Линклар

logo-print

Швеция яна бир "ваҳобий "га бошпана берди

  • Ҳурмат Бобожон

Россия ҳуқуқ ҳимоячилари ва БМТ қочқинлар идораси саъй-ҳаракатлари натижасида яна бир ўзбекистонлик диндор ўз ҳаëти таҳлика остида турган Россияни тарк этишга муваффақ бўлди.

Россия ҳуқуқ ҳимоячилари ва БМТ қочқинлар идораси саъй-ҳаракатлари натижасида яна бир ўзбекистонлик диндор ўз ҳаëти таҳлика остида турган Россияни тарк этишга муваффақ бўлди.

Аввалига Ўзбекистон¸ сўнгра Россияда таъқибга учраган қорақалпоғистонлик имом Муҳаммадсолиҳ Обутов узоқ уринишлар сўнггида Швециядан сиёсий бошпана топди.

Муҳаммадсолиҳ Обутов узоқ йиллар Қорақалпоғистондаги масжидлардан бирига имомлик қилган.

1996 йили ваҳҳобийликда айбланиб¸ саккиз йил Ўзбекистонда қамоқхона азобларини бошдан кечирган.

Қамоқдан чиққач Россияга қочиб у ерда ҳам қамалиб чиққан Обутов¸ ниҳоят Швециядан бошпана топди.

Бу ҳақда Москвадаги "Мемориал" инсон ҳуқуқлари марказининг Марказий Осиё дастури раҳбари Виталий Понаморëв маълум қилди.

- Обутовга қочқинлик мақоми берилгани ва Швеция уни қабул қилишга рози бўлганига анча бўлди. Унинг Россиядан чиқарилмаётганига бошқа сабаб бор эди. Россия ташқи ишлар вазирлиги қочқинларни учинчи давлат қабул қилишга розилик берган бўлса ҳам¸ уларнинг паспортларида чиқиш визалари бўлмаса¸ мамлакатдан чиқармаётган эди.

Обутовда эса нафақат чиқиш визаси, балки паспорти ҳам йўқ эди. У 2007 йилда Россияда ўзбек махсус хизмати ходимлари тарафидан ушланиб¸ Россия ҳуқуқ тартибот идоралари қўлига топширилган пайт паспорти йўқолиб қолган эди. Шунча қийинчиликларга қарамай¸ Обутовнинг Швецияга етиб олганидан биз жуда хурсанд бўлдик, дейди Понаморëв.

Ўзбекистонлик диндор Муҳаммадсолиҳ Обутов 2007 йилнинг 13 июнида Россия ҳудудида Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон бўлимида ишлайдиган 4 ходими томонидан ушланган ва Красногорск вилоятида ички ишлар бошқармасига топширилган эди.

У орадан қарийб бир йил ўтгач - 2008 йилнинг 31 майидагина қўйиб юборилди. Ўшанда Обутов ўзбек махсус хизмати ходимлари ўзини ўғирлашга уриниб кўрганини билдирган эди.

- 13 июн куни миллати қорақалпоқ бўлган МХХ ходимлари Красногорскда мени ушлашди ва шу тумандаги КПЗга қамаб қўйишди. Шу билан у ëқда 15-20 кун ўтирдим. Хуллас улар ҳеч қаëққа хабар бермасдан¸ мени жимгина олиб кетишмоқчи эди. Лекин бу ердаги аëлим ва жиянларим телефон қилиб¸ мана шу билан ўтирибмиз¸ деган эди Муҳаммадсолиҳ Обутов.

40 яшар қорақолпоғистонлик имом Муҳаммадсолиҳ Обутов 90- йиллар ўрталарида Ўзбекистонда Жиноят кодексининг 159, 244/1 ва /2 моддаларига кўра, конституциявий тузумга тажовуз қилиш, таъқиқланган диний ташкилот тузишда айбланган ва Навоий вилоятидаги қамоқхонада 8 йил жазо муддатини ўтаган.

Жазо муддатини ўтаб чиққанидан кўп ўтмай эса уни қамоқхонада таъқиқланган диний ташкилот тузганликда айблашган эди. Обутов ана шу айбловдан сўнг Россияга кетишга мажбур бўлган ва у ерда ҳам таъқибдан қутулмай, бир йил тергов изоляторида ўтириб чиққан.

- Унга қўйилган айблов шундан иборатки, Обутов гўёки қамоқда ўтказган саккиз йиллик давр мобайнида таъқиқланган диний ташкилотга асос солган, маҳбусларни нотўғри ғояларга ўргатган эмаш. Гап ўн йил аввалги ҳолатлар ҳақида борар экан нимага булар ҳақда ўшанда гапирилмади, энди гапириляпти, дейди “Мемориал” вакили Виталий Понаморëв.

Муҳаммадсолиҳ Обутов узоқ йиллик таъқиблардан сўнг БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлик бошқармасидан қочқинлик мақомини олишга муваффақ бўлди. Аммо Россияда Обутов учун Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш хавфи бўлгани боис шу йил январ ойида Украинага ўтиб кетишга мажбур қолди.

Россиядаги қочқинлар ҳуқуқлари билан шуғулланувчи "Фуқаровий кўмак" ташкилоти раҳбари Елена Рябининанинг айтишича, Россия ҳали ҳам қочқинлар учун хавфли давлат бўлиб қолмоқда.

- Муаммо шундан иборатки, мен қайтариб айтаман¸ ўзбекистонлик қочқинларнинг бошпана¸ ёки учинчи давлатга ўтиш учун Россияни танлашлари нотўғри.

Биринчидан¸ Россия ҳудудларида ўзбек махсус хизматлари бемалол юришибди. Улар қочқинларни ўғирлашаяпти, россиялик ҳамкасблари билан уларнинг Ўзбекистонга қайтарилишига эришишаяпти.

Иккинчидан, ўзбек қочқинлари чиқиш визаларининг йўқлиги сабаб чиқарилмаяпти, гарчи улар учинчи давлат тарафидан қабул қилинган бўлсалар-да. Яъни ҳар икки томондан ўзбек қочқинлари Россияда сиқув остида қолган, дейди Елена Рябинина.
XS
SM
MD
LG