Линклар

logo-print

Тошкент портлашларидан 10 йил ўтиб....

  • Барно Анвар

Таҳлилчилар фикрича¸ 1999¸ 2004 ва 2005 йил Ўзбекистонда содир бўлган қонли воқеалар¸ Ислом Каримов ҳокимиятига бевосита тажовуз ўлароқ баҳоланди.

Таҳлилчилар фикрича¸ 1999¸ 2004 ва 2005 йил Ўзбекистонда содир бўлган қонли воқеалар¸ Ислом Каримов ҳокимиятига бевосита тажовуз ўлароқ баҳоланди.

1999 йил 16 февралида Тошкент марказини титратган портлашлардан 10 йил ўтиб ҳам жамоатчиликнинг бу воқеалар ҳақда билмаганлари билганларидан кўпроқлигича қолмоқда.

Ўзбекистонда “16 феврал воқеалари” номини олган портлашлар содир бўлганига 10 йил тўлди.

Ҳозир Тошкент шаҳри ёки умуман, Ўзбекистоннинг исталган йирик шаҳрида қаттиқроқ гумбирлаш эшитилса, кўпчиликнинг хаёлидан дарҳол “қаердадир портлаш бўлди-ёв” деган хавотир ўтиши мумкин.

Аммо, бундан 10 йил муқаддам – 1999 йилнинг 16 февралида Тошкент марказида шундай гумбирлаш эшитилганда, марказдаги матбуотчилар уйида ўтирган сиёсатдан яхшигина хабардор амалдор журналистлар ҳам дастлаб: “Шу атрофда бўлаётган қурилишлардан бирининг девори қулади-ёв... ”, деган тахминни айтган эди.

Лекин бу овоз, айтайлик, газ балони ёки ёқилғи қуюш шахобчасидаги цистерна, ёинки қулаган девор ҳам эмас, балки портлатилган бомба овози эканини воқеадан карахт Тошкент аҳлига ўша заҳотиёқ ва биринчи бўлиб президент Ислом Каримовнинг ўзи айтган эди.

Дастлабки портлаш бўлиши билан телеэкранда пайдо бўлган Каримовнинг бу Ўзбекистон конституцион тузими-ю, унинг раҳбарига қарши террорчилик ҳужуми экани ҳақидаги комили ишонч билан айтган сўзлари кўпчиликнинг ёдида бўлса керак.

Энг қизиғи, навбатдаги портлаш Ислом Каримов сўзлаётган паллада содир бўлган ва Каримов ортига бир енгил қараб қўйиб, яна хотиржам сўзларини давом эттирган эди.

Орадан 10 йил ўтиб, расмий Тошкент Ўзбекистон тарихида содир бўлган илк террорчилик ҳужуми, дея тақдим қилинган ана шу феврал воқеасини ёдга олар эканмиз, бугун бу ҳақда нималарни биламиз, нималарни эса билмаймиз, деган саволга жавоб топишга уриндик.

Расмий Тошкент баëнотлари

1999 йилнинг 16 февралида 45 минут ичида Тошкент шаҳрининг беш нуқтасида портлаш содир бўлди.

Шу куни Вазирлар Маҳкамаси биносида 1998 йил якунларига бағишланган йиғилиш бўлиши керак эди. Биринчи портлаш президент Каримов келишига 10 дақиқа қолганда – соат 10.45 да мана шу бино олдида бўлди.

Шундан сўнг Ички ишлар вазирлиги, Миллий банк, “Нодирабегим” кинотеатри олдида, Яккасарой туманидаги ҳовлида портлаш юз берди.

Мамлакат расмийлари баёнотига кўра, портлашлар оқибатида 16 одам нобуд бўлди¸ 100 дан ортиқ киши жароҳатланди.

