Линклар

logo-print

Россия Европа учун жумбоқлигича қолмоқда

  • Ҳасанжон

ЕИ раҳбарлари¸ Россия билан ҳамкорлик қилиш қаловини топиш¸ ўз олдидаги устивор вазифа эканини айтиб келмоқдалар.

ЕИ раҳбарлари¸ Россия билан ҳамкорлик қилиш қаловини топиш¸ ўз олдидаги устивор вазифа эканини айтиб келмоқдалар.

Мустақил кузатувчиларга кўра¸ глобал иқтисодий бўҳрон Россияга салбий таъсир этмоқда¸ иқтисодий ва ижтимоий вазият оғирлашиб¸ ҳукуматни радикал сиëсат томон бурмоқда.

Швециялик собиқ дипломат Андерс Асланд европалик депутатлар олдида қилган чиқишида Россиядан ҳадиксираш меъёрдан ортиқ бўлганини эҳтимолдан холи тутмади.

Ҳозирда Шарқий Европа ва Россия бўйича Вашингтондаги етакчи мутахассис ҳисобланган Асланд йиғилишда қатнашган Европа депутатларига Россия сўнгги йилларда эришган ютуқлар бош вазир Владимир Путин учун ўзига хос қимор ўйини бўлганини айтди.

- Путиннинг омади келди. Аммо у Россия учун жуда кам нарса қилди. Унинг режими мустаҳкам эмас. Ҳозир Россия танлов олдида турибди. Россия икки йўлдан бирини танлаши керак.

Россия ёки давлат капитализми ва протекционизмга асосланган янада авторитар давлатга айланади ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик қилишга ҳожат қолмайди ёки тескари томонга ҳаракатланувчи сиёсий ва иқтисодий либераллаштиришни кўришимиз мумкин бўлади, деди ғарблик таҳлилчи.

Асландга кўра, Россия эришган иқтисодий муваффақият асосан табиий ресурслар экспорти, яъни, нефт ва газ экспорти билан боғлиқ. Энергия ресурслари Россия экспортининг 85 фоизини ташкил қилади. Бу йил экспорт ҳажми 40 фоизга камайиши мумкин. Агар дунё бозорида нефт ва газ нархи кўтарилса, Россиянинг даромади ҳам кўпаяди.

Россия хазинасига катта даромад келтираётган “Газпром” ширкати жорий йилда ишлаб чиқариш ҳажмини саккиз фоизга қисқартиришни режалаган.

Асландга кўра, Россиянинг банк тизими ҳам ҳозир ёмон аҳволда. Мамлакат пул бирлиги рублни аста-секин девалвация қилиш жараёни ҳам муваффақиятсизликка учраган.

Бундай қараш Европа Иттифоқининг Россияга нисбатан сиёсати учун нимани англатиши аниқ эмас. Аммо Европа Кенгашининг ташқи алоқалар бўйича расмийси Андрю Вильсон Европа Иттифоқи аввало Россия борасида якдил бўлиши керак¸ деган фикрда.

- Ички бирдамлик принципини самарали бажариш йўлидаги биринчи қадам аъзо давлатларнинг масъулияти принципларини аниқлаб олишдан, миллий ташқи сиёсат шубҳасиз бошқа аъзо давлатлар ва ҳамкорларга таъсир этишини тан олишдан иборат. Шу боис муҳим сиёсий ташаббуслар ҳақида аъзо давлатлар бир-бирини воқиф қилиши муҳимдир, дейди Андрю Вильсон.

Андерс Асланд ҳам Европа Иттифоқи Россия борасида муштарак сиёсатга эга бўлиши керак, деган фикрга қўшилишини айтади.
XS
SM
MD
LG