Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:21

"Қора қозон қайнаб турганига ҳам шукур"


Бугун Ўзбекистон қишлоқларидаги кўпгина оилалар бола-чақасини қандай боқиш каби оғир муаммо қаршисида қолган.
Бугун Ўзбекистон қишлоқларидаги кўпгина оилалар бола-чақасини қандай боқиш каби оғир муаммо қаршисида қолган.

БМТҳисоб-китобига кўра, ҳозирда Ўзбекистон бўйлаб уч миллион олти юз минг одам тўйиб овқатланмайди. Хўш¸ бу тоифага кирувчилар қозонида бугун нима қайнамоқда?

Бу саволга жавоб топиш мақсадида сим қоққанимиз ўзбекистонликларга кўра¸ ўзбекнинг дастурхонида кундан-кунга гўштли таомлар камайиб бораяпти.

- Кўпчиликнинг қозони гўштни бир ҳафтада бир марта кўрса¸ шунинг ўзи ҳам яхши. Қозони бир ойда бир марта гўшт кўрадиган оилалар ҳам кўп¸ дейди бухоролик Комил ака.

- Гўштнинг килоси 6 минг. Қаëққа етказамиз? Фақат меҳмон келганда гўшт олаяпмиз. Нима қиламиз бошқа, дейди фарғоналик Шукуржон опа.

- Ҳафтада бир кило гўшт оламиз. Ўшани тежаб, бир ҳафтага етказамиз. Орада бир-икки кун гўштсиз ҳам қоламиз¸ дейди самарқандлик Ҳалил ака.

Андижонлик Хадича аяга кўра, унинг оиласида кўпчилик бўлгани боис азалдан унни қоплаб олишга одатланишган. Лекин Хадича ая кейинги пайтда иқтисодий етишмовчилик туфайли унни килолаб олишга тўғри келаётганини айтади.

- Унни бир-икки килодан олиб келаяпмиз. Ҳозир шунақа бўлиб қолди. Кеча сомса қилган эдик. 1-2 кило ун олиб келишибди¸ дейди Хадича ая.

Ўзбекистонлик нафақахўрлар ҳам пенсия пулига тўйимли маҳсулотлар харид қилиш имкони камлигидан нолишади.

- Халқнинг яшаш шароити жуда оғир. Айниқса¸ пенсионерлар девонамиз, девона! Тирикчилик қилиш жуда оғир бўлиб қолди¸ дейди хоразмлик Болтабой ака.

- Газга тўлайман¸ светга тўлайман¸ ўзимга битта калиш ололмайман. Нима овқат ердим? Нон ейман¸ чой ичаман¸ дейди фарғоналик Ўлмас ака.

Тиббий маълумотларга кўра, киши бошига бир кунлик овқатланиш рациони 2100 – 2400 калория бўлиши лозим бўлиб, бунинг ичида гўшт ва сут маҳсулотлари албатта бўлиши шарт.

Бироқ тиббиёт фанлари доктори Суҳбат Абдуллага кўра, бугунги кунда ўзбекистонда аксар оилалар талаб даражасида овқатланмайди.

- Бугунги калорияни мен 800-1200 доирасида дейишим мумкин. Бу дегани фақат эрталаб нон-чой¸ озгина ширинликлар¸ макарон шўрва¸ кечқурунга қараб яна қуюқроқ овқат. Бу халқаро меъëрларда кўрсатилган норманинг фақатгина ярмига чиқа оладиган даражада бўлаяпти¸ дейди Суҳбат Абдулла.

БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги шўъбаси маълумотига кўра, Ўзбекистонда ўтган асрнинг 90-йилларида 45 % аҳоли тўйиб овқатланмаган бўлса, 2005 йилда бу кўрсаткич 35 % ни ташкил қилган.

Бундан чиқадики¸ Ўзбекистонда бу тоифа аҳоли сони қисқармоқда.

Бу ҳақиқатан ҳам шундайми¸ шундай бўлса¸ бундай яхшиланиш сабаблари қаерда¸ деган саволларга жавоб топиш мақсадида Жиззах вилоят ҳокимлигига мурожаат қилиб, ҳокимлик мутасаддиларидан бири билан суҳбатлашдик.

Озодлик: Тўйиб овқатланмайдиган оилалар борми?

Ҳокимлик мутасаддиси: Бизларда “кам таъминланган оилалар” деган атама бор. “Тўйиб овқатланмайдиган оила” деган атамамиз йўқ. Бундай олганда маъноси бир-бирига яқин. Кам таъминланган оилалар албатта бор. Уларга моддий ëрдам берилади.

Озодлик: Ўзбекистонда тўйиб овқатланмайдиган аҳоли қатлами камайган¸ деган маълумот бор. Сизнингча, бунинг сабаби нимада? Одамлар бойимоқдами ëки...

Ҳокимлик мутасаддиси: Биласизми, тўкин-сочинлик ўз-ўзидан бўлмайди - одамлар меҳнат қилишди. Бунинг сабаби боқимандалик кайфиятининг камаяëтганида.

Битта гап бор - агар камбағал бўлсанг, жамият ҳам айбдор эмас¸ муҳит ҳам айбдор эмас¸ туққан ота-она ҳам айбдор эмас - ўзинг айбдорсан¸ ўзинг дангасасан. Мана шу нарсани¸ яъни меҳнат қилган одам оч қолмаслигини одамлар тушуниб бораяпти.

БМТ ҳисоботига кўра, постсовет давлатлари орасида Ўзбекистондан ташқари Тожикистон ва Грузияда тўйиб овқатланмаётганлар сони кўпчиликни ташкил қилади.

Айни пайтда¸ Ўзбекистонга қўшни бўлган Қирғизистон ва Қозоғистонда эса, ҳисобот муаллифларига кўра, тўйиб овқатланмаётган кишилар йўқ.
XS
SM
MD
LG