Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:59

Қонун имзоланди, лекин...


Президент Назарбоев инсон ҳуқуқлари борасидаги халқаро қонунни имзолагани билан Қозоғистонда ҳуқуқи бузилган шахслар яқин орада ўз ҳақларини тиклай олмайдилар.
Президент Назарбоев инсон ҳуқуқлари борасидаги халқаро қонунни имзолагани билан Қозоғистонда ҳуқуқи бузилган шахслар яқин орада ўз ҳақларини тиклай олмайдилар.

Қозоғистон инсон ҳуқуқлари борасидаги яна бир халқаро ҳужжатни имзолади. Бироқ мамлакатда фаолият кўрсатаётган ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, бу ҳужжатнинг амалга тадбиқ этилиши анча қийин кечади.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар халқаро пактига оид Факультатив протоколнинг ратификация” қилиниши ҳақидаги Қонунга қўл қўйди.

Бу қонуннинг қабул қилиниши мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳуқуқлари паймол қилинаётган қозоғистонликларга ўз ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини сўраб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига мурожаат қилиш имконини беради.

Олмаоталик суҳбатдошимиз Мадина Айдарова, Қозоғистон томонидан фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар халқаро пактига оид Факультатив протоколнинг ратификация” қилиниши ҳақидаги Қонунни қабул қилиниши кунини 10 йилдан буён кутиб яшаётганини айтади.

Аниқланишича, суҳбатдошимизнинг икки укаси узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Мадина буни адолатсиз ҳук, деб ҳисоблайди. У 10 йил давомида, мамлакатнинг турли ҳуқуқ-тартибот идоралари ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотларига ҳукмнинг қайта кўриб чиқилишига ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилгани, аммо барча ҳаракатлари самарасиз бўлганини айтади:

- Мен ҳозир мамлакат ва мавжуд тизимга қарши чиқиб бўлмаслигини яхши тушунаман. Узоқ муддат давомида адолатнинг қарор топиши учун курашиб келдим. Аммо мамлакатдаги бирор-бир маъсул идора арзимизга эътибор бермади. 18-19 ёшдаги икки укам қалбаки айблов билан қамоқда ётибди.

Уларнинг соғлиғи жуда ёмон аҳволда, бир умрга ногирон бўлиб қолдилар. Қозоғистон халқаро ҳужжатга қўл қўйганидан хабар топгач эса, балки биз ҳам дардимизга даъво топармиз, укаларим ишининг қайта кўриб чиқилишига эришармиз, деган умид билан яшаяпмиз,-дейди олмаоталик суҳбатдош.

Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Евгений Жовтис мамлакат ушбу халқаро ҳужжатни қабул қилгани билан адолат излаб юрган қозоғистонликлар мушкули тезда ечилишига умид йўқлигини айтади:

- Шуни ҳисобга олиш керакки, БМТ нинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасида ишлайдиган ходимлар сони чекланган. Аммо ушбу ташкилот бутун дунё бўйлаб фаолият юритади.

Шу боис ҳуқуқлари бузилганидан арз қилиб, Женевага хат йўллаган қозоғистонликлар ишининг кўриб чиқилиши узоқ муддатга чўзилиши мумкин,-дейди Жовтис.

Айтиб ўтиш лозимки, Қозоғистон “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар халқаро пактига оид Факультатив протоколни” МДҲда энг охирги бўлиб имзолаган давлат бўлди.

Ўзбекистон бу ҳужжатни 1994 йилда ратификация қилган эди.

Мавзуни ўрганиш жараёнида бу ҳужжатнинг имзолангани ҳуқуқлари поймол қилинаётган ўзбекистонликларга кўп ҳам ёрдам бермаётганига гувоҳ бўлдик.

Ўзбекистонлик суҳбатдош Аитжон Мусаев “Озодлик” мухбирига Ўзбекистон Олий суди томонидан узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган 42 яшар ўғли Эркин Мусаевнинг ноҳақ қамалгани бўйича бир қанча маҳаллий маҳкамаларга мурожаат қилгани, охир-оқибат улардан акс-садо чиқмагач, тоқати-тоқ бўлгач, Женевадаги БМТ нинг инсон ҳуқуқлари қўмитасига ёрдам сўраб мурожаат қилгани ҳақида гапириб берди:

-Охирида биз ҳамма ҳужжатларни тўплаб, ООН га мурожаат қилдик. У ердан аудиторлар келиб, ўғлимнинг айби йўқлиги ва Ўзбекистон томони қайта суд ўтказиши кераклиги ҳақидаги хулосага келди.

Сўнг улардаги ишчи гуруҳ, Женевадан туриб, Ўзбекистон ҳукуматига бу борада расмий хат юборди. Мен унинг отаси бўлганим учун менга ҳам Женевадан инглиз тилида бир нусхасини юборишди, ўша хатнинг.

Шу хатда халқаро ташкилот бизнинг барча ҳужжатларимизни ўрганиб чиқиб, бизнинг аризада келтирилган мурожаатларимизга ишонишини билдирган ва Ўзбекистон томонидан ўғлим устидан қайтадан суд ўтказилишини талаб қилган.

Кейин биз бу хатни Ўзбекистон Олий суди ва Бош прокуратурасига юбордик, мана Женевадан хат келдику, бирор бир жавоб беринглар деб, улардан ҳеч қандай жавоб ҳам бўлгани йўқ. Мана шу аҳволда ўтирибмиз. Ўғлим ҳам қамоқда,-дейди нолиб ўзбекистонлик суҳбатдош.

Маълум бўлишича, подполковник унвонига эга 42 яшар Эркин Мусаев, узоқ йиллар давомида НАТО нинг тинчлик йўлидаги ҳамкорлик бўлимида Ўзбекистон вакили, сўнг эса Ўзбекистон мудофа вазирлигида, БМТ нинг наркотик моддалари ва жиноятчиликка қарши бўлимида ишлаб келган.

2006 йилда эса Мусаев Ўзбекистон Олий суди томонидан Америка ва Буюк Британия жосуси сифатида айбланиб, 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

БМТ нинг Женевадаги инсон ҳуқуқлари қўмитаси Эркин Мусаевга нисбатан Ўзбекистон суди томонидан билдирган айбловга шубҳа билдирган бўлса-да, Ўзбекистон томони Эркин Мусаевни 3 йилдан буён Бекободдаги қамоқда муттасил қийноқлар остида сақлаб келаётгани ва халқаро ташкилотнинг Мусаев ишини қайта кўриб чиқиш талабига сукут сақлаш билан жавоб бераётгани маълум бўлди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи келтирган маълумотга кўра, Ўзбекистон ҳукумати 60 дан зиёд инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонунларни қабул қилган. Бироқ, ҳозирги кунда уларнинг бирортаси ҳам амалга тадбиқ этилмаган.
XS
SM
MD
LG