Линклар

logo-print

Президент: Ўртача ойлик 300$ дан ошди

  • Фаррух Юсуфий

13 феврал йиғинида президент Каримов яна бир бор¸ жаҳонда авж олиб бораëтган иқтисодий бўҳронга қарамай¸ Ўзбекистонда иқтисоднинг ривожланиб¸ халқ фаровонлиги муттасил ошиб бораëтганини мамнуният билан қайд этди.

13 феврал йиғинида президент Каримов яна бир бор¸ жаҳонда авж олиб бораëтган иқтисодий бўҳронга қарамай¸ Ўзбекистонда иқтисоднинг ривожланиб¸ халқ фаровонлиги муттасил ошиб бораëтганини мамнуният билан қайд этди.

Ўзбекистондаги давлат идоралари ходимлари¸ ўз ойликларининг қанча экани ҳақда президент айтаëтган гапгами ëки қўлларига тегаëтган маошгами ишонишларини билмай яна ҳайрон қолдилар.

13 феврал куни Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасида "2008 йилда мамлакатни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш якунлари ва 2009 йилда иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг энг устивор вазифалари"га бағишланган йиғинда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов нутқ сўзлаб, жаҳонда авж олган бўҳронга қарамасдан мамлакат иқтисодиётининг ўсиш суръатлари жадал кетаётганини таъкидлади.

Президент Каримов бу йиғинда ҳам, кейинги икки-уч йилги нутқлари учун одат бўлиб қолган “аҳолининг реал даромади кундан-кунга ошиб бораётгани”га оид фикрларини конкрет рақамларда тасвирлашга уринди.

Ўтган йили бюджет соҳаси ишчиларининг ойликлари неча пулни ташкил қилгани оддий ўзбекистонликларга тушунарлироқ бўлсин учун президент ўзбекистонликларнинг ойлигини яна АҚШ долларига чақди.

- 2008 йилда ўртача иш ҳақи бюджет ташкилотларида 1¸5 баробардан зиëд¸ бутун иқтисодиëт бўйича эса 1¸4 баробар ошди. Натижада ўтган йили ўртача иш ҳақи миқдори 300 АҚШ долларидан ортиқ бўлди. Аҳолининг реал даромадлари эса йил давомида жон бошига 23 фоиз кўпайди¸ деди Каримов.

Президент Каримов 2007 йилда Ўзбекистонда ўртача иш ҳаққи 200 АҚШ долларига етганини айтган эди. Бундан чиқадики¸ ўтган бир йил ичида ўзбекистонликларнинг ўртача ойлик маоши 100 доллардан кўпроққа ошган.

Ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Дмитрий Поваров баъзи давлат хизматчиларининг ойлиги ошган бўлса ошгандир, дейди. Лекин бутун мамлакат бўйлаб ойликлар президент айтган даражага чиққанига ишониш қийин, дейди иқтисодчи.

- Бутун республика бўйича буни айтиш қийин. Балки бу Тошкент шаҳри учун ўртача олинган рақамдир. Лекин бутун республика учун ўртача ойлик миқдори¸ албатта¸ пастроқ бўлади.

Афтидан ҳукуматнинг маошнинг ўртача миқдорини ҳисоблашга оид ўз усуллари борга ўхшайди. Лекин кўпчилик, яъни оддий ўзбекистонликларнинг ҳисоб-китоби бунга тўғри келмайди, албатта, дейди иқтисодчи Поваров.

Сирдарё вилоятдаги мактаблардан бирида ўқитувчи бўлиб ишлайдиган Роҳила опанинг ҳисоб-китоблари ҳам, президентнинг ҳисоб-китобидан фарқ қилади.

Суҳбатдошимиз олий тоифали ўқитувчи ва президентнинг гапи рост бўлса, йўқ деганда ўртача даражада, 300 АҚШ долларидан кўпроқ ойлик олиши керак.

- Ойлигимиз 168 минг сўм. Кўпайгандан кейин тахминан 180 минг сўмга яқин¸ дейди Роҳила опа.

180 минг ўзбек сўмини долларга чақсак, биринчи тоифали ўқитувчининг ойлик маоши президент айтгандек 300 эмас¸ 110-120 АҚШ долларини ташкил қилади.

Жиззахдаги туман шифохоналарида тез ёрдам машинаси ҳайдовчиси Баҳодир аканинг ойлиги 300 доллар нари турсин, 100 долларга ҳам бормайди.

- 100 минг сўм оламан.

Озодлик: Бу қўлингизга тегадиганими?

- Ҳа.

Озодлик: Рўзғорга етадими?

- Кам-кам ишлатса етади.

Озодлик: Масалан¸ етмай қолса нима қиласизлар?

- Ишлаймиз¸ бошқа жойда меҳнат қиламиз. Ҳамшираларники кўпроқ¸ докторларники ундан сал кўпроқ.

Озодлик: Масалан¸ доктор неча пул олади?

- 200 минг сўмга яқин олади.

Устига устак ўқитувчи ва шифокорлар, қолаверса¸ бюджет соҳасининг бошқа ишчиларига давлат жорий қилган “иқтисодий санкциялар” туфайли президент айтган 300 доллар у ёқда турсин, ойлигимизнинг каттагина қисмини кўрмаймиз, дейди сирдарёлик ўқитувчи.

Роҳила опа: Ҳар ой қарзимиз бўлса ҳам¸ бўлмаса ҳам газга ушлашади. Аҳолининг аксар қисми газларнинг қарзларини тўлай олмайди. Тўлаш учун аҳолида пул йўқ. Менимча¸ тиббиëт ходимлари ва ўқитувчилар шу қарзларни ëпиб борамиз.

Мана¸ январ ойлигининг қоғозини кеча олдик. 9 минг сўм газга¸ 9 минг сўм светга ушлаб қолган. Ваҳоланки мен бир ой давомида 9 минг сўмлик свет ишлатмайман. Бундан ташқари бизга пластик карточка чиққан.

Ҳар ой 25 минг¸ 30 минг пластик карточкага ушлашади. Биз ўша пластик карточкани олиб¸ бозорда ўзлари очиб қўйган қиммат магазинлардан нарса олишга мажбурмиз. Пластик карточкага ҳамма нарса қимматроқ. Бундан ташқари келадиган меҳмонлар...

Озодлик: Опа кечирасиз¸ қанақа меҳмонлар?

Роҳила опа: Текширувчиларда энди. Текширувчилар вақти-вақти билан келиб туради. Уларни меҳмон қилмасангиз бўлмайди.

Озодлик: Уларни ўз ҳисобларингиздан меҳмон қиласизларми?

Роҳила опа: Албатта¸ бошқа кимнинг ҳисобидан бўлади? Меҳмон қилишга кетган ëки уларнинг чўнтакларига солиб қўйилган пул ўша ишлайдиган 50-60 одам ўртасида бўлинади.

Кейин яна конспектларга. Биласиз ҳозир ўқитувчиларга роса қоғозбозлик. Бизнинг ўзимизга яраша кундалик¸ ойлик¸ йиллик деган нарсаларимиз бор. Буларнинг ҳаммасини биз ўз пулимизга сотиб оламиз¸ дейди президентининг ойлик ҳақдаги баëнотига муносабат билдирган олий тоифали ўқитувчи Роҳила опа.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG