Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:24

"Аввал мактаб, кейин эътиқод"


Масжидларга фақат балоғатга етгандан кейин боришни тавсия қилаётган ўзбек расмийлари Исломдаги болиғликни (ўғил болалар 12 ёшдан) назарда тутаяптиларми ёки дунёвий балоғатни (18 ёш) назарда тутаяптиларми - бунга аниқлик киритмаяптилар.
Масжидларга фақат балоғатга етгандан кейин боришни тавсия қилаётган ўзбек расмийлари Исломдаги болиғликни (ўғил болалар 12 ёшдан) назарда тутаяптиларми ёки дунёвий балоғатни (18 ёш) назарда тутаяптиларми - бунга аниқлик киритмаяптилар.

Андижонлик ота-оналар мактабда ўқийдиган фарзандларини масжидга юбормаслик, интернет-кафе ва ўйин клубларига боришларини таъқиқлаш тўғрисида тилхат ёзишга мажбур қилинаяпти.

Андижонлик Абдуғафур Дадабоев айни кўринишдаги тилхатни мактаб маъмурияти билан ота-оналар ўртасидаги шартномага ўхшатади.

- Типовой форма қилишиб¸ ота-оналарга тарқатишиб¸ болаларининг компьютерларга бормаслиги¸ мактабнинг шартларини қўйиб¸ ота-оналарга вазифа қилиб топшираяпти.

Ўшанга кейин қўл қўйишиб¸ “Мен аввал билмаган эдим¸ хабарим йўқ эди” деган гап бўлмаслиги учун¸ ҳар битта боланинг делосига тикиб қўяяпти, дер экан Абдуғафур Дадабоев бу каби тилхатлар андижонлик ота-оналардан ёппасига олинаётганини айтади.

Uznews.net интернет нашрининг ёзишича, Андижон вилоят ҳокимлигидаги йиғилишлардан бирида вояга етмаган болалар ўртасида жиноятчилик ҳолатлари кўпаётгани айтилиб, дарс машғулотлари пайтида масжид ва ўйин клубларига бораётган ўқувчиларнинг назорат остига олиниши таъкидланган.

Андижон шаҳар мактабларидан бири директорининг айтишича, вилоятдаги барча мактаб директорлари бу борада махсус топшириқ олганлар.

Мактаб директори: Муҳокама қилинди бу масала. Ўқитувчилар билан маслаҳатлашиб¸ келишиб олдик. Режа ишлаб чиқдик. Шу режага асосан мактабда тадбирлар бўлаяпти. Ўқиш жараëни ҳам қаттиқ назоратга олинган.

Болаларнинг давомат масаласини текшириш бўйича ўқитувчилар томонидан гуруҳ ташкил қилинди. Ҳозир бир қанча тадбирлар тайëрланаяпти. Дарсдан кейин фан тўгаракларини жонлантириш масаласи кўтарилди.

Озодлик: Сизларнинг мактабда ҳам масжидга борадиган ўқувчилар борми?

Мактаб директори: Мен ҳозир шу нарсага мойиллиги бор ўқувчилар тўғрисида синф раҳбарларидан маълумот олдим. Ўқитувчилар “бизда бунақалар йўқ”, деди. Кичик даҳа бўлганлигимиз учун¸ балки қизиқувчилар йўқдир.

Лекин масжидга биз барибир рейд ташкил қилаяпмиз. Ўқитувчилар масжидга чиқишаяпти¸ қарашаяпти. Болалар бошқа мактабдан келган бўлса ҳам улар билан тушунтириш ишлари олиб борилаяпти.

Озодлик: Тушунтириш ишлари деганда нимани назарда тутаяпсиз?

Мактаб директори: Шу пайтда масжидда бўлмасдан дарсда бўлиши керак бўладиган бўлса¸ “дарсда бўлишингиз керак”, деб тушунтирилаяпти. Сен олдин вазифангни бажариб қўй¸ кейин диний эътиқодингни бажарасан.

Озодлик: Мактаб ўқувчилари дарс йўқ пайтида масжидга боришлари мумкинми?

Мактаб директори: Бизда балоғат ëшига етмаган болаларга масжидга бориш тавсия этилмайди. Балоғатга етгандан кейин бу масалага ëндошиши мумкинлиги тушунтирилаяпти.

Диний масалалар билан шуғулланувчи “Форум 18” халқаро гуруҳ фаоли Феликс Корлига кўра, Андижонда диндор ўқувчилар қаттиқ назорат остига олинган.

- Милиция, маҳаллий ҳокимликлар, миллий хавфсизлик хизмати, мактаб директорлари, халқ таълими бошқармалари ҳамкорликда диндор болаларни назорат остига олишган.

Жума намозларига қатнаётган болалар ва уларнинг ота-оналари тазйиқ остига олинаяпти, дейди Феликс Корли.

Аввалроқ Андижон вилоят диний ишлар бошқармаси ходими Озодлик билан суҳбатда диндор болаларга нисбатан ҳеч қандай босим йўқлигини таъкидлаганди.

- Бизда, алҳамдилуллоҳ, ҳамма ëқ эркин. Бизга диний бошқармамиз ëки Тошкентдаги мусулмонлар идораси томонидан болаларга чеклов эълон қилинган ëки бошқа гаплар йўқ.

Озодлик: Демак, мактаб ўқувчилар бемалол намоз ўқишлари¸ жума намозларига боришлари мумкин?

- Дарс вақтида эмас. Мактаб дастурларини ўзлаштирмай қолиш хавфи жуда кўп учраганлигидан мактаб ўқувчиларининг дарс вақтида дарсни ташлаб кетишининг олдини олиш.

Масалан, дарс вақтида дарсдан қочмаслик борасида тушунтириш ишларини диний ходимлар эмас¸ мактаб ўқитувчиларининг ўзлари олиб боришаяпти, деганди Андижон вилоят диний ишлар бошқармаси ходими.

Бироқ Феликс Корлига кўра, болаларнинг нафақат мактаб пайтида¸ балки таътил ёки дам олиш кунлари ҳам масжидга боришига қаршиликлар кўрсатилади.

Жаноб Корли Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида диндор ўқувчилар назорат остига олинганини айтиб, бу ҳолатни Каримов режимининг Ислом дини ривожланишини хоҳламаётгани билан изоҳлайди.

- Ўзбекистон ҳукуматининг болаларнинг ибодат қилиш учун масжидларга боришини ёқтирмаслиги кундай равшан.

Болаларга нисбатан кучли босимнинг мавжудлиги эса ҳукумат ёш авлоднинг диндор бўлишини хоҳламаслигидан. Шунинг учун ҳам намозхон болалар доимий назорат остида ушлаб турилади, дейди Феликс Корли.

АҚШ Диний эркинликлар қўмитаси ҳисоботида, Ўзбекистон диний масалалар борасида дунё бўйича алоҳида ташвиш уйғотувчи саккизта давлат қаторида тилга олинади.

Расмий Тошкент эса¸ мамлакатда диний чекловлар мавжудлиги ҳақидаги фикрларни мунтазам тарзда рад қилиб келади.
XS
SM
MD
LG