Линклар

logo-print

Каримов мулозимларни фаолроқ бўлишга ундади

  • Ҳурмат Бобожон

13 февралдаги ҳукумат мажлисида Ислом Каримов қирғиз ва тожик ГЭС каскадлари барпо этилиш оқибати беш-олти йилдан билинишини қайд эта туриб, ҳукумат аъзолари ва парламент депутатларини Ўзбекистон миллий манфаатларини фаолроқ ҳимоя қилишга чақирди.

13 февралдаги ҳукумат мажлисида Ислом Каримов қирғиз ва тожик ГЭС каскадлари барпо этилиш оқибати беш-олти йилдан билинишини қайд эта туриб, ҳукумат аъзолари ва парламент депутатларини Ўзбекистон миллий манфаатларини фаолроқ ҳимоя қилишга чақирди.

“Ўзбекистоннинг сувдан фойдаланиш имконлари хавф остида ва мамлакат халқаро ҳуқуқий меъёрлар доирасида бундан фаолроқ ҳимояланиши керак”.

Бу иқтибос Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 13 феврал куни Вазирлар Маҳкамаси йиғинида сўзлаган нутқидан олинди.

- Албатта, қўшниларимиз Покистон ва Афғонистонга арзон электр энергияси сотишни истайдилар, аммо гап келажак авлод ҳақида кетяпти!

Ўзбекистон сувсиз қолса, болаларимиз ва набираларимизнинг кўзига қандай қилиб қараймиз? Бу ер бизнинг еримиз, уни тарк этмоқчи эмасмиз, деди Ўзбекистон президенти.

Ўзбекистон раҳбарияти Тожикистон ва Қирғизистонда янги ГЭСлар қурилишига норозилик билдириб келади.

Марказий Осиёнинг икки йирик дарёси бошида турган Тожикистон ва Қирғизистон эса ўзларининг энергияга бўлган эҳтиёжини қондириш учун сув бошида гидроэлектростанциялар қуриш режасида.

Бундай ГЭСларнинг қурилиши эса иқтисодиётида деҳқончилик ва пахтачиликнинг ўрни катта бўлган ҳамда аҳоли зич яшайдиган Ўзбекистонда суғориш сувлари танқислиги юзага келтириши, Ўзбекистон далаларини сув билан таъминлашни хавф остида қолдириши мумкин. Ислом Каримов ўз чиқишида бу масалага алоҳида тўхталди.

- Қирғизистон билан Тожикистон битта оддий масаладан воз кечаяпти. Яъни бизни асосий таклифимиз шуки, барака топкур, гидроэлектрстанцияларни қурмоқчи бўлсангиз, бош устига.

Нимага деганда, гидроресурс деймиз, гидроэнергия деймиз, яъни сув орқали оладиган энергия, бу албатта газни ёндириш ҳисобидан оладиган энергиядан камида уч-тўрт карра арзон.

Ўзбекистонни асосий таклифи шундан иборатки, қурмоқчи бўлсангиз, барака топкур, Амударёда Роғунни қурасизми, у ёқда Сирдарёни бошида Қамбаротани қурасизми - бош устига!

Бизлар ҳам қатнашишга тайёрмиз, ўзимизни ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз, лекин ақлни ишлатиш керак.

Ким кўр-кўрона бунақа иншоотларни қуришга киради? Бу эртага бутун ҳудудни, авваломбор пастда шу сувга эҳтиёжини, ҳаёт-момотини ўйлаб, биз улар ҳаққини талаб қилишга ҳаққимиз борми-йўқми?

Такрор айтаман, миллион-миллион одамлар бунга муҳтож, улар қандай яшайди, эртага тепадан тушадиган сув камайса ёки экология бузилса, нима бўлади? - деди Ўзбекистон президенти Ислом Каримов.

Шунингдек, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳукумат мажлисида қўшни мамлакатларда гидротехник иншоотларнинг қурилиши борасида Россия тутган позициядан ҳам таажжуб изҳор этди.

Январ ойида Россия президенти Дмитрий Медведев "Марказий Осиёнинг бир мамлакатида ГЭСлар қуриш жараёнида минтақадаги қўшни ўлкалар манфаатларини ҳам назарда тутиш лозим"лигини таъкидлаган ва "агар бу каби лойиҳаларда барча тарафларнинг розилиги бўлмаса, Россия уларда иштирок этмаслигини" билдирган эди.

Россия президентининг бундай баёноти ортидан Тожикистон президенти Медведев билан учрашувни қолдирган ва бу Душанбе раҳбарининг норозилиги сифатида кўрилган эди.

Аммо 3 феврал куни Медведев Россия Қирғизистон энергия сектори, жумладан, баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган Норин дарёсига ГЭС каскади қурилиши учун 1,7 миллиард долларлик сармоя ажратиш режасини эълон қилди.

Кузатувчиларга кўра, бу режа Россия президентининг Тошкентда Каримовни қўллаб қилган баёнотига зид келади.

Ўзбекистон раҳбари ўз чиқишида Қирғизистон ва Тожикистондаги ГЭС каскадларининг барпо этилишининг оқибатлари дарҳол эмас, балки беш-олти йиллардан кейин пайдо бўлишини қайд эта туриб, масала БМТ меъёрлари доирасида экспертиза қилиниши керак деган таклифни илгари сурди.

- Авваламбор халқаро мезонларга қараб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг конвенцияларига қараб, халқаро экспертизани ўтказинглар.

Бетараф одамларни тўпланглар, биладиган одамларни тўпланглар. Бу лойиҳаларни экспертизадан ўтказинглар.

Нима ҳисобидан ва қандай қурилади ва энг муҳими, қурилганидан кейин қандай оқибатларга олиб келади. Сув камаядими-йўқми? – дея риторик савол ташлади Ислом Каримов.

Совет давридаги марказлашган сув таъминоти ва суғориш тизимлари, минтақа мамлакатларининг географик жойлашуви Марказий Осиё давлатларини бир-бирига ўзаро боғлаб қўйган.

Сув муаммоси минтақа барқарорлигига хавф солувчи муаммо сифатида ҳам кўрилади.

Москвалик сиёсий шарҳловчи Андрей Грозин фикрича, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги муаммони ҳал этиш, энг аввало, шу мамлакатларнинг ўзига боғлиқ.

- Тошкент ҳам, Душанбе ҳам бир хил қатъият билан “фақат мени қўллаб-қувватланг”, демоқда. Россия эса буни хоҳламайди. Чунки агар Россия Роғун ГЭСини қурса, бошқа лойиҳалар, жумладан, Ўзбекистон билан келишилган газ лойиҳалардан кечиши керак бўлади.

Агар эътиборни Ўзбекистонга қаратса, Тожикистондаги иқтисодий манфаатларини унутиши керак бўлади, дейди Андрей Грозин.

Бир неча йил илгари Туркманистон ҳам Қорақум саҳросида қиймати 5 миллиард доллар бўлган улкан сунъий кўл қуриш режасини эълон қилган ва бу қўшни мамлакатларда норозиликлар уйғотганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG