Линклар

logo-print

Москва Манас базаси борасида кўмакчи бўлолмайди


Россиянинг НАТОдаги элчиси Дмитрий Рогозин “Қўшма Штатлар Манас ҳаво базасига оид масалада Москва кўмагига умид қилмасин”, дея баён қилди.

- Вашингтон Бишкек билан тўғридан-тўғри гаплашиши лозим, деди Россия расмийси.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев ўтган ҳафта Москвада Россия Президенти Дмитрий Медведев билан учрашувда икки миллиард АҚШ долларига тенг кредит ва 150 миллион долларлик беғараз ёрдам ҳақида ваъдаларни олиб бўлгач, АҚШ ҳарбийларини Манаса базасидан чиқариш қарорини эълон қилганди.

Шу боис Бакиевнинг Манасга оид қарорида Кремл ҳал этувчи ролни ўнаганига шубҳа қилмаётган НАТО ва АҚШ расмийлари, Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар учун муҳим вазифани бажариб келаётган Манас базаси тақдири борасида Москва билан гаплашиш лозимлигини айтаётган эди.

Қирғизистон парламенти вакиллари ҳам масала юзасидан якуний қарор беришдан аввал Москва билан Вашингтон сўзлашуви натижаларини кутиш лозимлигини яшираётгани йўқ.

Айни пайтда Манас ҳаво базаси матбуот котиби Дамиан Пикартнинг Озодлик радиосига айтишича, Қирғизистон ҳукуматидан базани ёпишга оид расмий нота келмаган.

- Манас ҳаво базаси ҳозирча ҳеч қандай расмий билдиришнома олгани йўқ. Бизга тегишли кўрсатмалар келмагунча, миссиямизни бажаришда давом этамиз, деди АҚШ ҳарбийлари вакили.
XS
SM
MD
LG