Линклар

logo-print

Мамадали Маҳмудов аҳволи ночор


Шифокорлар Чирчиқдаги қамоқхонада жазо ўтаётган Мамадали Маҳмудовнинг ошқозонида яра ва ўсимта борлигини аниқлашган.

Шифокорлар Чирчиқдаги қамоқхонада жазо ўтаётган Мамадали Маҳмудовнинг ошқозонида яра ва ўсимта борлигини аниқлашган.

Чирчиқдаги қамоқхонада сақланаётган ёзувчи Мамадали Маҳмудов билан икки кун аввал учрашиб қайтган яқинлари унинг фақат дори-дармон билан жон сақлаётганини айтаяптилар.

Мамадали Маҳмудовнинг рафиқаси Гулсара Маҳмудова 12 феврал куни қизи билан бирга қамоқхонадаги маҳбус ёзувчини кўриб қайтган.

- Биз Чирчиққа қизим Ватан билан бориб, Мамадали ака билан учрашиб қайтдик. Биз борсак, Мамадали аканинг “санчаст”дан чиққанларига икки кун бўлган экан. У 20 кун давомида “санчаст”да ётиб даволаниб чиқибди.

Ўзининг айтиши бўйича, жигари шишиб кетган, ошқозонида яра ва ўсимта борлигини аниқлашибди. Анча ўзларини олдириб қўйган. Бурни битиб қолади.

Нормал нафас олиши учун дориларни етказиб турамиз. Нафаси қайтиб қолса, аҳволи жуда оғирлашади. Фақат дори орқалигина тирик. Юраги ҳам оғрийди, дейди Мамадали Маҳмудовнинг рафиқаси.

Гулсара Маҳмудова эрининг соғлиги ёмонлашишига қамоқҳонадаги қийноқлар сабаб бўлганини айтади.

Унга кўра, қамоқхонада эрига нисбатан жуда қўпол муносабатда бўлишиб, уни ноҳақдан тез-тез жарима изоляторига ташлашар экан.

- Биз қамоқхонага охирги марта ўтган йилнинг ёзида боргандик. Бу сафар борсак, Мамадали аканинг жарималари сони яна кўпайибди. Амнистияга туширмаслик учун ноҳақдан яна жаримага тортишибди.

Ҳозирда 14 та жаримаси бор. Ҳар сафар озод қилмаслик учун бекордан- бекорга жарима беришади, дейди Гулсара Маҳмудова.

Гулсара опанинг айтишича, Мамадали Маҳмудов соғлиги ночорлашганига қарамай, ҳануз ижод қилишни тўхтатмаган. Ҳозирда маҳбус ёзувчи янги тарихий роман ёзиш билан машғул экан.

Мамадали Маҳмудов қамоқхонада ёзаётган “Муқанна тарихи” номли роман қўлёзмаси қамоқхона мутасаддилари томонидан тортиб олингани ҳақида Озодлик радиоси аввал хабар берганди.

Мухолифат фаоли ва ижодкор аёл Дилором Исҳоқова Эврил Турон тахаллуси билан ижод қилувчи Мамадали Маҳмудовни миллат куйчиси сифатида эътироф этади.

- Мамадали Маҳмудов ҳақиқий бир ижодкор сифатида ҳеч қачон ёзишдан тўхтамаган, ижод қилишни тўхтатмаган.

Мен Чирчиқдаги қамоқхонада Мамадали ака билан бирга ётган маҳбуслардан бирининг ота-онаси билан учрашгандим. Уларнинг айтишича, Мамадали ака қамоқхонада бир пьеса ёзибди. Уни маҳбуслар саҳналаштириб, саҳнага олиб чиқишибди.

Ундан ташқари, Мамадали ака ҳозир бир роман ёзаётганидан хабарим бор.

Аввалги романи сингари унинг бу асари ҳам тортиб олиниши хавфи бўлса-да, Мамадали ака ижод қилишдан тўхтамаяпти.

Мамадали ака ҳамиша ҳақиқатни ёзишга ҳаракат қилган. Уни қатор мақолалари, ёзган асарларининг барчасида ҳар доим миллатнинг дарди бўлган.

Мен ўйланманки, ҳозир ҳам шундай ва Худо хоҳласа, Мамадали ака қамоқхонадан эсон-омон чиқса, бундан кейин ҳам худди шундай ижод қилади.

Мамадали акага бугун тахтда ким ўтирганини аҳамияти йўқ. Мамадали акага ҳамиша аҳмиятли нарса - бу миллатнинг аҳволи бўлган, дейди Дилором Исҳоқова.

Маълумки, Мамадали Маҳмудов ўзининг “Ўлмас қоялар” асари учун совет даврида таъқибга учраган, аммо кейинчалик ёзувчига мазкур асар учун Чўлпон мукофоти тақдим қилинган.

Ҳозир 68 ёшда бўлган Эврил Турон – Мамадали Маҳмудов 1999 йилнинг 16 февралида Тошкентда бўлган портлашларга алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олинганди.

Суд қарорига кўра, у Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганлик, Ўзбекистон президентини ҳақорат қилганлик каби айбловлар билан 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Мамадали Маҳмудов қамалганидан буён бир қатор маҳаллий ва ҳалқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматидан унинг озод қилинишини сўраб келаяпти. Бироқ расмий Тошкентнинг бу каби мурожаатларни инобатга олиш нияти йўқдай кўринади.
XS
SM
MD
LG