Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:42

Ўзбекистонда Омбудсманни кўрган борми?


Кузатувчиларга кўра¸ оддий ўзбекистонликлар мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиши лозим Омбудсман деган идоранинг борлигиниям¸ унинг қайда¸ нима иш қилишиниям яхши билмайди.
Кузатувчиларга кўра¸ оддий ўзбекистонликлар мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиши лозим Омбудсман деган идоранинг борлигиниям¸ унинг қайда¸ нима иш қилишиниям яхши билмайди.

Қонунга кўра¸ мамлакатдаги инсон ҳақларини ҳукуматдан мустақил тарзда ҳимоялаши лозим бўлган Ўзбекистон Омбудсмани идорасига ҳеч ишингиз тушганми? Яхшиси¸ сира тушмасин...

2008 йили Ўзбекистон республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили –Омбудсман фуқаролардан тушган 9962та аризани кўриб чиқди. Бу маълумот Олий Мажлис Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлар бўйича комиссиясининг куни кеча ўтказилган мажлисида эълон қилинди.

"Мажлисда ҳисобот маърузаси билан чиқиш қилар экан, Омбудсман Сайёра Рашидова ўтган йили келиб тушган 9962 та аризадан 5383 таси вилоятлардан, 69 таси аҳлоқ тузатиш муассасаларидан олинганини, 2370 киши такроран мурожаат қилганини маълум қилди", дейилади расмий маълумотларда.

Ўзбекистонликлар Омбудсманга мурожаат қилар экан, уларнинг арз-ҳоллари, асосан, қандай масалалар билан боғлиқ?

Қайси вилоятдан кўпроқ, қайсинисидан озроқ ариза тушди?

Нима учун йил давомида келиб тушган 9962 та аризанинг қарийб ярми фақат Тошкент шаҳрига тўғри келди?

Нима учун 2370 киши такроран мурожаат қилди? Бир мартада масаласини ечиб беришга Омбудсман ожизлик қилаяптими?

Шу ва шунга ўхшаш саволларимизга жавоб олишга икки кун уриндик. Омбудсман идорасининг ўзини таништирмаган хушмуомала ходими узоқ чайналганидан сўнг кейинроқ сим қоқишимиз мумкинлигини айтди-ю¸ шу билан телефонларини узди-қўйди.

Биз бошқача йўл тутишга қарор қилдик .....ва мавзу ўзгариб кетди.

Ҳа, айтганча, Омбудсман идорасининг бир ходими жавоб берди. Фақат бу ҳақда кейинроқ айтамиз.

Ўзгариб кетган мавзу будир: оддий ўзбекистонликнинг Омбудсманга мурожаат қилиб, муаммосини ҳал қилиши осонми?

Бунинг деярли иложи йўқ, деган хулосага келдик, мазкур идоранинг вилоятлардаги ваколатхоналари билан боғланишга уриниб.

Андижон давлат тиббиёт институти ректори Мамазоир Хўжамбердиев Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги вакили.

Жаноб Хўжамбердиевга телефон қилдик.

Озодлик: Бу Мамазоир ака Хўжамбердиевми?

- Бу офисию¸ аммо ҳозир бу киши бу ерда ўтирмайди. Кейин у киши Андижон давлат тиббиëт институтининг ректори.

Асосий иш жойига телефон қилдик.

Озодлик: Домла яхшимисиз?

- Раҳмат.

Озодлик: Бу Мамазоир ака Хўжамбердиевми?

- Йўқ¸ Мамазоир Аҳмедович йўқ эди.

Озодлик: Мен у кишининг Омбудсманлиги бўйича телефон қилаëтган эдим. Омбудсманга сизнинг алоқангиз йўқми?

- Йўқ алоқам йўқ.

Қўлимизда Омбудсманнинг вилоятлардаги вакиллари рўйхати. Уларнинг мутлақ ҳаммаси "остонаси баланд" давлат идораларининг соҳиблари.

Қорақалпоғистонники республика Конституциявий назорат қўмитаси раиси, Сурхондарёники Давлат мулк қўмитаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи, Сирдарёники ўрта-махсус ва профессионал таълим бошқармаси бошлиғи; ректорлар, проректорлардир Омбудсманнинг вилоятлардаги вакиллари.

Баъзи вилоятлардаги вакилларнинг эса, асосий иш жойини ўзгартирганига анча бўлган, уларни шу кунда қаердан топиш мумкинлигини собиқ ҳамкасблари ҳам билмайди. Масалан, Хоразмдаги вакил Марат Юсуповни.

Озодлик: Ало¸ ассалому алайкум. Марат Матëқубович билан гаплашсам бўладими?

- Ҳа улар бўшадиларку.

Озодлик: Ҳозир у киши қаерда ишлаяпти?

- Ҳозир билмайман.

Омбудсманнинг Сурхондарё вилоятидаги вакилининг ҳам шу кунда қаерда ишлашини собиқ ҳамкасблари билмайди.

Озодлик: Бу Сурхондарë вилоятими?

- Сурхондарë вилояти давлат мулк бошқармаси.

Озодлик: Муҳиддин Ўроқович билан гаплашсам бўладими?

- Акажон кечирасиз. Муҳиддин ака ўтган йили ишдан кетган эдилар. Шу билан Омбудсман ҳам шу киши билан кўчиб кетди. Лекин қаерга кетганларининг адресларини билмаймиз. Бу бўйича бизга ҳеч қандай маълумот ташлаб кетмаганлар. У кишини деярли бир йил бўлди¸ кўрганимиз ҳам йўқ.

Озодлик: Сиз Омбудсманга ишингиз тушиб қолса нима қиласиз? У кишини қандай топасиз?

- Биринчидан тушмасинку¸ энди билмадим. Уйини биламиз¸ уйига борсак керак.

Уйини билмаганларчи?

Омбудсманнинг мутлақ барча вилоятлардаги вакиллари билан боғланишга уриндик. Иш вақти бўлганига қарамай, биронтасини ҳам топиб бўлмади.

Биргина Сирдарё вилоятидаги вакилнинг ёрдамчиси билан гаплаша олдик. У кишидан сўрадик.

Озодлик: Омдбудсман 9962 кишининг аризасини кўриб чиқибди. Шу муносабат билан сизларга битта савол бермоқчи эдим. Шу аризалардан қанчаси Сирдарë вилоятига тўғри келди?

Ёрдамчи бироз ҳужжатларини ўрганиб чиққач, жавоб берди:

- 2008 йил давомида 42 мурожаат келиб тушган.

Озодлик: Бу вилоят бўйича шундайми?

- Ҳа¸ вилоят бўйича.

Озодлик: Одамлар асосан қандай идоралар¸ қандай шахсларнинг устидан арз қилишади? Одамларни нима қийнаяпти?

- Асосан уй-жой ва коммунал хизмат билан боғлиқ масалалар.

Озодлик: Уй-жой билан боғлиқ масалалар деганда қандай тушуниш керак? Уларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқини ҳокимият вакиллари бузганми ëки милиция бузганми? Нима деб мурожаат қилишади?

- Коммунал хизмат кўрсатишдаги муаммолар бўйича.

Озодлик: Мана ариза келиб тушди. Сизлар уни қандай ҳал қиласизлар?

- Бу масала бўйича Рустам аканинг ўзи билан маслаҳатлашинг.

Омбудсманнинг Сирдарё вилоятидаги вакили Рустамбек Турдиевнинг ўзини Алишер, деб таништирган ёрдамчиси берган телефонга қўнғироқ қилдик. Телефонини вакил очмади.

Эътибор беринг: Омбудсманнинг ҳисоботида, 2008 йили вилоятлардан ҳаммаси бўлиб 5383 та ариза тушгани айтилган. Бу рақам 12та вилоятга бўлинса, ҳар бир вилоятга ўртача қарийб 450тадан ариза тўғри келади.

Сирдарё вилоятида эса, ҳозир эшитганингиздай, 42 та ариза тушибди. Ўртача кўрсаткичдан 10 марта оз.

Бундай тафовутнинг сабаби турлича бўлиши мумкин: ё Сирдарёдаги вакил яхши ишламайди ва одамлар тўғри Тошкентга боради арз қилиш учун, ёки Омбудсман Сайёра Рашидовага қўл остидаги ходимлари нотўғри информация берган.

Мақоламизни бошлаётиб Омбудсманнинг Тошкентдаги бош қароргоҳи ходимларидан бири охир-оқибат телефон гўшагини кўтарди, деган эдик. Кўтарилган телефон Омбудсманнинг "ишонч телефони", деб эълон қилинган.

Озодлик: Ало¸ ассалому алайкум.

- Ассалому алайкум.

Озодлик: Бу Омбудсманнинг ишонч телефоними?

- Пост милицияси¸ эшитаман.

Озодлик: Тушунмадим?

- (баландроқ овозда) Пост милицияси¸ эшитаман.

Озодлик: Ҳа¸ Омбудсманнинг пост милициясими?

- Ҳа¸ҳа.

Демак, Омбудсманнинг "ишонч телефони"га қўнғироқ қилган оддий ўзбекистонлик милиционернинг "қўлига тушар" экан.

Мақоламизни шу жойда тугатиб қўйсак ҳам бўлар эди.

Сиз тингловчи, "воҳ!", дер эдингиз, "қаранга!", дер эдингиз.

Лекин бундай қилсак, постда турган милиционерга жабр қилиб қўйган бўламиз. Чунки кейин милиционер билан ўртамизда мана бу гап ҳам бўлиб ўтди-да:

Озодлик: Бу номер интернетда “ишонч телефони” деб берилганда.

- Шу номер берилган. Сиз ҳозир 239 82 07 га телефон қилинг. Бу хатлар бўлими. Ўша ерга мурожаат қиласиз.

Озодлик: Фуқаролар телефон қилса ҳар доим сиз кўтарасизми?

- Бу номер бизларга берилган. Фақат мана шу пост олади.

Демак, Омбудсманнинг "ишонч телефони"ни фақат милиция ходими кўтаради. Каминанинг мухбир эканлигимни билдирганим учундир балки, милиционер "эриб" бошқа телефонни берди. Эримасачи?

Ҳай, 239 82 07 га қўнғироқ қилдик.

(узоқ вақт гудок кетди ва телефон гўшагини ҳеч ким кўтармади)
XS
SM
MD
LG