Линклар

Ўзбек аёллари кўчма туғруқхонага эга бўлдилар


Корея соғлиқни сақлаш жамғармаси ўзбекистонлик тиббиётчиларга хавфсиз туғруқ учун зарур замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган автомобиль совға қилди. Бу ҳақда stan.tv ахборот портали хабар қилади.

Эндиликда кўчма туғруқхона шифокорлари республика вилоятлари бўйлаб ҳомиладор аёлларни кўрикдан ўтказиб юриш, лозим бўлиб қолганда эса аёлларни шу автомобилнинг ўзида туғдириш имконига эга бўладилар.

Чинакам клиникани эслатадиган бу автомобилда УЗИга тушиш ёки кардиограмма олиш мумкин. Унда кислород етказиб берувчи аппарат ва инкубаторни ўз ичига олган жарроҳлик бўлмаси, ҳатто янги туғилган чақалоқлар ётқизиладиган столча бор.

Кўчма клиникада ишлаш учун терапевт, доя-гинеколог, болалар шифокори (педиатр) ва ҳамширадан иборат бригада ташкил қилинган. Бу мутахассислар Кореяда малака ошириб қайтишлари кутилаяпти.

2009 йилда кўчма клиника Тошкент вилояти бўйича ўзининг дастлабки сафарини бошлайди. Кейинроқ эса кўчма туғруқхона бошқа вилоятларга йўл олади.
XS
SM
MD
LG