Линклар

Марказий Осиë: сув тортишуви ҳалокатга элтиши мумкин


Қирғиз мутахассисларини мамлакат ҳудудларидаги сувга Қирғизистоннинг ўзи эгалик қила олмаслиги асабийлаштирмоқда.

Қирғиз мутахассисларини мамлакат ҳудудларидаги сувга Қирғизистоннинг ўзи эгалик қила олмаслиги асабийлаштирмоқда.

“Марказий Осиёда тобора кучайиб бораётган сув - энергетика муаммоси Қирғизистон миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи энг асосий омиллардан биридир”.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев 12 феврал куни ўтган Хавфсизлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида мана шу гапни айтди.

Президент Бакиев фикрича, Марказий Осиёда сув-энергетика заҳираларидан фойдаланиш муаммоси минтақада камсувлик жараёни бошлангач¸ янада кучайган. Шунинг учун ҳам бу масала¸ Бакиев таъкидича¸ Қирғизистон миллий хавфсизлигига ташқи таҳдид ҳисобланади.

Қирғизистон президентининг айтишича, бу таҳдиднинг олдини олиш учун муаммони минтақадаги барча давлатлар манфаатини ҳисобга олган ҳолда ҳал этиш лозим.

Шу ўринда президент Бакиев Россия ёрдамида қурилиши режалаштирилган Қамбарота ГЭСининг барпо этилиши “сув тақчиллиги таҳдидини камайтиришга хизмат қилади”, дея таъкидлади.

Қирғизистондаги сув муаммолари ва гидроэнергетика институти директори Дуйшўн Маматқановнинг айтишича, муаммо фақат шу йўл билангина ечилиб қолмайди. Сув-энергетика муаммоси туфайли юзага келаётган таҳдидни фақат масаланинг адолатли ҳал этилишигина бартараф эта олади.

- Қирғизистонда йилига 50 миллиард кубометр сув ҳосил бўлади. Мамлакат бу сувнинг фақат 25 фоизини ишлатиш ҳуқуқига эга.

Тожикистонда эса йилига 60 миллиард кубометр сув пайдо бўлади. Бу давлатга ўз сувининг фақат 7 миллиардини ишлатиш ҳуқуқи берилган.

Минтақада сув заҳираларининг тақсимланишига оид ҳужжат шўролар даврида ишлаб чиқилган. Шўро ҳукумати бунинг эвазига Қирғизистон ва Тожикистонга дотация берган.

Аммо мустақил бўлганимиздан сўнг ҳам шўролар даврида пайдо бўлган бу ҳужжат Қозоғистон ва Ўзбекистон босими билан амалда қолаверди, дейди академик Дуйшўн Маматқанов.

Унинг фикрича, бу ҳужжатнинг амалда қолаётгани Қирғизистон ва Тожикистон энергетик тараққиёти учун бир қатор тўсиқларни пайдо қилган. Пировардида бу икки давлат раҳбарлари мазкур ҳужжатга зид равишда миллий манфаатлардан келиб чиқиб ҳаракат қилишга мажбур бўлмоқдалар. Бу эса ўз-ўзидан манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқармоқда.

- Қирғизистон йил сайин Тўқтўғул сув омбори учун 200 миллион доллар атрофида пул сарфлайди. Ўзбекистон эса бу сувдан фойдаланиб, йилига 800 миллион доллар фойда кўради.

Қирғизистон ўз ерларини суғориш учун Тўқтўғулдаги сувнинг фақат 2 фоизидан фойдаланади.

Иккинчидан, Ўзбекистон ва Қозоғистон Тўқтўғул сув омборини таъминлаш учун Қирғизистон сарфлаётган 200 миллион долларнинг бир қисмини ҳам қопламайди.

Шунинг учун Қирғизистон Тўқтўғулдаги сувни қўшниларига берганидан кўра, электр энергияси ишлаб чиқариб сотса, фойда кўради. Бу ҳам манфаатлар тўқнашувидир, дейди Дуйшўн Маматқанов.

Академикнинг айтишича, агар минтақа давлатлари ҳукуматлари сув заҳираларидан мувофиқлаштирилган ва адолатли тарзда фойдалансалар, ўзаро зиддиятларга барҳам берилади.

Олимга кўра, мувофиқлаштирилган ва адолатли тақсим энг аввало сувни тежашдан бошланади.

- Масалан, Қирғизистонда бир гектар ерга 8-10 минг кубометр сув сарфланади. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич гектарига 30 минг кубометрни ташкил қилади. Демак, сувни тежаш лозим.

Сувни тежаш орқали минтақа давлатлари манфаатлар тўқнашуви туфайли келиб чиқаётган зиддиятларни камайтиришга эришадилар, дейди Қирғизистон сув муаммолари ва гидроэнергетика институти директори, академик Дуйшўн Маматқанов.

Мутахассис фикрича, шу кунгача мана шу айтиб ўтилган муаммолар юзасидан минтақа ҳукуматлари бир қарорга келиш истагини билдирмаган, бу эса зиддиятни янада кучайтиради.

Бироқ Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев хавфсизлик кенгашидан бир кун олдин ўтказилган матбуот анжуманида мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид солаётган омиллар ҳақида гапирар экан, "бу таҳдидлар ҳудудий яхлитлигимиз ва миллий манфаатларимизга зиён келтирмаслиги учун чора-тадбирларни кўра бошладик", деб билдирди.

12 февралда ўтган Қирғизистон Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида эса “Миллий хавфсизлик янги концепцияси” қабул қилинди.

Ҳозирча жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинмаган бу концепцияда сув-энергетика муаммосини ҳал этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани айтилмоқда.

Айни пайтда¸ Қирғизистон собиқ вице-премьери Бозорбой Мамбетов фикрича, сув-энергетика муаммосининг ҳал этилиши кўпроқ моддий омилларга боғлиқ:

- 2007 йил ёзида Ўзбекистон ва Қозоғистонга 2 миллиард куб метр электр энергияси сотилган. Бу эса камида 4 миллиард куб метр сувнинг ортиқча сарфланишига сабаб бўлган. Ҳолбуки, ёз ойида бу электр энергиясига эҳтиёж бундан озроқ эди.

Бу ерда икки ҳолат мавжуд: биринчиси, минтақа раҳбарларининг сув заҳираларидан фойдаланишга бефарқлиги, иккинчиси, Қирғизистон фойда кўриш мақсадида сувни кўпроқ чиқариб, электр энергияси ишлаб чиқаришини кўпайтиришга ҳаракат қилгани, дейди Бозорбой Мамбетов.

Айни пайтда Ўзбекистон томони Қирғизистонни сув заҳираларидан бир томонлама фойдаланаётганликда ҳамда халқаро шартномалар ва минтақа давлатлари манфаатига зид равишда сувни ўзлаштираётганликда айблаб келади.

Бу борада 2008 йилнинг ёз ва куз мавсумларида “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида ҳам бир неча мақола чоп этилганди.

Расмий Тошкент фикрича, Қирғизистон сув заҳираларидан фойдаланиш тўғрисидаги халқаро қонунлар меъёрларига зид равишда ҳаракат қилаётир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG