Линклар

Айб “Ўзбекэнерго” га юкланди


Расмийлар¸ Ўзбекистон вилоятларида кунига 14 соатдан чироқ ўчаётганини авария ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида амалга оширилаётган тадбир сифатида изоҳламоқдалар.

Расмийлар¸ Ўзбекистон вилоятларида кунига 14 соатдан чироқ ўчаётганини авария ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида амалга оширилаётган тадбир сифатида изоҳламоқдалар.

Қиш мавсумида нега Ўзбекистонда аҳоли ва саноат объектлари эҳтиëжи учун етарли электр йўқ¸ деган савол жавоби очиқ қолаëтган бир пайтда¸ бундай ҳолатга билвосита маъсуллардан бири огоҳлантирилди.

Ўзбекистон Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб қувватлаш қўмитаси “Ўзбекэнерго” компаниясига 2008 йилда аҳолига сифатсиз хизмат кўрсатгани учун тўрт миллиард сўм жарима солиниши борасида огоҳлантириш хати жўнатган.

Бу ҳақда хабар қилган newsuz.com интернет нашри маълумотига кўра, “Ўзбекэнерго” компанияси бу огоҳлантиришни жиддий қабул қилмаган.

Буни мамлакатнинг деярли барча вилоятларида кунига 14 соатдан электр энергияси узиб қўйилаётганидан ҳам сезиш мумкин.

Монополиядан чиқариш қўмитасининг расмий сайтида хабар қилинишича, Самарқанд вилояти, Ургут тумани электр тармоқлари корхонаси томонидан тумандаги “Бешёғоч”, “Ватан”, “Қўзибек” ҳамда “Калдивожар” қишлоқларига бир суткада 12 соат электр қуввати берилмаётгани кузатилаяпти.

Бунинг натижасида аҳолининг электр таъминотидаги узулишлардан норозилиги ҳам ортиб бораётир.Кейинги пайтда биргина Монополиядан чиқариш қўмитасига келаётган шикоятларнинг 25 % айнан электр энергияси муаммолари билан боғлиқ бўлаяпти экан.

Биз билан суҳбатлашган самарқандлик аёл ҳам чироқ ўчирилиши мунтазам давом этаётганинидан шикоят қилади.

- Кунига 8-10 мартадан ўчиб ëнаяпти. Бор нарсани йўқ қилиб қўйса¸ алам қилар экан¸ дейди самарқандлик аёл.

Самарқандлик аёл чироқ ўчирилиши юзасидан шикоят қилиб турли ташкилотларга мурожаат қилишганлигини, лекин ижобий натижага эришмаганини айтади.

Балки бундай арз-додларни эшитувчилар Республика Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб қувватлаш қўмитасида топилиб қолгандир? “Ўзбекэнерго”га аҳолининг аризаларидан сўнг огоҳлантириш берилгандир?

Мана шу саволларга жавоб олиш учун Монополиядан чиқариш қўмитасига мурожаат қилдик.

Бироқ қўмита мутасаддиси newsuz.com интернет нашри тарқатган маълумотни тасдиқлагани ҳам, рад этгани ҳам йўқ:

- Биз будай саволларга телефонда жавоб бермаймиз. Ëзма равишда мурожаат қилинг¸ ëзма жавоб қайтарамиз¸ деди Республика Монополиядан чиқариш қўмитаси мутасаддиси.

Ўзбекистон Монополиядан чиқариш қўмитаси ўтказган мониторинг натижаларида қайд қилинишича, “Ўзбекэнерго” Давлат акционерлик ташкилоти вилоят ҳокимликлари билан келишган ҳолда электр таъминотини узиш жадвалларини тасдиқлаган. Бу жадвал бўйича жойларда ҳар куни 2 соатдан 14 соатгача чироқ ўчирилади.

Андижон вилоят монополиядан чиқариш бошқармаси ходимига кўра, электр энергиясида мазкур жадвалдан ташқари узилишлар бўлсагина, қонун бузилган ҳисобланади.

- График бўйича ўчиришлар бор. Графикдан ташқари ўчириш ҳолатлари бўладиган бўлса¸ биз уни аниқлаб¸ унга нисбатан чора кўраяпмиз.

Озодлик: Нима учун график билан ўчирилаяпти? Бу график қаердан пайдо бўлди?

- Қиш мавсуми муносабати билан электр энергиясига талаб катта бўлганлиги учун аварияларнинг олдини олиш мақсадида чекловлар амалга оширилган.

Озодлик: Ўзбекистонда электр энергияси етишмаяптими? Нима учун чекловлар мавжуд?

- Йўқ¸ етишади. Лекин қиш мавсумида электр энергиясига бўлган талаб кўпаяди. Қиш мавсумида электрдан фойдаланишда лимитдан ошиб кетиш ҳолатлари бўлади. Шунинг олдини олиш учун электр таъминотига чеклов қўйилади.

Озодлик: Демак¸ электр энергияси етмаяпти?

- Етаяпти¸ лекин белгиланган лимитдан ошмаслигининг олди олинаяпти.

Андижондан саволимизга тўлиқ жавоб ололмагач, Фарғона вилояти монополиядан чиқариш бошқармасига мурожаат қилдик.

Озодлик: Сиз боя узилишлар бўлмаяпти, деб айтдингиз. Демак¸ Фарғонада чироқ ўчмаяптими?

- Ўчаяпти. Бироқ чироқнинг ўчиши маълум бир тартибга тушиб қолганда, опа.

Озодлик: Нима деганингиз у?

- График бўйича ўчирилаяпти.

Озодлик: Нимага ўша график бўйича ўчирилаяпти? Нима электр энергияси етишмаяптими?

- Билишимча¸ электрдан фойдаланиш кўпайиб кетса¸ автомат ташлаб юбормаслиги учун шундай қилинган.

Озодлик:
Бу ҳолат фақатгина автоматнинг кучи етмаслиги билан боғлиқми?

- Энди бошқа сабаблари ҳам бўлса керак.

Озодлик:
Айтиб беринг, ўша, бошқа сабабларини.

- .........
Суҳбатдошимиз - Фарғона вилояти монополиядан чиқариш бошқармаси ходими телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Электр энергияси бўйича бош монополиячи бўлган “Ўзбекэнерго” Давлат акционерлик компаниясидан ҳам бу борада тўлиқ жавоб олиш имкони бўлмади.

Аввалроқ мазкур ташкилот ходими Озодлик билан суҳбатда электр таъминотидаги узилишларни шундай изоҳлаган эди.

Озодлик: Нима учун чироқ ўчирилаяпти?

“Ўзбекэнерго” ходими: Чироқлар ўчирилаяпти, деган гап сал нотўғри...

Озодлик: Нимага?

“Ўзбекэнерго” ходими
: Нимага деганда, чироқ ҳеч қачон ўзидан-ўзи ўчмайди.

Озодлик: Демак¸ кимдир ўчиради.

“Ўзбекэнерго” ходими:
Уни ҳеч ким ўчирмайди. Авария ҳолатида ўчиши мумкин.

Озодлик: Демак¸ ҳамма жойда авария ҳолати мавжуд эканда?

“Ўзбекэнерго” ходими: Ҳамма жойда авария ҳолати мавжуд эмас. Авария ҳолати бўлиши мумкин. Ундан ташқари¸ автомат системаси ўчиши мумкин.

Ўзингиз эшитганингиздай, “Ўзбекэнерго” ходими билан бўлган суҳбатимиз ҳам масалага ойдинлик киритмади.

“Ўзбекэнерго” Давлат акционерлик компанияси электр энергиясини тўлиқ етказиб бермаётгани боис “Табиий монополиялар тўғрисида”ги ва “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларни қўпол равишда бузаётгани таъкидланаяпти.

Андижон вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ходимига кўра, ўтган йили вилоятда “Ўзбекэнерго” томонидан жуда кўплаб қонунбузилишларга йўл қўйилган.

- Электр энергиясининг ўчиши натижасида зиён кўриш ҳолатлари юзасидан биз 2008 йилда истеъмолчиларга 7 миллион сўмлик моддий зарарни ундириб берганмиз¸ деди Андижон вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ходими.

Монополиядан чиқариш қўмитаси мониторинги натижаларига кўра, Навоий вилоятидаги НТКМ комбинатига қарашли ишлаб чиқариш корхоналарига электр ўчиб ёниши натижасида 101131 минг сўм, Фарғона вилояти Магнат корхонасига 300 минг сўмлик зарар етказилгани аниқланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG