Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:14

Исроил: Нотугал сайлов


Исроил сиëсатини белгилайдиган янги ҳукуматни тўрт партия раҳбаридан қай бирининг ўзаро иттифоқлаша олиши белгилайди.
Исроил сиëсатини белгилайдиган янги ҳукуматни тўрт партия раҳбаридан қай бирининг ўзаро иттифоқлаша олиши белгилайди.

Исроил парламент сайловларида икки асосий рақиб партия сезиларли устунликка эриша олмагач¸ уларнинг иккаласи ҳам эндиликда ўзига иттифоқчи топиш мажбурияти остида қолди.

Сайловларнинг дастлабки натижалари¸ Исроилда коалицион ҳукумат тузиш учун парламентдаги партиялар ўртасида узоқ ҳафталарга чўзиладиган музокаралар жараëни бошланганидан даракчи бўлди.

На ташқи ишлар вазири Ципи Ливни етакчилигидаги Кадима партияси ва на собиқ бош вазир Бенямин Нетаняҳунинг ўнг-қанот Ликуд партияси 120 кишилик Кнессетдаги аксарият ўринларни эгаллашга муваффақ бўлди.

Қарийб якуний даражага етиб қолган овозларни санаш натижасига кўра¸ Кадима парламентдаги 28 ўринни¸ Ликуд эса¸ 27 ўринни эгаллади.

Нетаняҳунинг собиқ эркаси Авигдор Либерман бошчилигидаги ашаддий миллатчиларнинг Исроил Бейтейну – Исроил бизнинг уйимиз партияси сайловларни учинчиликда якунлаб¸ 15 ўринни қўлга киритди.

Кейинги ўн йиллар давомида Исроилда ҳукмрон партия бўлиб келган Мудофаа вазири Эҳуд Барак етакчилигидаги сўлга оғувчи Меҳнат партияси¸ бор-йўқ 13 депутатлик ўрнини қўлга киритди.

Ҳатто ўзаро иттифоқ тузиш эҳтимоли энг юқори бўлган партияларни бирга қўшганда ҳам¸ на Кадима ва на Ликуд парламентдаги кўпчилик мақомига даъво қила олмайди.

Айни пайтда¸ ўнг қанот¸ диндор партиялар Кнессетдаги 65 ўринни эгаллаган ҳолда¸ марказ-сўлчи ва араб партиялари вакиллари жами 55 ўрин қозондилар.

Сиëсий таҳлилчиларга кўра¸ Исроил бизнинг уйимиз партияси қўлга киритган 15 ўрин¸ Нетаняҳуга ўз иттифоқчиси ëрдамида тезроқ коалицион ҳукумат тузиш имконини беради.

Аммо яҳудий диндор партияларининг Либерман билан иттифоқчилик қилишни истамаëтганлари¸ Ликуд партиясини ўзига бошқа иттифоқчи қидиришга мажбур қилиши мумкин.

Сайлов дастлабки натижалари аëн бўлиши билан Нетаняҳу¸ ўзининг ҳам Исроил хавфсизлигини таъминлай оладиган¸ ҳам глобал иқтисодий бўҳрон оқибатлари билан кураша оладиган кенг кўламли барқарор коалицион ҳукумат туза олишига ишончи комиллигини билдирди.

- Мен¸ албатта¸ аввал ваъда қилганим каби дастлаб миллатчилар лагеридаги табиий иттифоқчиларимизга мурожаат қиламан. Мен бу партиялар раҳбарлари билан бу оқшомнинг ўзидаëқ гаплашиб бўлдим. Биз Исроил давлатининг янги ҳукуматини тузиш борасидаги музокараларни эртадан бошлашга келишиб олдик¸ деди Нетаняҳу.

Арабларга қарши кайфият оловига мой қуйиш билан ном қозонган Исроил бизнинг уйимиз партияси етакчиси Либерман¸ ҳозирча ҳам Кадима¸ ҳам Ликуд билан иттифоқчилик борасидаги сўзлашувлар имкони борлигига ишорат қилди.

Ўз тарафдорлари олдида қилган чиқишида Либерман¸ Исроилда ўнгчилар ҳукумати ўрнатилиши лозимлиги¸ бироқ бирор бошқа партиянинг бу жараëндан четда қолмаслигини таъкидлади.

- Мен партиямиз аҳамиятининг ошганидан¸ бизнинг Исроил давлатидаги учинчи йирик партияга айланганимиздан бахтиëрман¸ деди Либерман.

Айни пайтда¸ Кадима раҳбари Ципи Ливни¸ ўз партиясининг сайлов ғолиби эканини эълон қилди.

- Бу оқшом¸ мен Бенямин Нетаняҳуга мурожаат қилмоқчиман. Сайлов куни белгиланишидан аввал сизга Исроил давлати олдида турган муаммоларни бирга ҳал этиш учун менинг раҳбарлигимдаги бирлик ҳукуматига қўшилишни таклиф қилган эдим. Аммо сиз буни рад этдингиз ва буни одамлар ҳал қилсин¸ одамлар ўз сўзини айтсин¸ дедингиз. Бугун одамлар ўз сўзини айтди ва бу Кадима¸ деди ташқи ишлар вазири Ципи Ливни.

Ҳозирча минглаб Исроил ҳарбийлари берган овоз саналмаган ва пайшанба куни ниҳоясига етадиган бу саноқ жараëнида¸ қайсидир партия яна бир ëки икки ўрин қозониши мумкин.

Эндиликда Исроил президенти Шимон Перес бир ҳафта ичида Кадима ëхуд Ликуд раҳбаридан бирига¸ коалицион ҳукумат тузиш борасида илк уриниш бошлаш тўғрисида буйруқ беради.

Исроил сайловлари натижасида мамлакатда қандай коалицион ҳукумат тузилишидан қатъий назар¸ кузатувчилар фикрича у ¸ фаластинликлар билан тинчлик музокараларига кўп ҳам ошиқмайди.

Бу эса Исроилда¸ Яқин Шарқда тинчлик ўрнатишни ўз устивор вазифаларидан бири қилиб белгилаган АҚШ президенти Барак Обама билан ҳамкорликдан кўра кўпроқ зиддиятга борадиган ҳукумат тузилди¸ деганидир.
XS
SM
MD
LG