Линклар

logo-print

Тошкент дипломатлари раҳбари Жакартада

  • Садриддин Ашур

Ҳозирга қадар устивор вазифаси Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи ва АҚШ билан муносабатларини юмшатиш бўлиб келган Владимир Норовнинг Шарқ пойтахтларига сафари кўп учрайдиган ҳодиса эмас.

Ҳозирга қадар устивор вазифаси Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи ва АҚШ билан муносабатларини юмшатиш бўлиб келган Владимир Норовнинг Шарқ пойтахтларига сафари кўп учрайдиган ҳодиса эмас.

Ўзбекистон - Ғарб муносабатларидаги музлик ҳали батамом эришдан йироқ бўлиб турган бир кезда¸ Тошкент Шарқ давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантиришга уринмоқда.

Шу кунларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Индонезияга сафар қилмоқда.

Сафар тафсилотларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги билан боғланганимизда¸ бутун ошлик вазирликда бу ҳақда ахборот берадиган мутасадди топилмади.

Регнум ахборот агентлиги хабарига кўра, бу сафардан асосий мақсад Ўзбекистон Президентининг шу йил Индонезияга қиладиган ташрифига тайёргарлик кўришдир.

Владимир Норов Жакартада ўз ҳамкасби билан музокаралар олиб боради ва бир қатор икки томонлама ҳужжатларни имзолайди. Шундай ҳужжатлардан бири, божхона соҳасида ҳамкорлик қилиш ҳақидаги келишувдир.

Хўш, Ўзбекистон билан Индонезия ташқи сиёсатининг бир-бирига қандай ўхшаш томонлари бор? Нега Ўзбекистон Шарқ давлатлари орасида Индонезия билан алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда?

Биз ана шу савол билан собиқ дипломат, сиёсатшунос Алишер Таксановга мурожаат қилдик.

- Эслаб кўринг, Индонезия 30 йил Сухарто бошчилигидаги авторитар давлат бўлиб келди. Бу эҳтимол¸ Ўзбекистон давлати ва ҳукуматига ёқадиган ўзига хос ориентир ҳам бўлиши мумкин.

Иккинчи томондан, Андижон воқеаларидан кейин ҳали Европа Ўзбекистонга ўз эшикларини тамоман очгани йўқ. Албатта¸ шундан келиб чиқиб¸ Ўзбекистон Шарқда янги йўналишлар, янги бозорлар қидирмоқда, дейди Алишер Таксанов.

Собиқ дипломат фикрича, албатта¸ Ўзбекистон Шарқ давлатлари билан алоқаларни мустақилликнинг биринчи йилларидан бошлаб йўлга қўйиши керак эди. Чунки Шарқда ҳам ривожланган давлатлар анчагина.

- Биласизми, Ўзбекистонни барча дунёвий жараёнлар сал четлаб ўтмоқда. Масалан “Биз Марказий Осиё юрагимиз, барча сиёсат биз билан ҳамкорликда ҳал қилинади”, деган гаплар кўп айтилади. Бу ҳаммаси ёлғон.

Аслида барча давлатлар, сиёсати очиқ бўлган, инвестиция киритиш хавфсиз бўлган давлатлар билан ҳамкорлик қилади. Лекин Ўзбекистон Марказий Осиëда инвестиция иқлими энг ёмон бўлган давлат ҳисобланади. Шунинг учун ҳам чет эл капитали бу ердан қочади.

Масалан, Халқаро валюта фонди 2001 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетганича¸ ҳали ҳам қайтгани йўқ. Мана шу хулосалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Шарқ давлатлари билан ҳамкорлик ўрнатишга ҳаракат қилмоқда, дейди Алишер Таксанов.

Ўзбекистон Индонезия билан алоқаларни Ислом Каримов расмий ташриф билан Жакартага борган 1992 йили ўрнатган эди.

1995 йилда эса Индонезия президенти Сухарто Тошкентга келган эди. Лекин шундан сўнг алоқалар деярли ривожланмади.

2007 йилда Ўзбекистонга Индонезия парламенти раиси Лаксоно келди. Ўзбекистон Индонезия билан, савдо-иқтисодий, дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG