Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:53

Бишкек битимларни бекор қилмоқчи


Қирғизистон ҳукумати парламентга таклиф этган янги қонун лойиҳасида аксилтеррор коалициясига кирган барча давлатлар билан имзоланган шартномалар бекор қилиниши назарда тутилган.
Қирғизистон ҳукумати парламентга таклиф этган янги қонун лойиҳасида аксилтеррор коалициясига кирган барча давлатлар билан имзоланган шартномалар бекор қилиниши назарда тутилган.

Қирғизистон ҳукумати АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш билан бир қаторда аксилтеррор коалициясига кирган 11 давлат билан ҳам ҳарбий ҳамкорликни узишга қарор қилди.

Қирғизистон АҚШ етакчилигидаги аксилтеррор коалицияси аъзолари бўлмиш Австралия, Норвегия, Туркия, Франция, Жанубий Корея, Испания, Италия, Дания, Янги Зеландия, Полша ва Голандия билан имзоланган шартномаларни бекор қилиш таклиф этилган қонун лойиҳасини парламентга юборди.

Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати маълум қилди.

Бундан аввалроқ, қирғиз ҳукумати парламентга АҚШ билан 2001 йилда имзоланган шартномани бекор қилиш ва Бишкекдаги Америка ҳарбий ҳаво базасини мамлакат ҳудудидан чиқариш борасидаги қонун лойиҳасини таклиф қилган эди.

Айни пайтда Қирғизистон парламенти қўмиталари бу қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқдалар. Қўмиталардаги муҳокамалар якунлангач, бу қонун депутатларнинг умумий йиғилишида овозга қўйилади.

Агар парламент бу қонун лойиҳасини тасдиқласа 180 кун ичида АҚШ ўз базасини мамлакатдан олиб чиқиб кетиши шарт бўлади.


Бишкекдаги АҚШ базасини мамлакатдан чиқарилиши ҳақида 3 феврал куни Москвага борган президент Қурмонбек Бакиев Россия президенти Дмитрий Медведев билан бўлган учрашувидан сўнг ўтган матбуот анжуманида маълум қилган эди.

Бу баёнот янграши биланоқ, қирғиз парламенти депутатлари бу масалани кун тартибига киритишга тайёр эканликларини билдирган эдилар. Бироқ, Қирғизистон президентининг парламентдаги вакили Мирза Қулматов депутатларни шошмасликка ва бу масалани чуқур ўйланган ҳолатда ҳал этишга чақирган эди.

Шундан сўнг АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш муддати ортга сурилди ва бу борада якуний қарор март ойида қабул қилиниши мумкинлиги айтилмоқда.


Айни пайтда, Бишкекдаги АҚШ базасини сақлаб қолиш мақсадида Оқ уй расмийлари музокаралар жараёни давом этаётганини маълум қилмоқда. Аммо бу музокаралар қирғиз томони билан эмас, Кремл билан олиб борилмоқда.

“Вашингтон таймс” газетасининг ёзишича, 11 феврал куни АҚШ давлат котиби ўринбосари Уилям Бернс Москвага жўнаб кетган. Газета Москва сафаридан асосий мақсад АҚШ базасини Қирғизистонда қолдириш юзасидан музокаралар олиб бориш экани ҳақида хабар берган.

Қирғизистоннинг собиқ Ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенқулов фикрича, бундай вазиятда Америка ҳарбий ҳаво базаси тақдирини Қирғизистон эмас, Россия ва АҚШ ҳал қилади.

Қирғизистон Хавфсизлик Кенгашининг собиқ котиби Мирослав Ниёзов ҳам бу фикрни тасдиқлайди:

- Очиқ айтадиган бўлсам, база масаласини Қирғизистон ҳал этолмай қолди. Бу база тақдири катта давлатларнинг қўлида. Шунинг учун ҳам бу борадаги қонун лойиҳасини тасдиқлаш иши ортга сурилиб келинмоқда.

Ҳозир АҚШ расмийлари Москвада бу йўналишда музокаралар ўтказаётгани тўғрисида маълумотлар бор.

База масаласида Қирғизистон мустақил қарор чиқарувчи давлатга эмас, ўзгалар ишораси билан ҳаракат қилувчи қарам давлатга айланиб қолди. Қашшоқлик ва иқтисодий заифлик мамлакатни мана шу аҳволга келтириб қўйди,-деди Мирослав Ниёзов.

Айни пайтда Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев ҳам 11 феврал куни ўтказган матбуот анжуманида АҚШ базасинининг мамлакатдан чиқарилиши иқтисодий сабаблар билан боғлиқ эканини айтган эди.

Президент Бакиевнинг билдиришича, АҚШ томони ижара ҳақини ошириш тўғрисидаги Қирғизистон талабларини инқор этган ва шундан сўнг қирғиз ҳукумати базани чиқариш тўғрисидаги қарорни мустақил тарзда қабул қилган.
XS
SM
MD
LG