Линклар

Ўз ҳаққини билган ўзбек аëли судлашмоқда

  • Барно Анвар

Ҳақсизликдан қочиб¸ Чехиядан бошпана топган 75 яшар Салима Қодирова¸ Чехия адлия тизимининг нақадар инсоний эканини синовдан ўтказаëтир.

Ҳақсизликдан қочиб¸ Чехиядан бошпана топган 75 яшар Салима Қодирова¸ Чехия адлия тизимининг нақадар инсоний эканини синовдан ўтказаëтир.

Чехиядан сиëсий бошпана олган ўзбекистонлик адвокат Салима Қодирова¸ ўз ҳақларини бузган чех маъмурлари билан ҳакамлар олдида баҳслашишга киришди.

Салима Қодирова Чехия республикасининг Страже-под-Ральск шаҳрида жойлашган бу ерга келган қочқинларни вақтинчалик бошпана билан таъминлайдиган лагер раҳбари Романа Жатецкая устидан судга арз қилган.

Салима Қодирова ўзига нисбатан ноқонуний муносабатда бўлингани ва ўз вақтида тиббий ëрдам кўрсатилмагани учун чех маъмурларини жазолаш¸ ҳамда улардан маънавий зарар ундириб берилишини талаб қилмоқда.

Суднинг иккинчи мажлисида ҳам даъвогар¸ ҳам жавобгар томон таклиф қилган гувоҳлар тингланди. Гувоҳларга ҳар икки томон ўз саволларини берди. Суд жараëни матбуот учун очиқ бўлди ва томонлар ўз саволларини очиқ берди.

Томонлар тинглаб бўлингандан сўнг суд раиси мажлисни 30 апрелга қолдирди. Чунки даъвогар томон ўзи хоҳлаган асосий гувоҳлар иштирок этмагани боис¸ уларнинг иштирокини талаб қилди.

Суд жараëнидан чиққандан сўнг Салима Қодирова суд жараëнидан қониқиш билдирди¸ аммо суднинг кейинги мажлиси 30 апрелга қолдирилгани ўзини қониқтирмаëтганини айтди.

- Муаммо шундан иборатки¸ буларнинг суд мажлисини 2-3 ой орқага ташлагани жуда нотўғри. Бу менга ҳеч ҳам тўғри келмаяпти. Бу ердаги гувоҳларнинг ҳаммаси директор томонга ëн босди. Чунки буларнинг ҳаммаси битта оиладан. Бўлмаган нарсаларни “Бундай бўлди¸ ундай бўлди” дейишди¸ дейди Салима Қодирова.

Бу можаронинг тарихини эслатадиган бўлсак¸ Салима Қодирова Страже-под-Ральск шаҳридаги қочқинларни вақтинчалик сақлаш лагерида яшаëтган пайтида¸ у яшаб турган икки секцияли хонани алмаштириш ва уни бошқа жойга кўчириш таклиф қилинган. Салима Қодирова бунга норозилик билдирганидан кейин¸ уни мажбурлаб кўчириш ҳаракатлари бўлган.

Мана шу ҳаракатларни Салима Қодирова ноқонуний деб ҳисоблаяпти. У бундан қаттиқ қайғургани боис соғлиги оғирлашгани учун вақтинчалик сақлаш лагерининг маъмурларидан маънавий ҳақ ундириб берилишини талаб қилаяпти.

Унинг қон босими ошган. Унинг юрак хасталиги бўлгани боис бу хасталиги ҳам оғирлашган. Бу ҳақда Салима Қодированинг қўлида тегишли ҳужжатлар бор.

- Менга тез ëрдам керак эди. “Тез ëрдамни чақиринглар” десам¸ “Сизнинг пулингиз йўқ. Чақира олмаймиз. Тез ëрдам чақириш учун 3000 ëки 5000 крон (крон – чех миллий пул бирлиги бўлиб ҳозирги кунда 22 крон 1 АҚШ долларига тенг) керак” дейди. Шу туфайли мен тез ëрдам кўрсатилишдан маҳрум бўлдим¸ дейди Салима Қодирова.

Ана шу ҳолат бўйича суд жараëнига қочқинларни вақтинчалик сақлаш бошқармасининг Прага шаҳрида жойлашган бош қароргоҳидан ҳам махсус вакил келиб¸ кўрсатма берди. У Салима Қодированинг аҳволи оғирлашгани борасида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмагани ва унга нисбатан содир этилган ҳамма ҳатти-ҳаракатлар қонуний эканлиги ҳақида кўрсатма берди.

Салима Қодированинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилаëтган адвокат бу кўрсатмалардан қониқиш ҳосил қилмаганини билдирмоқда. Аммо у бу бўйича ўз муносабатларини билдиришни эрта деб ҳисоблади.

Кейинги суд мажлисида Салима Қодирова талаб қилган асосий гувоҳлардан бирининг иштирок этиши кутилмоқда. Бу гувоҳ ўша пайтда Салима Қодированинг соғлигига баҳо берган ва бу тўғрида ҳужжат берган тегишли врачдир.

Айни пайтда даъвогар томон ҳам¸ жавобгар томон ҳам¸ судя ҳам бу жараëн бўйича бирор бир хулоса айтишга эрта деб ҳисобламоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG