Линклар

Абдулла Нурий президент бўлолмайди

  • Ҳасанжон

Собиқ ички ишлар вазири Абдулла Нурий тимсолида эронликлардан кимдир чинакам ислоҳотчи зиёли, кимдир эса динга қарши фитналар уюштирувчи кимсани кўради

Собиқ ички ишлар вазири Абдулла Нурий тимсолида эронликлардан кимдир чинакам ислоҳотчи зиёли, кимдир эса динга қарши фитналар уюштирувчи кимсани кўради

Эронлик ношир Абдулла Нурийнинг ислоҳотчилар номзоди бўлишини истовчилар кўп бўлса-да, унинг президентликка номзод сифатида рўйхатга олинишига ҳеч ким ишонмаяпти.

2009 йилнинг июн ойида Эронда президентлик сайлови ўтказилади. Собиқ президент Муҳаммад Ҳотамий бу сайловда ислоҳотчиларнинг асосий номзоди сифатида қатнашади.

Бироқ Эрондаги айрим демократия тарафдорлари собиқ Ички ишлар вазири, ношир Абдулла Нурий ислоҳотчилар номзоди бўлишини хоҳлайди.

Абдулла Нурий ўзининг “Хўрдад” номли газетасида мамлакат шаънига номувофиқ мақолалар чоп этганликда айбланиб, 1999 йилда беш йилга озодликдан маҳрум этилганидан сўнг аксар эронликлар учун консерваторларга нисбатан қаршилик тимсолига айланган.

Абдулла Нурийнинг тарафдорлари уни ўз қарашларини ҳимоя қиладиган, “ўз сўзида турадиган одам”, дея баҳолайди.

“Бу хислат Нурийни Эронга ҳақиқий ўзгариш олиб келиши мумкин бўлган ягона ислоҳотчи арбобга айлантирган”, дейди улар.

“Ҳақиқий ўзгариш” деганда улар Эрондаги Исломий тизимни назарда тутади. Чунки Эронда иқтидор мамлакатнинг олий руҳонийси Оятулло Али Ҳоманаи қўлида.

Уларга кўра, Муҳаммад Ҳотамий президентлик даврида амалга оширган ислоҳотлар вақтинчалик бўлган ва улар Эронни демократик давлатга айлантира олмаган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ҳасан Асадий Заидободий Абдулла Нурий Эрон президенти бўлишини хоҳлайдиганлардан бири.

Асадийнинг Озодлик радиосига айтишича, Нурий ўз хатти-ҳаракатлари билан Эронда фуқаролар ҳуқуқларини таъминлашга бел боғлаганини кўрсатган.

- У ўзи айтганидек, конституцияни ўзгартиришда муҳим рол ўйнаши мумкин. У кенг жамоатчилик, зиёлилар ва ислоҳотчи сиёсатчилар орасида жуда машҳур. Айни пайтда Исломий инқилоб бошланганидан бери у шу тизимнинг бир қисми бўлган, дейди Асадий.

Шунга қарамай, Нурийнинг ҳатто Асадийдек тарафдори ҳам унинг Эрон ўнинчи президенти бўлишига кўзи етмайди. Бунинг асосий сабаби собиқ президент Муҳаммад Ҳотамий президентлик сайловида ислоҳотчилар номзоди бўлишини яқинда эълон қилганидир.

Нурий президентлик сайловида қатнашишга қарор берган тақдирда ҳам қаттиққўллик тарафдори бўлган Эрон Васийлар кенгаши унинг номзодини рад қилиши мумкин.

Эронлик уламолар Нурийни аксилисломий мақолалар чоп этганликда ва таниқли диссидент уламо Оятулло Мунтазирийга минбар бериб келганликда айблаган.

Нурийнинг айрим тарафдорлари аввал Муҳаммад Ҳотамийни қўллаб-қувватлаган. Кейинчалик уларнинг аксари “Ҳотамий Эронга эркинлик ва демократия олиб кела олмади”, деган фикрга келган.

Меҳрдод Машойихий “Эронда демократия ва дунёвий республика сари” номли китоб муаллифи.

- Муҳаммад Ҳотамий икки муддат президент бўлган даврда ўрганган ягона нарса консерваторларга нисбатан юмшоқ муомалада бўлиш, холос, дейди АҚШдаги Жоржтаун университетининг социология фанлари профессори Машойихий.

Ҳасан Асадий фикрича, Абдулла Нурийнинг президентликка номзод бўлишига “ислоҳотларни ислоҳ қилиш”га чақириқ сифатида қараш мумкин.

Нурийнинг тарафдорлари учун эса унинг президентликка ўз номзодини қўйиши ёки қўймаслиги аҳамиятга эга эмас.

Асосий нарса, улар фикрича, Эронда ҳақиқий ислоҳотлар амалга оширилиши кераклиги ҳақида мубоҳасалар ва эркинлик тарафдори бўлган кучларнининг сафарбарлиги бошланганидадир.
XS
SM
MD
LG