Линклар

Навбат "нурчилар "га келди

  • Садриддин Ашур

Судланувчилар яқинларига кўра¸ ҳаммаси турк лицейини битириб¸ Англия ва Америкада ўқиб келган номозхон йигитларнинг чойхонадаги беғам-бепарво ўтиришлари¸ бу ердаги диний суҳбатларнинг жосуслар орқали МХХ га етказилганидан бошланган.

Судланувчилар яқинларига кўра¸ ҳаммаси турк лицейини битириб¸ Англия ва Америкада ўқиб келган номозхон йигитларнинг чойхонадаги беғам-бепарво ўтиришлари¸ бу ердаги диний суҳбатларнинг жосуслар орқали МХХ га етказилганидан бошланган.

90-йиллар бошида ваҳобийлар¸ сўнгра ҳизбут ва акромийлар тамғаси босилиб¸ минглаб мусулмон қамоққа ташланган бўлса¸ айни кунларда Ўзбекистонда "нурчилар " ови бошлангандек...

Айни кунларда¸ жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судиЎзбекистон Ёшлар интеллектуал марказига қарашли “Шарқ Призма” жамияти муассислик қилган “Ирмоқ” журнали ва “Етти иқлим” газетаси ходимлари - Баҳром Ибрагимов, Даврон Кабилов, Равшанбек Вафоев, Абдулазиз Дадахонов, Ботирбек Эшқўзиевларга нисбатан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати қўзғатган жиноят ишини кўриб чиқмоқда.

Журналистлар Ўзбекистон ЖКнинг 244 моддаси иккинчи банди, учинчи қисми, яъни ноқонуний диний ташкилотлар тузиш ва уларда иштирок этганликда айбланмоқда.

Маҳкама тафсилотлари ҳақда Баҳром Ибрагимовнинг укаси Баҳодир гапиради:

- Диний ташкилот тузган¸ ташвиқ қилган¸ одамларни шунга жалб қилган деяптида. Айблов хулосасининг охирида “Мана шу нурчилар диний оқимининг низомида тўғридан-тўғри конституцион тузумга қарши бир ғоя йўқ бўлса-да¸ келажакда нурчилар оқимининг ғоялари асосида халқ орасида ақидапарастлик келиб чиқиши мумкин¸" - деган нарса қўшиб қўйилган¸ дейди Баҳодир.

Айблов хулосасига кўра, айбланувчилар Туркиядаги “Нурчилар” диний маърифий ташкилотидан молиявий кўмак олиб, журнал ва газета чиқарган ва чоп этилган мақолаларда диний радикал оқим ғоялари акс этган. Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Диний ишлар қўмитасининг хулосаси ҳам бор.

Лекин айбланувчилар яқинларига кўра¸ суд давомида улар ўзларига қўйилаётган айбловларни тамоман рад этмоқдалар. Бу ҳақда яна судланувчи Баҳром Ибрагимовнинг укаси Баҳодир гапиради:

- Айблов хулосасида Ўзбекистон республикасида “Нурчилар” диний оқимининг раҳнамоси деб кўрсатилган Шаҳобиддинов деган одам бор. Кеча гувоҳ сифатида буларнинг судига шу кишини қамоқдан олиб келишди.

У киши шу нарсанинг ҳаммасига аниқлик киритиб кетди. Ҳеч қанақа “Нурчилар” деган оқимнинг ўзи йўқ. Ўша нурчи бўлса ҳам бизда йўқ. Биз ҳаммамиз нурчи демаймиз¸ деб ҳамма нарсага ойдинлик киритиб кетди¸ дейди Баҳодир.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Ўзбекистонда янги кўринишдаги диний репрессиялар бошланган кўринади. Маҳкамага тортилаётган бу одамларнинг ҳаммаси илгари Ўзбекистондаги турк лицейларини битирганлари сабаб, уларнинг ўзаро суҳбатларида диний мавзулар кўпроқ гапирилгани уларнинг қамоққа олинишига сабаб бўлган.

Мустақил таҳлилчилар¸ гарчи нурчилар тўғридан -тўғри конституцион тузумга хавф солмаса-да, лекин уларнинг келажакда шундай хавф туғдириши мумкинлиги ҳукуматни қўрқитиб қўйганини айтмоқдалар.

Баҳодир ҳам маҳкамага тортилган акаси каби йигитларнинг оддий намозхонлар эканини айтади:

- Олдин бизда турк лицейлари бўлганку. Буларнинг ҳаммаси ўша ерда ўқиган. Кейин булар танишиб¸ алоқа қилиб туриш ниятида гап ташкил қилган. Ҳар ой бир марта йиғилиб¸ ош еб¸ гаплашишган.

Ҳаммаси турк лицейида ўқиганлиги¸ диний илми бор бўлганлиги учун орада диний савол-жавоблар бўлган. Асосий келиб чиқиши ҳам шундан. Ҳаммаси намозхон болалар. Лекин уларнинг ҳаммаси Англияда¸ Америкада ўқиб келган¸ олий маълумотли болалар¸ дейди Баҳодир.

Судланувчилар яқинларининг айтишларича, улар бир нарсадан ҳайрон - “Ирмоқ" журналининг деярли барча ижодий гуруҳи қамоққа олиндию, лекин бош муҳаррир Ҳамза Жумаевга бало ҳам урмади”.

Уларнинг сўзларига кўра, айнан Ҳамза Жумаев ҳамкасбларини МХХга чақиб беришда фаоллик кўрсатган. Биз ана шу саволга жавоб олиш мақсадида Ҳамза Жумаев билан боғландик. Лекин у бу гапларни инкор этди.

- Йўқ бу гап ëлғон¸ деди Ҳамза Жумаев.

Жумаев сўзларига кўра, у фақат журналда чоп бўлган мақолалар учун жавоб беради, судланувчиларнинг шахсий фаолияти учун суд ҳукм чиқаради.

Ирмоқчилар устидан бораëтган жараëнга оид расмий тафсилотларни ўрганиш учун Ўзбекистон Бош Прокуратураси матбуот хизмати бошлиғи Светлана Ортиқова билан боғланганимизда¸ бу ҳақда янги маълумот йўқ¸ деган жавоб олдик.

- Менда ҳозирча ўша маълумот. "Ирмоқ" журнали фаолият кўрсатаяпти¸ журналистларга нисбатан ҳеч қандай тазйиқ йўқ¸ деди яна бир бор Светлана Ортиқова.

Кузатувчиларнинг айтишларича, нурчилар диний оқимига Ўзбекистон ҳукумати ҳали ҳеч қандай ранг бермаган. Зеро, бу ташкилот Туркияда ва жуда кўп давлатларда эркин фаолият олиб боради ва ўша давлатлар конституцион тузуми учун ҳеч қандай хавф солмайди.

Ўзбекистон ҳукумати эса¸ бу диний оқимга қора сиёсий ранг бериб, мамлакатда янги диний репрессияни бошлаяпти.

Олинган маълумотларга кўра, яқин кунларда нурчилар диний оқимига алоқадорликда айбланиб¸ ҳибсга олинадиган фуқаролар устидан янги жиноят ишлари тайёрланмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG