Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:13

Нонвойлар даромади камайди


Қадимдан яхши даромад манбаи бўлиб келган нонвойлик билан ҳам Тожикистонда бугунги кунда рисоладагидек тирикчилик ўтказиш қийин бўлиб қолди.
Қадимдан яхши даромад манбаи бўлиб келган нонвойлик билан ҳам Тожикистонда бугунги кунда рисоладагидек тирикчилик ўтказиш қийин бўлиб қолди.

Тожикистонда солиқ пули, электр ва табиий газ нархининг тобора ошиб бораётгани ўз шахсий дўкони ортидан рўзғор тебратиб келаётган оилаларни ҳам ночор аҳволга солиб қўйди.

Душанбе шаҳрининг Ҳабиб Аҳрорий кўчасида яшовчи Зокиржон ака ва Тожихон ая оиласида 20 жон бор. Оила нонвойлик билан кун кўради.

Ўзбекистоннинг Ургут туманидан Душанбега келин бўлиб тушган Тожихон ая қайнонасининг хонадонига нонвойлик ҳунарини ҳам олиб келганини айтади.

Хонадоннинг ўзида жойлашган нонвойхонада оиланинг олти аъзоси эртадан кечгача меҳнат қилади:

- Рўзғорнинг асосий даромад манбаи шу дўкон. Битта келиним нон ясайди, иккитаси зувала қилади. Биттаси зувалани теради. Икки ўғлим нон ёпади, дейди Тожихон ая.

Суҳбатдошимиз Тожикистондаги фуқаролар урушининг оғир кунларида ҳам нонвойлик касби ўз оиласи ва кўплаб қариндош-уруғу қўни-қўшниларини очликдан сақлаб қолганини айтади. Бу ҳовлида ўтган қатор-қатор тўйлар ҳам нонвойликдан топилган даромад эвазига қилинган.

Аммо, Тожихон аянинг айтишича, кейинги пайтларда, аниқроғи, ўтган йил кузидан буён даромаднинг чўғи камайиб кетган.

Оила бошлиғи Зокиржон ака қилиб берган ҳисоб-китоб манзарани бироз бўлса-да ойдинлаштиради (Муштарийда тўлароқ тасаввур ҳосил бўлиши учун бугунги кунда Тожикистонда 1 АҚШ доллари қиймати 3,72 сомонийга тенг эканини қайд этиб ўтишимиз лозим).

- Бир кунда икки қоп ундан хамир қиламиз. Бу 400 та нон бўлади. 80 дирамдан сотамиз - 320 сомоний бўлади. Уннинг пулини чиқариб ташласак, 100 сомоний қолади бир кунда.

Шундан газ пули, свет пули, солиқ яна озиқ-овқат каби харажатларни чиқариб ташласак, бир кунда қоладиган соф даромад 15-20 сомоний бўлади, дейди Зокиржон ака.

Озодлик: Энг катта харажатлар ун, газ ва солиқ бўлса керак?

- Ҳа энди, солиққа ҳар ой 150 сомоний тўлаймиз. Энди биринчи олишда қиммату кейин...

Зокиржон ака кейин нима бўлиши айтмайди. Биз ҳам у кишини қистовга олиб ўтирмаймиз – хижолатга қўйиб нима қилдик.

Демак, Зокиржон ака ҳисоб-китобига кўра, ҳозирги кунда оиланинг кунлик соф даромади ўртача беш долларга тўғри келаяпти.

- Харажатимиз катта. Болаларимиз ҳаммаси оилали, бола-чақали. Уларга бериш керак. Баъзан фойда бўлади, баъзида ҳеч нарса қолмайди беш-ўнта нондан ташқари, дейди оила бошлиғи Зокиржон ака.

150 долларга тенг бўлган ойлик даромад йигирма кишига урвоқ бўлмаслигини оила бекаси Тожихон аяни ҳам такрорлайди.

- Светларни ўчираяпти, топган пулимизнинг кўпи газ баллонга кетади. Бизларга оғирлик қилаяпти. Аввал кўмир билан ёпардик. Ҳозир ёпмаймиз касал бўлмаслик учун. Кўмирдан чиққан ис гази туфайли ўғлимнинг кўзи оғриб қолди, дейди Тожихон ая.

Зокиржон ака даромаднинг камайиш сабабини ун нархининг ошиб кетишида, деб билади:

- Аввал ун арзон эди, фойда қоларди. Ҳозир 98 сомонийлик ун бир ҳафтада 103 сомонийга чиқди, яъни 5 сомонийга қимматлади. Унни ташқаридан долларга олиб келишади, шунинг учун қиммат. Ҳозир доллар яна кўтарилса, тағинам қиммат бўлар эмиш, дейди Зокиржон ака.

Тожихон ая эса шу кунда тақрибан 30 доллар турадиган бир қоп қозоқ уни нархи яна кўтарилса, аҳвол янада танглашишини айтади.

- Биз Қозоғистоннинг унини ишлатамиз. У эса қиммат, бир қопи 110- 120 сомоний. Яна ошса, билмадим, энди нима қиламиз, дейди Тожихон ая.

Зокиржон ака ва Тожихон аянинг ўғиллари ҳам тирикчиликни изга солиш мақсадида бошқа минглаган тожикистонликлар қатори Россияга иш қидириб бориб келганлар.

- Борган эди бирданига тўртта ўғлим Россияга. Иккитаси қурилишда ишлар эди, биттаси магазинда, яна биттаси юк тарқатарди. Иш бўлмай қолди, кейин самолёт пули ишлашиб, қайтиб келишди, дейди Тожихон ая.

Шуларни мулоҳаза қилган Зокиржон ака ҳозирги шароитда Худо берган озгина ризққа шукр қилиб яшаш энг тўғри тадбир бўлишини айтади:

- Биздан баттар бўлаяпти бир одамлар. Кўплар йиллаб гўшт кўрмайди, ойлаб палов емайди. Худога шукур, ҳафтасига бир марта палов, манти еймиз. Худо бериб қолар, нима қилайлик энди, дейди Зокиржон ака.
XS
SM
MD
LG