Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:55

Талабалар ўқишдан безган


Ўқиш сифатининг пастлиги¸ ўқитувчиларнинг таъмагирлиги¸ айрим ўқитувчиларнинг ўз иқрорига кўра¸ талаба ëшларнинг ўқишга келишдан кўра¸ кетишни афзал билишларига сабаб бўлмоқда.
Ўқиш сифатининг пастлиги¸ ўқитувчиларнинг таъмагирлиги¸ айрим ўқитувчиларнинг ўз иқрорига кўра¸ талаба ëшларнинг ўқишга келишдан кўра¸ кетишни афзал билишларига сабаб бўлмоқда.

Маҳаллий ўқитувчилар ҳисобича¸ Сурхондарёдаги 95 га яқин коллежда таҳсил олаётган талабаларнинг тақрибан 40 фоизигина айни кунда дарсга қатнаяпти. Нега дерсиз...

Талабаларнинг ўқишга сусткашлик билан ёндошаётгани сабабларини аниқлаш мақсадида вилоят коллежларида таҳсил олаётган ёшларнинг ўзлари билан боғланишга ҳаракат қилдик.

Исми ошкор этилмаслигини сўраган сурхондарёлик талабалардан бири бунга коллежлардаги шароит сабаб бўлаётганини айтди.

- Ҳозир бизда отопление йўқ. Дарсларимиз қисқартириб ташланган, 1,5 соат ўрнига 50 дақиқа ўтилади. Декабр-январ ойлари умуман ўқимадик, деса ҳам бўлади. Пахтада бўлдик. Келсак, бу ёғига совуқ тушиб, ўқишнинг ҳожати ҳам қолмади, хоналаримиз совуқ, дейди суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, бу коллежларда сабоқлар жуда зерикарли ўтилади.

- Дарсларимиз бозорда картошка неча пул бўлганидан бошланади, дарсларда темалар бўйича гап-сўз йўқ. Болалар битта дафтар билан келиб, шу билан қайтиб кетишади, ёзув-чизув бўлмайди. Баъзи домлаларнинг савияси паст, дейди сурхондарёлик талаба.

Маҳаллий коллежлардаги шароитдан нолиган суҳбатдошимиз вилоят таълим муассасаларида авжига чиқаётган порахўрлик ҳам ёшларнинг ўқишдан кўнгли совишига сабаб бўлаётганини айтади:

- Баъзи жойда пул берамиз, баъзи пайтлари эса домлаларнинг ишларини бажариб берамиз. Қандайдир бир иши бўлса, уйида у-бу иш бўлса, шуларни бажариб берамиз, дейди талаба.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, вазиятнинг аянчлилиги вилоят коллежларида таҳсил олаётган аксар ёшларнинг ўқишдан сўнг мамлакатни тарк этиб, ўзга юртларга кетиш қарорини қабул қилишига туртки бўлмоқда:

- Ўзимни оладиган бўлсам, сал кучга кириб, ўқишни битиргач, Россияга кетаман. Шу ерга бориб ишлаш ниятим бор. Курсдошларим ҳам шу ниятда. Шу ерга бориб, тирикчилик қилиб, кун кечираман, дейди сурхондарёлик суҳбатдошимиз.

Сурхондарё коллежларида ишлайдиган бир гуруҳ ўқитувчиларнинг Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳига ёзган мактубида ҳам вилоят коллежларидаги аҳволнинг аянчлилиги ҳақида сўз боради.

Мактубда келтирилишича, порахўрлик, бюджет маблағларининг талон-тарож қилиниши, молиявий қонунбузарлик кабилар вилоят коллежларида одат тусига кирган.

Бу ҳақда Озодликка Сурхондарё вилоят Қумқўрғон туман қишлоқ хўжалик коллежи ўқитувчиларидан бири Анвар Муродов ҳам гапириб берди.

- Бир синфда 4 киши атиги, дарс ўтаётган домлада ҳаттоки ҳужжат ҳам йўқ, унинг ўша ўтаётган фанига алоқаси ҳам йўқ. Сиртқи бўлимимиз бор, биронта ҳам ведомост ёки журнали йўқ.

Қишлоқ хўжалиги коллежи туризм бўйича мутахассис тайёрласа, қишлоқ хўжалиги коллежи темирйўлчиларни тайёрласа, юристларни тайёрласа, ахир бу ақлга тўғри келмайди, дейди Анвар Муродов.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳига ёзилган мактубда сурхондарёлик ўқитувчилар Қумқўрғон туман қишлоқ хўжалик коллеждаги вазият ачинарли бўлса-да, коллежни текшириш учун республика Олий ва ўрта таълим вазирлигидан келган комиссия буларнинг барчасига кўз юмганлиги ёзадилар.

Ўқитувчиларнинг келтиришича, бунга коллеж раҳбариятининг ҳар бир комиссияни ўқитувчилар маоши ҳисобидан йиғиб олинган пуллар эвазига қайтариб юборгани сабабдир.

- Энди шу комиссия учун 7 минг сўмдан чиқаришган ўқитувчилар. Баъзи коллежларда 10 минг сўмдан, дейди коллеж ўқитувчиси Анвар Муродов.

Мавзуни ёритиш чоғида Сурхондарё вилоят Қумқўрғон туман қишлоқ хўжалиги коллежи ҳамда Ўзбекистон Олий ва ўрта таълим вазирлиги билан боғланишга бир неча бор уриндик.

Бироқ кун давомида саволларимизга жавоб берадиган бирорта ҳам мутассаддини топиб бўлмади.
XS
SM
MD
LG