Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:16

Қирғиз фуқаролари ўзбек махфий хизматидан қўрқиб яшамоқда


Ўзбекистонлик тартиб посбонлари баъзан девор оша қўшни мамлакатга ўтиб, қирғизистонликларни тутиб кетаётгани қирғиз расмийлари ва жамоатчилигининг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистонлик тартиб посбонлари баъзан девор оша қўшни мамлакатга ўтиб, қирғизистонликларни тутиб кетаётгани қирғиз расмийлари ва жамоатчилигининг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Сўнгги бир ой ичида Қирғизистоннинг икки фуқароси ўзбек расмийлари томонидан ҳибсга олинган, улардан бири куппа-кундуз ўз мамлакатидан ўғирлаб кетилган.

Ўзбекистон қамоқхонасига ташланган икки қирғизистонлик ҳақида Озодликка Ташқи ишлар вазирлигининг Жалолобод вилоятидаги вакили Замирбек Садиров гапириб берди.

Унинг айтишича, 12 январ куни Андижон вилоятидаги Хонобод чегара пункти аскарлари Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманига ўтиб, Қирғизистон фуқароси Камолиддин Абдураҳмоновни автомашинаси билан бирга Ўзбекистон ҳудудига олиб ўтиб кетганлар.

- Сузоқ туманининг Янгиер участкасида Қирғизистон фуқароси, 1985 йилда туғилган Камолиддин Отакелдиевич Абдураҳмоновни ўзбек чегарачилари Ўзбекистонга олиб кетганлар. Уни чегарани ажратиб турувчи тиконли симларни ўғирлаганликда айблаганлар.

25 январ куни эса Қирғизистон чегара хизматининг собиқ полковниги Қирғизали Атантаев Наманган вилояти Учқўрғон туманида ўзбекистонлик дўсти билан қаҳвахонада гурунглашиб ўтирганида миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган. Унга чегарадан ноқонуний ўтган, дея айб қўйганлар.

Бу айбловлар нақадар асосли экани ҳозир Қирғизистон томонига номаълум, деди Замирбек Садиров.

Ташқи ишлар вазирлиги ходимининг айтишича, Ўзбекистон қамоқхонасида сақланаётган бу фуқароларни озод қилиш учун барча дипломатик чоралар ишга солинмоқда.

- Ташқи ишлар вазирлиги чегара хизмати билан ҳамкорликда барча дипломатик каналлар, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси орқали қўлга олинган фуқароларимизни озод қилиш чора-тадбирларини кўраётир, деди Замирбек Садиров.

Унинг айтишича, 2008 йилнинг ўзида Жалолобод вилоятида яшовчи тўрт фуқаро Ўзбекистонда қамоққа олинган.

Чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айбланган Ҳабибулла Абдураҳмонов Ўзбекистон суди томонидан олти йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Аммо орадан олти ой ўтгач, амнистия тушиб озод қилинган. Унинг турмуш ўртоғи маъмурий жавобгарликка тортилган.

Ўзбекистонда қўлга олинган қирғизистонлик икки милиционер эса иккита автоматга алмаштирилган. Бу автоматлар Қирғизистоннинг Новкен туманига ноқонуний тарзда ўтган ўзбек чегарачиларидан тортиб олинган эди.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдумалик Шарипов Ўзбекистоннинг Андижон ва Наманган вилоятлари билан чегарадош бўлган Жалолободда бундай воқеалар тез-тез такрорланиб туришини, бунга эса қирғиз ҳукумати ўз фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаётгани сабаб бўлаётганини айтди.

Қирғизистон Омбудсмени ўринбосари Амат Мўмуновнинг Озодлик мухбирига билдиришича, айни пайтда Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган қирғиз фуқаролари сони ҳақида аниқ маълумот йўқ.

- Қамалиб қолганлар бўйича маълумот йўқ. У ерда қандай система эканини биласиз-ку. Бу мавзу улар учун ёпиқ экан.

Шунинг учун Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қирғизистонликлар сони ҳақида аниқ маълумот йўқ, деди Омбудсмен ўринбосари.

Унинг айтишича, Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган айрим қирғизистонликлар изсиз йўқолган:

- Икки ҳамюртимизни Ўзбекистонга олиб чиқиб кетишган. Уларнинг қаерда экани номаълум. Бизга уларни махсус хизматлар олиб кетган, деган маълумот келган.

Биз Ташқи ишлар вазирлиги, махсус хизматларимиз, Тошкентдаги элчихонамиз ва Ўзбекистон Омбудсмени ҳамкорлигида ҳам уларни қидириб топа олмадик.

Сўнгги мурожатларимизга эса умуман жавоб ололмадик, деди Қирғизистон Омбудсмени ўринбосари Амат Мўмунов.
XS
SM
MD
LG