Линклар

Тарихда бўлмаган ҳодиса


Россия ва АҚШ сунъий йўлдошлари тўқнашуви оқибатида фазода парвоз қилиш янада таҳликали ишга айланди.

Россия ва АҚШ сунъий йўлдошлари тўқнашуви оқибатида фазода парвоз қилиш янада таҳликали ишга айланди.

АҚШнинг Фазовий тадқиқотлар маркази – НАСА космонавтика тарихида илк бор иккита сунъий йўлдош фазода тўқнашиб кетганини маълум қилди.


НАСА расмийларининг билдиришича, ҳар бирининг вазни қарийб бир ярим тоннани ташкил этувчи икки сунъий йўлдош Сибир ҳудуди устида- 800 км баландликда тўқнашиб кетган.


Маълум бўлишича, 1993 йилда фазога чиқирилган ва ҳозирги кунга келиб иш фаолияти тўхтатилган Россияга тегишли сунъий йўлдош ўз орбитасидан чиқиб кетиб, 1997 йилдан буён парвоз қилиб келаётган АҚШ сунъий йўлдоши билан тўқнашган.


Бу космонавтиканинг қарийб 50 йиллик тарихида илк бора рўй бераётган ҳодисадир.


Мутахассисларга кўра, 10 феврал кунги
тўқнашув оқибатида фазода парчалардан иборат иккита булут пайдо бўлган. Бу билан эса фазодаги чиқиндилар кўпайиб, парвоз қилаётган космик кемалар ва сунъий йўлдошларига бўлаётган таҳдид янада кучайди.


Айни пайтда¸
АҚШ Фазовий тадқиқотлар маркази ходими Николас Жонсоннинг Ассошиэйтид пресс ахборот агентлигига билдиришича, ҳозирда фазода одам қўли билан яратилган 17 мингга яқин бўлак ва парчалар мавжуд.


НАСА расмийларининг таъкидича, АҚШ фазо кемаларининг учиш ва қўниш пайтида уларга энг жиддий хавф солаётган осмондаги айнан шу бўлак ва парчалардир.


Мазкур ҳолатни инобатга олган ҳолда НАСА ўз парвозларини АҚШ Фазони кузатиш маркази ёрдамида амалга оширади.

Мазкур марказ космик чиқиндиларнинг фазодаги парвозларини назорат қилиб боради ҳамда космик кемаларнинг бундай хавфли объектларга яқинлашишини олдини олишга кўмаклашади.

Ҳьюстондаги фазо маркази ходими Марк Матней ўз навбатида космик чиқиндиларнинг тобора кўпайиб бориши келажакда фазода парвоз қилаётган сунъий йўлдош ва космик кемалари учун катта таҳдид келтириши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Москвада эса Россия космик агентлиги матбуот котиби Александр Воробьёв телевидение орқали қилган чиқишида бугунги тўқнашувдан сўнг ҳосил бўлган бўлакларнинг Халқаро космик станциясига ҳеч қандай таҳдид солмаслигини билдирди.

Маълум бўлишича, Халқаро космик станцияси тўқнашув рўй берган ҳудуддан 400 км пастда парвоз қилади.

Россия 1957 йилда илк бор космосни забт этгандан буён шу пайтгача фазога 6600 дона сунъий йўлдош чиқарган. Улардан қарийб мингтаси ҳозиргача фаолият юритиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG