахассислар Болқон минтақасида орттирган бой тажрибаси Ричард Ҳолбрукка Афғонистон ва Покистондаги муаммоларни ҳал қилишда жуда фойдали бўлиши мумкин, деган фикрда. Гордон Бардос Нью Йоркдаги Колумбия университетининг халқаро масалалар бўйича мутахассиси.

- Унинг Босния ва Болқонда орттирган тажрибаси¸ шубҳасиз¸ унинг рақиб этник гуруҳлар ўртасидаги барча мураккабликларни англашига ёрдам беради. Боснияликлар, хорватлар ва серблар ўртасида музокаралар олиб боришга уриниш жараёнида орттирган тажрибалари Афғонистонда паштунлар, тожиклар ва бошқа этник гуруҳлар ўртасида сўзлашув олиб боришида Ҳолбрукка қўл келади, дейди Гордон Бардос.

Айни пайтда Ричард Ҳолбрукнинг АҚШнинг бошқа юқори лавозимли расмийлари, хусусан Давлат котиби Ҳиллари Клинтон, вице- президент Жозеф Байден, шунингдек Яқин Шарқ ва Афғонистондаги АҚШ қўшинлари бош қўмондони генерал Дэвид Петрэус билан тил топиша олиши масаласи ҳам таҳлилчиларни қизиқтирмоқда.

Ҳолбрук Боснияда лавозимга тайинланганидан кейин у ўз ташаббуси билан яққол кўзга ташланган эди. Аммо Афғонистон ва Покистондаги вазият Болқондагидан кўра нозикроқ ва унга аралашган ўтинчилар ҳам мураккаброқ бўлгани учун Ҳолбрукнинг якка ўзи муаммога ечим топа олмайди.

Шунга қарамай таҳлилчилар¸ Болқонда тинчлик ўрнатишга муваффақ бўлган дипломатнинг АҚШ президентининг Афғонистон ва Покистондаги махсус вакили этиб тайинланиши Қўшма Штатларнинг бу минтақада тинчлик ўрнатиш нияти жиддий эканидан далолат беради, демоқда.
XS
SM
MD
LG