Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:07

Ўзбек мактаблари ислоҳ арафасида


Қирғизистон жанубидаги ўзбек мактабларининг кўпчилигида ўқитувчилар ҳали ҳам совет даври методикасидан воз кечганлари йўқ.
Қирғизистон жанубидаги ўзбек мактабларининг кўпчилигида ўқитувчилар ҳали ҳам совет даври методикасидан воз кечганлари йўқ.

Ўшда ўзбек мактабларидаги таълим сифатини яхшилаш, ўзбек ўқитувчиларини таълимдаги янги метод ва мактаб бошқарувидаги янгиликлар билан таништиришга қаратилган форум бўлиб ўтмоқда.

“Таълимий ташаббусларни қўллаш” жамғармаси ҳамда Ўшдаги Қирғиз-Ўзбек университети тарафидан уюштирилган форумда Олий ўқув юртлари, мактаб, мактабгача тарбия муассасалари ходимлари, вилоят ва шаҳар маориф бошқармаси вакиллари ҳамда ўзбек миллий маданий маркази вакиллари иштирок этдилар.

Форум ташкилотчиларидан бири Қирғиз-Ўзбек универститети ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Айгул Наватова форум мақсади ҳақида мана буларни айтди:

- Форумнинг асосий мақсади ўзбек мактабларда таълим жараёнини яхшилаш бўлиб ҳисобланади. Маълумки, ўзбек мактабларида ўқитувчилар етишмайди. Мавжудлари эса билим беришда янги, инновацион услубларни яхши ўзлаштирмаганлар.

Ушбу форум “Билим олишга тенг имконият” лойиҳаси доирасида ўтказилмоқда. Лойиҳа эса уч дастур бўйича олиб борилади.

Биринчиси, “Танқидий тафаккур лабораторияси” деб аталиб, лойиҳа асосида 60 нафар тренер тайёрланади, ўқитувчилар учун услубий ёрдам сифатида 300 дан ортиқ турли қўлланмалар чоп этилади.

Иккинчи дастуримиз “қадам-бақадам” деб аталади. Унда мактаб таълим жараёнида барча нарсалар асосан ўқувчига қаратилиши кераклиги ўргатилади.

Сўнгги - учинчи дастуримиз эса мактабнинг бошқарув тизимини ривожлантиришга қаратилган бўлади, деди Айгул Наватова.

Мазкур форумни ўтказиш бўйича ташббус кўрсатган “Таълимий ташаббусларни қўллаш” жамғармасининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича менежери Сергей Макаров таълим соҳасида талаблар ўзгараётган бир пайтда Қирғизистондаги ўзбек мактаблари бу соҳада оқсаётганини айтди:

- Бугунги кунда ўзбек мактаблари билим беришда инновацион дастурлардан йироқлашиб кетган. Яъни ўқув жараёнида танқидий тафаккур, боланинг дастлабки ривожланиши дастурлари деярли йўқ.

Мактабни бошқариш технологияси қўллаш ҳам жуда суст ўзбек мактабларида. Мамлакатда вазият ўзгараётган бир пайтда мактаб ҳам талаб даражасида бўлиши керак, деди Сергей Макаров.

Бироқ форумнинг бошқа бир иштирокчиси – Қирғиз-Ўзбек университети аспирантура бўлимининг бошлиғи, педагогика фанлари номзоди Барно Абдулҳамидова ўзбек мактабларида ишловчи ўқитувчиларнинг малакаси талаб даражасида экани, ўзбек мактабларида бундан-да муҳимроқ муаммолар мавжудлигини айтади:

- Ўзбек мактаблари ўқувчиларига ўз она тилидаги дарсликларнинг етишмаётгани биринчи даражали масаладир.

Иккинчи муаммо - малакали ўқитувчиларнинг етишмаслиги. Малакали ўқитувчиларимиз бор, бироқ маошнинг озлиги туфайли уларнинг мактабни тарк этиб, бошқа касбга ўтиб кетаётганлиги таълим-тарбия соҳасига катта таъсир кўрсатади, дейди Барно Абдулҳамидова.

Суҳбатдошимизга кўра, мактабларда таълим жараёнининг оқсаётганига кўп ота-оналарнинг пул топиш учун узоқ юртларга кетиши ҳам сабаб бўлаяпти.

- Иқтисодий қийинчилик сабабли кўплаб ота-оналар чет элга ишлагани кетган. Болалар эса катта оталари ёки қариндош уруғининг қарамоғида қолаяпти.

Менимча, ота-она уйида бўлса, бола ота-онаси билан бирга яшаб, бирга дарс тайёрласагина натижа кўнгилдагидек бўлади, деб ҳисоблайман, дейди Барно Абдулҳамидова.

Қирғизистон жанубидаги ўзбек мактаблари учун бу каби форумлар бир неча йиллардан буён уюштириб келинади, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам кутилганидек натижа бермаган.

Жалолобод вилояти Новкен туманидаги 29-ўрта мактаб директори Пўлатбек Саримсоқов бу борада мана буларни маълум қилди.

- Бизнинг мактаб 2004 йилдан бошлаб “Пикс” лойиҳаси бўйича кластер мактаб бўлиб ҳисобланарди. Ўқитувчиларимиз лойиҳа доирасида рус ва қирғиз тилларида ўз малакаларини оширган.

Лекин олган билимлари етарли бўлмади, негаки тилни яхши билмагани боис ўқитувчиларимизнинг тайёргарлиги ҳам яхши бўлмаган, деди Пўлатбек Саримсоқов.

Унга кўра, шундан сўнг Новкен мактаби ўқитувчилари Жалолобод ўзбек миллий-маданий маркази билан ҳамкорликда “ўзбек мактабларини ривожлантириш бўйича” ўзбек ўқитувчиларига алоҳида лойиҳа ташкил қилиш таклифи билан ЮСАИД жамғармасига мурожаат қилганлар.

- Мазкур форум бизнинг илтимосимизга биноан ўтказилаяпти ва бу ўқитувчиларимиз учун катта имкониятдир, деди Пўлатбек Саримсоқов.
XS
SM
MD
LG