Линклар

logo-print

Ўзбекистон инқироз олдини олмоқчи


Молиявий инқироз туфайли Ўзбекистонда анъанавий ошхўрликлар ҳам камайиб кетиши мумкин.

Молиявий инқироз туфайли Ўзбекистонда анъанавий ошхўрликлар ҳам камайиб кетиши мумкин.

Ўзбекистоннинг 2009 йил 1 январгача бўлган умумий ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 13,3 фоизини ташкил қилади.

Мамлакат президенти Ислом Каримов 2008 йил якунлари ва 2009 йил режалари муҳокама этилган ҳукумат йиғилишида бу ҳақда гапирар экан, Ўзбекистоннинг ташқи қарздорлиги халқаро меъзонлар бўйича “ҳар жиҳатдан мақбул ҳолат” сифатида баҳоланишини таъкидлади.


Президент ўз нутқида ташқи қарз масаласига бошқа тўхталмади ва диққатни жаҳон молиявий инқирози ҳамда унинг Ўзбекистонга кўрсатажак таъсирларининг олдини олиш масаласига қартади.

Ислом Каримовнинг айтишича, “2009-2012 йилларга мўлжалланиб қабул қилинган инқирозга қарши чоралар дастури Ўзбекистонни 2009 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устивор йўналиши бўлиб қолади”

Президент нутқида 2008 йилда мамлакат иқтисодиётига бир миллиард 700 миллион АҚШ доллари миқдорида ҳорижий сармоя киритилгани, бу эса 2007 йилга нисбатан 46 фоизга кўп экани айтилди.

-Жаҳон инқирози давом этаётганига қарамасдан, 2009 йилда мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилинадиган ҳорижий инвестициялар ҳажми бир миллиард 800 миллион долларга кўпаяди. Бунинг тўртдан уч қисми тўғридан-тўғри инвестициялардир,-деди президент Каримов.

Шунингдек, давлат раҳбари жаҳон инқирози шароитида Ўзбекистон банк тизимини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар кўрилганини ҳам қайд этди.

Унга кўра, бундай чоралар натижасида республика банкларининг умумий капитали 40 фоизга кўпайган ва бу миқдор “2010 йилгача икки марта оширилади”.

Бироқ таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистон ҳукумати кўраётган чораларга қарамай жаҳон молиявий инқирози бу мамлакатга ҳам сезиларли таъсир кўрсатади.

Бу ҳада Озодлик радиосига суҳбат берган тошкентлик таниқли иқтисодчи Виктор Ивони фикрича, инқироз туфайли Ўзбекистон маҳсулот экспортини камайтиришга мажбур бўлади.

- Биз ҳозир бўҳроннинг салбий оқибатларини сезмаётган бўлсак ҳам у секин-аста бизгача етиб келиши муқаррар. Нима учун? Чунки маҳсулот экспорти камаяди. Ҳозир пахта етиштириш ҳажми камаяяпти. Албатта¸ бунинг салбий таъсири бўлади,-деди Ивонин.


Айни пайтда, Россия ва Қозоғистон каби давлатларда инқирознинг кучайиши Ўзбекистонда ҳам қашшоқликнинг ортиши, нақд пул етишмовчилиги ва ишсизлик даражасининг ортишига сабаб бўлади, деган фикрлар мавжуд.

Масалан, Жаҳон банки тарқатган маълумотда айтилишича, 2009 йилда меҳнат муҳожирларининг даромадлари 50 фоизга камайиши мумкин.

Жаҳон банки ҳисоб-китобига ишонадиган бўлсак, 2008 йилда ўзбек мардикорлари Ўзбекистонга бир миллиард 800 миллион АҚШ доллари миқдорида пул жўнатмалари юборганлар.

Агар бу кўрсаткич 2009 йилда 50 фоизга камайса, Ўзбекистонда аҳолининг қашшоқлашуви ҳамда пул етишмовчилиги кузатилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
XS
SM
MD
LG