Линклар

Ўзбекистон бозорида АҚШ долларининг қиймати мисли кўрилмаган даражага чиқди - иқтисодчилар бу ҳолатни республикага келаётган валюта тушумининг камайиб кетгани билан изоҳламоқдалар.

Ўзбекистонда долларнинг нархи ошиб кетибди, деган хабарни эшитишимиз биланоқ Тошкентдаги хонадонлардан бирига сим қоқдик ва мана бу гапларни эшитдик:

- Умуман даҳшат ошган. 1760, 1770, 1780 сўмгача алмаштирамиз, деяпти. 1800 сўм деганлар ҳам бор¸ дейди тошкентлик уй бекаси.

Лекин ўзбекистонликлар учун долларнинг бу сафарги ошиши ташвиш келтирмаётган кўринади. Зеро, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари Ўзбекистонда мана бир неча ойдирки, аста-секин тушиб боряпти.

- Гўшт нархи 7000 сўм эди¸ ҳозир 5500 сўм бўлди. Уннинг килоси 1200-1300 сўм бўлиб кетган эди. Ҳозир магазинда қопи билан 450¸ 500 сўмдан турибди. Ëғлар ҳам 4000 сўмга чиқиб кетган эди. Ҳозир магазинда 2200 сўмдан турибди. Ҳамма хоҳлаганча олиши мумкин. Худога шукур, серобчилик бўлиб қолди¸ дейди гулистонлик уй бекаларидан бири.

Хўш, унда нега бозорда долларнинг курси ошиб бораяпти, бунинг сабаблари нимада? Бу саволни тошкентлик иқтисодчи Ориф Ҳошимовга бердик:

- Нақд валюта тушуми билан Ўзбекистон бозорини валюта алмаштириш шаҳобчалари эмас¸ халқаро пул ўтказмалари орқали келиб тушаëтган маблағлар таъминлар эди асосан. Ҳозир ўша маблағларнинг манбаи йўқ.

Ўзбекистонга пул келишини ва кетишини анализ қилиб кўрадиган бўлсангиз¸ деярли бир хиллашиб қолган. Олдин Ўзбекистонга кириб келаëтган пуллар чиқимлардан 10-15 баробар кўп эди. Трансакциялар сони камайиб кетган¸ дейди тошкентлик иқтисодчи Ориф Ҳошимов.

Иккинчи сабаб, иқтисодчининг айтишича, февраль-март ойларида истеъмол бозорида бўладиган ўзгаришларга, фасл алмашиши билан импорт молларга талаб кўпайишига боғлиқ. Бу ҳам ўз-ўзидан хориж валютасига ҳам талабнинг кучайишига олиб келади:

- Истеъмол товарларининг аксарият қисми тадбиркорлар томонидан нақд кўринишдаги валюта ҳисобига ташқаридан - Хитойдан¸ Россиядан¸ Қозоғистондан олиб келинаяпти¸ дейди тошкентлик иқтисодчи Ориф Ҳошимов.

Иқтисодчи фикрича, келгуси ойларда миллий пул янада қадрсизланиши мумкин, лекин бундан ваҳимага тушмаслик керак. Бу кутилган жараён. Аксинча, бунинг мусбат томонлари ҳам бор. Фақат ҳукумат ўз вақтида сўмни девальвация қилиши лозим:

- Биринчидан, бу Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаëтган товарларнинг нисбий нархи арзонлашишига шароит яратиб беради. Айнан давлат курсининг, Марказий Банк томонидан белгиланган курснинг девальвация қилинмаслиги эса ўзбек товарлари нархининг қимматлашига олиб келади.

Ëзда¸ инқироздан аввал¸ июл-август ойларигача Нексия автомобили Россияга 210 минг рублга етиб борарди. Ҳозир эса 335 минг рублга етиб бораяпти. Чунки рубл девальвация бўлди¸ ўзбек сўми девальвация бўлгани йўқ¸ дейди тошкентлик иқтисодчи Ориф Ҳошимов.

Иқтисодчи фикрича, агар ҳукумат сўмни девальвация қилса¸ бундан ютадиганлар кўп бўлади.

- Биринчи навбатда, экспорт билан шуғулланадиганлар¸ асосий тушуми экспорт ҳисобидан бўладиганлар катта ютуққа эришади. Чунки маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги ошади. Маҳсулотларнинг долларга¸ еврога ëки рублга чаққанда нисбий нархи камаяди.

Девальвация аниқ бўлиши керак бўлган нарса. Бошқача вариант қолгани ҳам йўқ. сабаби ҳамма тижорат ҳамкорларимиз ўз миллий пул бирлигини девальвация қилиб бўлди¸ дейди тошкентлик иқтисодчи Ориф Ҳошимов.

14 февралда Ўзбекистон Марказий банкининг бир АҚШ долларига нисбатан белгилаган курси 1404 сўмни ташкил қилди.
XS
SM
MD
LG