Ҳодиса содир бўлган куниёқ, аввалига президент Каримов, кейин эса Ўзбекистон Ички ишлар вазири Зокир Алматов ва Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятовлар телевидениеда чиқиш қилиб, бу қўлига қурол олган радикал диндорларнинг террор ҳужуми, дея воқеага дарҳол баҳо берган ва айбдорларни ҳам айтиб улгурган эди.

Уни уюштиришда эса¸ кўп ўтмай расман Ўзбекистон Исломий ҳаракати айбланди.

1999 йилнинг 3 июнида Ўзбекистон Олий суди 16 феврал портлашларига алоқадорликда айблаб, 22 кишини суд қилди. Айбланганлар орасида Зайниддин Асқаров, Баҳром Абдуллаев, Муродилла Қозиевлар бор эди. Судланганларнинг олтитасига ўлим жазоси берилди.

Орадан бир йил ўтиб, мазкур ҳужумларни уюштиришда айбланиб, Эрк партияси раиси Муҳаммад Солиҳ, Ўзбекистон исломий ҳаракати раҳбарлари Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангонийлар ҳам сиртдан судга тортилди.

Муҳаммад Солиҳ 15 йилу 6 ойлик қамоққа, Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангонийлар ўлим жазосига ҳукм қилиниб, халқаро қидирувга берилди.

Кейинчалик Эрк партияси лидерининг укалари ва яқин сафдошлари, жумладан, Мамадали Маҳмудов каби мухолифат аъзолари ва зиёлилар ҳам ҳибсга олинди.

Бу 1999 йил 16 феврал портлашлари ҳақида расмий Тошкентдан эшитганимиз баёнотлар, яъни билганларимизнинг умумий мазмуни ва бу мазмун шу кунга қадар ҳам ўзгаргани йўқ.

Энди эса билмаганларимиз ҳақда.

16 феврал воқеалари ҳақда билмаганимиз билганларимиздан кўпроқ ва бу жиҳатларни эса узоқ санаш мумкин.

Энг аввало, бу воқеаларда ҳақиқатда ҳам 20 га яқин одам ўлдими? Бешта портлашда¸ ҳақиқатда ҳам¸ 100 га яқин одам жароҳатландими?

Қолаверса, бу портлашни ростдан ҳам Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари содир этдими? Агар бу ҳақиқатан ҳам уларнинг жинояти бўлса, улар нега ва қандай қилиб буни амалга оширди?

Мисол учун, улар президент Каримов келишидан анча олдиндан тўлиғича қуролланган милиционерлар қуршовида бўладиган Вазирлар Маҳкамаси биноси олдига бомба ўрнатилган машиналарни қандай қилиб олиб кирди?

Хўп, агар бу мамлакат раҳбари - президент Каримовга қарши қаратилган ҳужум экан, нега унда фақат Вазирлар Маҳкамаси биносига эмас, яна бошқа тўрт бинога ҳужум қилинди?

Бу - шу кунгача жўялироқ жавоб тополмаганимиз бирламчи саволлар.

Кейинги саволлар¸ айблов далиллари хусусида. Ҳатто, асосий айбдор, деб топилган Муҳаммад Солиҳнинг адвокати Салима Қодирова ҳам шу кунгача айблов хулосасини бирор марта кўрмаган.

- Мен танишмаганман. Менга кўрсатишмади. Менинг бу ҳукмни бекор қилишларини сўраганимнинг сабаби ҳар битта шахс агар унга айблов қўйилган бўлса¸ судда унинг ўзи жавоб бериши керак¸ дейди Салима Қодирова.

Салима Қодирова айблов хулосасини кўрмагани боис Муҳаммад Солиҳ билан бирга 16 феврал воқеаларида айбланиб, судга тортилган диндорлар устидан чиқарилган ҳукмни ҳам ноқонуний, деб ҳисоблайди.

Бундай фикрни билдираётган биргина Салима Қодирова эмас. Ҳюман Райтс Уотч, Амнести интернэшнл ташкилотлари ва Ўзбекистондаги кўпгина нодавлат ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳлари ҳам шундай фикрда.

Ҳюман Райтс Уотч - расмий Тошкентнинг бу даъволарининг қандай далилларга асосланганини шу кунгача аниқлашга уриниб келаётган ташкилотлардан бири.

- Албатта, ҳукуматда бу воқеаларга оид аниқ маълумотлар борлигини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Аммо бирор ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотида бу ҳақдаги аниқ маълумотларни кўриш имкони йўқ. Шу жумладан¸ бизнинг ташкилотда ҳам.

Қанча одам қандай айблов билан, қай далиллар асосида қамалди, қувилди, тазйиққа олинди – бу биз учун ҳануз номаълум, дейди Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг узоқ йиллар Ўзбекистонда ишлаган вакили Алисон Гил.

Калаванинг учи яна чигаллашди

2003 йилнинг ноябрида¸ аввалига 16 феврал воқеасига ойдинлик киритгандек туюлган, аслида эса калаванинг учини янада чигаллаштирган навбатдаги воқеа содир бўлди.

Кутилмаганда, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати мамлакатдаги хорижий ахборот воситалари мухбирларини 16 феврал портлашларида асосий айбдор, деб тақдим қилинган Ўзбекистон исломий ҳаракати етакчиларидан бири Зайниддин Асқаров билан учрашувга таклиф қилди. Таклиф қилдигина эмас, Зайниддин Асқаровга ҳақиқатни айтиш имконини ҳам берди.

Бу суҳбат чоғида Асқаровни кузатиб турган махсус хизмат ходими негадир сигарет чекишга чиқиб кетган-у, шу бўйи анча вақт Асқаров мухбирлар билан холи қолдирилган эди.

Ўшанда Асқаров: “16 феврал воқеаларига Муҳаммад Солиҳнинг умуман алоқаси йўқ, мен ва яна бир неча айбланувчиларнинг судда берган кўрсатмалари ёлғон эди”, деди.

Бунинг устига Асқаров шахсан ўшандаги Ички ишлар вазири Зокир Алматовнинг ўзи ёлғон ваъда бериб, судда ёлғон гувоҳлик беришга кўндирганини айтди.

Портлашни ташкиллаштирган, дейилган диндор йигитлар гуруҳи 1995 йилда ғойиб бўлган андижонлик таниқли имом Абдували қорини топиш учун қўлига қурол олган ва президент Каримовни ўлдиришга қасд қилган, деди Зайниддин Асқаров ўшанда.

- 16 феврални ким қилди деса¸ ҳақиқатда Оллоҳ розилиги учун Абдували қори акани чиқариш учун унинг шогирдлари қилди¸ лекин давлат бундан 100 фоиз курсда ( хабардор - муҳ.) эди. Именно Йўлдош Шералиев¸ Рустам Иноятов курсда эди¸ деган эди Зайниддин Асқаров.

Зайниддин Асқаров берган баёнот аввалига мамлакат ва хориж жамоатчилигини ҳайратга солган бўлса ҳам, кейинчалик яна янги саволлар пайдо қилди.

Хусусан¸ Зайниддин Асқаров портлашни бир гуруҳ қуролли диндорлар уюштирди ва бундан Ўзбекистон махфий хизматлари ўз манфаати йўлида фойдаланди, деди. Аммо, расмий Тошкент ҳам бу жиноятни радикал кайфиятдаги қуролланган диндорлар қилганини айтган. Демак, жиноятчи, ҳар икки баёнотда ҳам, қуролланган диндорлар бўлиб чиқаяпти.

Хўш, ростдан ҳам Абдували қорининг муридлари қўлига қурол олиб, давлат раҳбарига суиқасд уюштирдими? Хўп, уларнинг мақсадидан хабардор ҳукумат бундай жиноятга ўз манфаати йўлида шерик бўлган экан, Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати нега Асқаровга ҳақиқатни гапириш имконини берди? Ёки Асқаров айтганидай, Аллоҳ имкон бериб, у миллий хавфсизлик хизмати ходимлари бехабар ҳолда ўз дардини айтиб олдими?

Булар ҳам шу кунгача жавоби ноаниқ, фақат тахмин билан чекланаётганимиз саволлардан навбатдагилари. Ҳар ҳолда расмий Тошкент кейинчалик Зайниддин Асқаровни руҳий хастага чиқариб, ҳамма саволларни очиқ қолдирган эди.

1999 йил 16 феврал портлашлари мустақил Ўзбекистон тарихида илк террорчилик ҳужуми сифатида ёдда қолди.

Ундан кейин эса - 2004 йилда Тошкент шаҳри ва вилояти, Бухоро вилояти ва яна бошқа жойларда кетма-кет портлашлар содир бўлди.

Бу гал ҳам расмий Тошкент портлашларни радикал диндорларга юклаб, энди белига бомба боғлаган камикадзелар тинч аҳоли жонига тажовуз қилаётгани ҳақида баёнот берди.

Давлат тузумига қурол билан тажовуз қилишга бел боғлаган радикал, диний экстремист ташкилотлар рўйхати ҳам кенгайди — Ўзбекистон исломий ҳаракати, Ҳизбут-Таҳрир, Ўзбекистон исломий жиҳод иттифоқи ва яна айрим илгари номи матбуотга маълум бўлмаган гуруҳлар ҳам бирин-кетин айбдорлар рўйхатига қўшилди.

Ўзбекистонда минглаб мусулмонларни Ўзбекистон жиноят кодексининг 159, 244 ва бошқа моддалари билан мамлакат конституцион тузумига тажовуз ва диний экстремистик ташкилотларга алоқадорликда айбланиб, қамаш авжига чиқди.

Ўзбекистонда узоқ йиллар айнан ана шу қатағонлар устида тадқиқот олиб борган Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти кузатувлари:

- Ўзбекистон ҳукумати 1999 йилги портлашлардан минглаб мўътадил мусулмонларга қарши репрессиясининг асосли сабаби сифатида фойдаланмоқда. Бу воқеаларни баҳона қилиб, минглаб тинч мусулмонларни давлат душмани, экстремист тамғаси остида қамади, тазйиққа олди ва ҳануз тазйиқ қилмоқда.

Ваҳоланки, бу портлаш ҳақиқатда ҳам қўлига қурол олган диндорларнинг террорчилик ҳужуми эдими ёки йўқ — буни аниқлаш мумкин бўлган мустақил текширув ўтказилгани йўқ, дейди Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг узоқ йиллар давомида Ўзбекистонда ишлаган вакили Алисон Гил.

Бу воқеалар жамоатчиликни яна бир бор Зайниддин Асқаров баëнотига қайтарди. Асқаров 2003 йилда Ўзбекистонда диндорлар, яъни мусулмонлар, жиҳодга ҳозирлик кўрмоқда, деган эди.

- Бир нарсани эълон қилмоқчиманки¸ Ўзбекистонда яқинда шу даражада қатлиом¸ жиҳод бошланадики¸ буни на Каримов¸ на БМТ тўхтата олади. Чунки жуда қаттиқ тайëргарлик кетаяпти. Бизнинг йигитларимиз бу жиҳод йўлидан қайтмайди.

Халқимизни зулмдан қутқариш учун қилинадиган террорлари ва милицияларни сўйиш кампания ҳашарларини олдиндан хабарини бериб қўймоқчиманки¸ Ислом раҳмдил дини бўлганлиги учун ҳаммамизнинг мақсадимиз олдин халқаро ҳаракатлар¸ ташкилотлар Ўзбекистонни диалог йўли билан чўзишини илтимос қиламиз.

Мабодо уларнинг қўлидан келмай турли хил резолюцияни қабул қилиб қўйиб¸ яна “Бор¸ борган жойингга боравер” дейдиган бўлса¸ Ислом Каримовга¸ Зокир Алматовга¸ Рустам Иноятовга бу қилган ишлари ниҳоятда қимматга тушади¸ деган эди Зайниддин Асқаров.

