Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:11

Тиканли сим яна қалинлашди


Ўзбекистон-Тожикистон ўртасидаги Бекобод чегара чизиғи атрофида яшовчи аҳоли бошқа ҳудудларга кўчирилмоқда.
Ўзбекистон-Тожикистон ўртасидаги Бекобод чегара чизиғи атрофида яшовчи аҳоли бошқа ҳудудларга кўчирилмоқда.

Ўзбекистон Тожикистон билан чегараларини янада мустаҳкамлаш мақсадида чегараолди қишлоқлари аҳолисини бошқа ҳудудларга кўчира бошлади ва чегарани бўлиб турувчи 200 километрли канал қазиди.

Бундан ташқари чегара чизиғи бўйлаб қўшимча тарзда икки ўрамли тиканли сим тортилаяпти.

Бу иш Ўзбекистон-Тожикистон чегарасининг Тошкент вилоятидан ўтувчи қисмида амалга оширилаётир.

Ўзбекистоннинг Тожикистон билан чегарадош бўлган Бекобод туманида истиқомат қилувчи суҳбатдошларимизга кўра, расмий Тошкент чегарларни мустаҳкамлашни икки йил олдин бошлаган.

-Чегарада канал қазилди. Ҳозир эса тиконли симлар тортиляпти.

Тиконли симлар илгари ҳам бор эди. Уларнинг устидан яна бир ўрам сим тортилиб чиқиляпти.

Канал қазиш “Ойбек” қишлоғидан бошланган. Биз ҳам ҳайрон бўлдик, нима учун бундай қилинаётганини тушунмасдан.

Ахир Каримов Душанбега борганда уни яхши кутиб олишган эди. Каримов ўзи билан Душанбега Бухородан тожик артистларини ҳам олиб борган эди.

Ўшанда йўллар очилиб, илгаригидек эмин-эркин борди- келди қилар эканмизда, деган умид учқунлари пайдо булган эди. Бироқ ҳеч нарса ўзгармади, дейди Бекободда яшовчи Эргашали исмли йигит.

Унинг айтишича, шу кунларда чегараолди қишлоқлари аҳолиси чегара ҳудудидан олисроқ бўлган янги аҳоли пунктларига кўчирилмоқда.

- Бекобод туманидаги Сардоб, Наврўз, 4-бўлим ва металл заводига туташиб кетган бошқа қишлоқлар аҳолиси кўчирила бошланди, деб маълумот беради Эргашали.

Ўзбекистон томонининг бу тадбирларидан тожикистонликлар таажубда.

Тожикистоннинг Мастчох тумани Ўзбекистоннинг Бекобод тумани билан чегарадош. Бу туманида истиқомат қилувчи Восит Олимов аҳоли Ўзбекистон томони ҳаракатлари ҳақида фикр билдирди:

- Бугунги кунда Ўзбекистон ҳукумати қарори билан чегарадош қишлоқлардаги аҳолининг кўчирилиши бизни таажублантирмокда.

Бунинг устига¸ чегара оралиғига ҳеч қачон бўлмаган канал қазилди, янги тиконли симлар тортилди.

Ишонинг, кўз олдимизда Ўзбекистон томони амалга ошираётган бу мудҳиш манзара бизни ваҳимага туширмокда.Қўшниларнинг бу ҳаракатлари , худди урушга тайëргарлик ҳолатидек туюлмоқда.

Ахир ота - боболаримиз минг йиллардан буён бирга яшаб келган, халқни бундай даҳшатли усуллар билан бир-биридан ажратиб бўлмайди, дейди Восит Олимов.

- Илгари у ёқдан бу ёққа ўтишда ҳеч қандай муаммо йўқ эди. Эндиликда эса, Ўзбекистонда жаноза бўлса ҳам боролмай қолдик. Биз томонда жаноза бўлса ўзбекистонликлар келолмай қолди, дейди тожикистонлик Абдукарим Эралиев

Конибодомлик Жўрабой Муродов эса чегараолди ҳудудлари аҳолиси Ўзбекистон билан визасиз борди-келди тартибининг жорий қилинишини орзу қилиб яшаëтганини айтади.

-Мана, биз ҳозир Қирғизистоннинг ҳамма вилоятларига бемалол бориб келамиз. Виза талаб қилишмайди.Чегарада паспортни кўрсатиб ўтиб кетаверамиз.

Ўзбекистонга ҳам мана шундай эркин бориб- келсак яхши бўларди. Ахир биримизнинг қизимиз Ўзбекистонда, биримизнинг келинимиз ўша тарафдан...

Афсуски, борди-келди йил сайин қийинлашиб бормоқда, дейди Жўрабой Муродов.

Суҳбатдошларимизнинг айтишларича, икки давлат ўртасида виза тартибининг амал қилаётгани чегарада коррупциянинг ривожланишига ва чегарани ноқонуний тарзда кесиб ўтиш ҳолатларининг кўпайишига ҳам сабаб бўлмокда.

- Чегара постларида “учар таксичи”лар ҳам бор. Улар иши зарур одамларни айланма йўллар билан Ўзбекистонга катта пул эвазига ўтказиб қўядилар.

Чегара постидан ўтиш учун киши бошига 200 сўмдан тўлайсиз. Божхона ва ундан кейин милицияга ҳам 200 сўмдан берилади. Ниҳоят такси пулини тўласангиз¸ бемалол Ўзбекистонга ўтасиз, дейди чегара ҳудудида тирикчилик қилаётган таксичилардан бири.

Суҳбатдошларимизга кўра, икки давлат ўртасида виза тартибининг жорий қилинганидан фақат оддий аҳоли азоб чекаяпти.

Ҳамсуҳбатларимиз “Виза тартиби аллақачон бекор қилиниши керак эди, лекин чегарадан ўз чўнтакларини тўлдириш воситаси сифатида фойдаланаётган манфаатдор шахслар бунга йўл қўймаяпти”, деган фикрларни ҳам билдирдилар.
XS
SM
MD
LG