Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:36

Халқаро ташкилот ёпилди


2008 йил давомида Тожикистонда қашшоқ оилалар фарзандларига нарсоний динини ноқонуний тарзда тарғибот қилгани учун олтита халқаро ташкилот фаолияти тўхтатилди.
2008 йил давомида Тожикистонда қашшоқ оилалар фарзандларига нарсоний динини ноқонуний тарзда тарғибот қилгани учун олтита халқаро ташкилот фаолияти тўхтатилди.

Тожикистон Адлия вазирлиги Германиянинг “Alliance Mission” ташкилотини мусулмон болалари орасида насроний динини ноқонуний тарзда тарғибот қилганликда айблади ва бу ташкилот фаолиятини тўхтатди.

Тожикистон Адлия вазирлиги сиёсий ва нодавлат ташкилотларини қайдга олиш бўлими бошлиғи Давлат Сулаймоновнинг маълум қилишича, “Alliance Mission” ўз ҳаракат низомига зид тарзда тожик болалари орасида насроний динини тарғиб этиб келган.

- Германиянинг “Alliance Mission” ташкилоти Тожикистондаги кам таъминланган оилаларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш мақсадида мамлакатга кириб келган эди.

Афсуски, улар камбағал оилалар фарзандлари орасида насронийлар динини тарғиб этиб келгани аниқланди. Шу сабабли биз бу халқаро ташкилотнинг фаолиятини мамлакат ҳудудида батамом тўхтатишга қарор қилдик,- дейди адлия вазирлиги масъули.

Давлат Сулаймонов 2008 йилда ноқонуний фаолият юритган олтита ҳорижий ташилот мамлакатдан чиқариб юборилганини маълум қилди.

Адлия вазирлиги расмийси «Alliance Mission” ташкилоти диний фаолиятини давом эттиришни истаса Тожикистон маданият вазирлигига мурожат қилиши мумкинлигини таъкидлади.

Аммо Тожикистон маданият вазирлигининг дин ишлари бўйича бўлим бошлиғи Идибек Зиёев сўнги икки йил бадалида хорижий диний ташкилотлардан ҳали бирортаси бу вазирликка мурожат этмаганини маълум қилди.

Айни пайтда Тожикистонда 80 дан ортиқ ғайриисломий ташкилотлар фаолият юритаётгани ва улар ҳуқуқлари мамлакат Конститутцияси асосида ҳимояланганлигини уқтирди маданият вазирлиги масъули.

- Аммо афсуски, насроний ташкилотларнинг кўпи тожикистонликларга инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатиш баробарида ноқонуний диний тарғиботлар олиб боради.

Улар кўпинча насронийлар динига тегишли адабиётларни ўзбек,тожик ва рус тилларига таржима қилиб, аҳоли орасида тарқатади. Бу аввало Ислом дини таълимотига зид ва Тожикистон жамиятида низолар келтириб чиқариши мумкин,- дейди маданият вазирлиги расмийси Идибек Зиёев.

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Тожикистондаги намояндаси Паёми Фуруғий ҳорижий ташкилотлар фаолиятини таъқиқлаш оқибатида кам таъминланган оилаларга инсонпарварлик ёрдамлар етказиш йўллари ҳам ёпилиб қолишидан ташвишдалигини таъкидлайди.

- Бу ташкилотлар кўмаклар етказиш баробарида ўз дини ҳақида ҳикоя қилган бўлишлари мумкин. Аммо бу тарғибот эмас.

Мусулмонлар ҳам насронийлар жамиятида ўз дини, Худоси ҳақида суҳбатлари қилади. Аммо уларга ҳеч қим бу ишни қилма, демайди.

Қолаверса, мен билган кўпчилик тожиклар ўз хохишлари билан насроний динига кирган.

Тожикистон аҳолисининг тахминан 70 фоизи қашшоқликда кун кечириб турибди. Менимча асосланмаган баҳоналар билан ҳорижий ташкилотларни мамлакат ҳудудидан чиқариб юбориш ортидан шусиз ҳам оғир ҳаёт кечириб турган тожикистонликларни ночор аҳволга солиб қўйиш мумкин ,- дейди ЕХҲТнинг Душанбедаги вакили.

Қайд этиш жоизки, Тожикистон адлия вазирлиги ўтган йил “Ора Интернешнл” ташкилоти фаолиятини ҳам айнан ноқонуний диний фаолият олиб борганлик айби билан тўхтатиб қўйган эди.

Аммо ташкилот масъулларининг анча урунишларидан сўнг, феврал ойи бошларида бу ташкилот давлат қайдидан ўтиш имконига эга бўлди.

“Ора Интернешнл” ташкилоти масъул ходими Файзулло Бобоев адлия вазирлиги иддаоларини рад этар экан мана буларни айтди:

- Биз 18 йиллик фаолиятимиз давомида Тожикистондаги кам таъминланган оилалар фарзандларига ўқув қуроллари, дарсликлар, кийим - кечак ва озиқ-овқат каби инсонпарварлик ёрдамлари етказиб берганмиз.

Вазирликнинг бизга қўйган айблари асоссиздир. Чунки мен ўзим мусулмонман. Ишдан сўнг уйга боргач, таҳорат олиб намозларимни ўқийман. Ким қайси динни қабул қилиши бу унинг ихтиёри, унинг учун тарғибот шарт эмас,- дейди “Ора Интернешнл” расмийси.
XS
SM
MD
LG