Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:13

"Ўзбекистонда қашшоқлар кўпаяди"


"Глобал молиявий инқироз Ўзбекистон иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатмаганининг ҳайратланарли жиҳатлари йўқ", дейдилар иқтисодчилар.
"Глобал молиявий инқироз Ўзбекистон иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатмаганининг ҳайратланарли жиҳатлари йўқ", дейдилар иқтисодчилар.

Президент Каримовга кўра¸ Европа иттифоқида ишлаб чиқариш 1,5 фоизга камайган бир пайтда, 2008 йили Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш суръати 9 фоиздан ошган.


Президент Ислом Каримовнинг 13 феврал куни Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасидаги 2008 йил якунлари ва 2009 йил режаларига бағишланган йиғилишда сўзлаган нутқидан мана шундай маъно келиб чиқмоқда.

Президентнинг 13 феврал кунги нутқи бу каби мажлисларда одатда айтиладиган гаплардан мазмунан фарқ қилгани йўқ.

Лекин давлат раҳбарининг нутқини тайёрлаганлар унга халқаро молиявий инқирознинг Ўзбекистонга бевосита таъсир қилаётганига оид фикрларни ҳеч бир ҳижолатсиз қўшганини қайд этиш жоиз.

Йиғинда деярли бир ярим соат гапирган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳукумат кўрган чора-тадбирлар оқибатида мамлакат иқтисодиётининг ўсиш суръатлари ва макроиқтисодий барқарорлик тенденциялари сақланиб қолинганини таъкидлади.

Президентга кўра, ўтган йили ички ялпи маҳсулот тўққиз фоизга ошган. Бюджет соҳаси ишчиларининг ойлик маошлари ҳам ўртача бир ярим баробарга кўтарилиб, 300 АҚШ долларидан ортиқроқ миқдорга етган.

- Юзага келган барча муаммо ва қийинчиликларга қарамай, халқимизнинг фидокорона меҳнати ва амалга оширилган тадбирлар эвазига, 2008 йилда иқтисодиётимизнинг нафақат барқарор фаолият кўрсатишига, балки унинг юқори ўсиш суръатларини изчил таъминлашга эришдик. 2008 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари тўққиз фоизни... ташкил этди,- деди Каримов.

Қиёслаш учун айтиб ўтиш лозимки, иқтисодий бўҳрон туфайли ўтган йилнинг охирги чорагида евро пул бирлигини ишлатувчи давлатлар умумий ялпи ички маҳсулоти ҳажми бир ярим фоизга камайган.

Ўзбекистон иқтисоди эса, президент сўзларига кўра, тўққиз фоизга катталшган ҳам.

Ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Дмитрий Поваровга кўра, бунинг хайрон қоладиган жойи йўқ. Унинг айтишича, йил бошида Тошкентга келган Халқаро валюта жамғармасининг миссияси ҳам Ўзбекистон молиявий бўҳрондан зарар кўрмаганини тан олган.

-Бу гаплар бир-бирига тўғри келади, чунки Халқаро валюта жамғармасининг миссияси ҳам барча макроиқтисодий кўрсаткичларни тасдиқлади. Уларнинг кўрсаткичлари расмийларникидан унчалик фарқ қилмади,

Халқаро валюта жамғармаси фақат инфляция даражаси баландроқ эканини айтди, лекин ҳукуматнинг бошқа рақамларига улар рози бўлган.

Бунинг хайрон қоладиган жойи йўқ, чунки Ўзбекистон экспорт қиладиган товарлар, яъни хом ашё нархлари йилнинг бошида, бўҳрон бошланмасдан олдин имзоланган шартномаларда белгиланган миқдорда қолаверди. Шунинг учун ички ялпи маҳсулотнинг ўсгани мантиққа мос келади.

Лекин ҳукумат 2009 йилда экспортдан тушадиган даромад ҳажми камроқ бўлишини тушуниб турибди. Кейинги пайтларда президент Каримов ҳам, ҳукумат ҳам жорий йилда бўҳронга қарши кўриладиган чоралар ҳақида тез-тез гапираётгани ҳам бежиз эмас.

Шунинг учун президентнинг жума кунги нутқи, таъбир жоиз бўлса, халқаро ҳамжамият нигоҳида ҳам мантиққа мос келади,- дейди Поваров.

Лондондаги Иқтисодий тадқиқотлар марказининг Марказий Осиё давлатлари бўйича таҳлилчиси Жон Эндрю, Ўзбекистон иқтисоди 2008 йилда глобал бўҳрондан азият чекмаганига оид Халқаро валюта жамғармасининг хулосаларига қарамасдан, 2009 йил мамлакат иқтисоди учун жуда оғир келишини Каримов ҳукумати яхши тушунади, деган фикрда.

-Экспорт тушуми камайиб, қашшоқлик даражаси ортади. Жуда кўплаб меҳнат мухожирлари Ўзбекистонга қайтиб келади. Шунинг учун ҳам мамлакат ичкарисида ишсизлар сонининг ошишини башорат қилишимиз мумкин.

Каримов “иқтисод ўсишда давом этмоқда”, деган гапни қайсидир маънода шу пайтгача ҳақиқат қилиб кўрсатишга муваффақ бўлган эди. Иқтисодий бўҳрон шароитида у олиб бораётган сиёсат иқтисодиётнинг таназзулга юз тутишига сабаб бўлаётганини яшириш имкони қолмайди, - дейди Лондондаги Иқтисодий тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Жон Эндрю.
XS
SM
MD
LG