Яна саволлар туғилади: Зайниддин Асқаров тилга олган жиҳод аслида бор гапмиди? Кейинги портлашларни ҳам қўлига қурол олган диндорлар амалга оширдими? Асқаровга ҳақиқатни гапириш имконини берган Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматининг бу баёнотга алоқаси йўқми? Яъни, Асқаров худди суддагидек¸ яна МХХ топшириғини бажармадимикин?

Бу саволлар ҳам шу кунгача жавобсиз. Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари эса уларга ойдинлик киритиш учун мустақил текширув ўтказилишини талаб қилиб келмоқда.

Портлашлардан сўнг сиëсат ўзгарди

1999 йил 16 февралидаги портлашлардан кейин Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсати деярли тўлиқ ўзгарди.

Ўзбекистон куч ишлатар тузилмалари таркибида “диний экстремизм”, “фундаментализм”, “террорчи ташкилотлар”га қарши курашадиган катта-катта бўлимлар ташкил этилди. Диндорлар устидан алоҳида назорат ўрнатилди ва бу мамлакат хавфсизлигини сақлаш мақсади билан изоҳланди.

Ўзбекистон ҳукуматининг ўзи эса халқаро террор билан курашаётган АҚШнинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкорига айланди.

Кейин эса кўлами ва жумбоқлиги жиҳатдан аввалги воқеалардан ўн чандон ошиб тушган - 2005 йил Андижон воқеалари содир бўлди ва буни ҳам хориждан кўмак олган, жуда яхши тайёргарлик кўрган, яна ўша радикал, диний экстремистик гуруҳ амалга оширгани айтилди.

Эътибор қилганингиздек, 1999, 2004, 2005 йилларда Ўзбекистонда содир бўлган қонли воқеалар, расмий Тошкент тили билан айтсак, террорчилик ҳаракатлари қўлига қурол тутган радикал, экстремистик кайфиятдаги диндорлар томонидан содир этилди.

Расмий Тошкент бу позициясидан шу кунгача чекингани йўқ. Буни Ўзбекистон бош прокуратураси матбуот котиби яна бир карра тасдиқлади:

- Бу жиноят иши судга юборилиб¸ Олий суд томонидан тегишли ҳукм қабул қилиниб¸ шу ҳукм қонуний кучга кирган эди¸ дейди Ўзбекистон бош прокуратураси матбуот котиби.

Очиқ қолаётган саволлар рўйхати ҳам қисқармади. Жилла қурса энг асосий саволлар: 16 феврал портлашларини ҳақиқатда ҳам қуролланган диндорлар уюштирдими ва Зайниддин Асқаровнинг айтган гапи ҳақиқатми, деган саволларга жавоб олишга уриниб, Ўзбекистон миллий хавфсизлик идораси матбуот котиби Олим Тўрақуловга мурожаат қилдик. У мурожаатимизга жавоб бермади.

Шундай экан, яна савол қўямиз: гарчи мустақил текширувга рухсат бермаётган, шу билан ўзи имзолаган халқаро ҳуқуқ нормаларини бузаётган бўлса ҳам, шу даражада оёқ тираб туриб олган экан, Ўзбекистон ҳукумати ҳақдир? Ҳақиқатда ҳам Абдували қорининг бир гуруҳ муриди ўз устози учун жиҳодга бел боғлаган, уларни қувғиндаги Ўзбекистон исломий ҳаракати ва айрим мухолифатчилар қувватлагандир?

Шу билан Ўзбекистон мусулмонлари орасида қўлига қурол олиб, жиҳодга бел боғлаган гуруҳлар пайдо бўлгандир?

Аммо бу саволга жавоб бериши мумкин бўлган Абдували қори Мирзаевнинг содиқ муридларининг жуда кўпчилиги қамоқда, эҳтимол, кўплари ҳозир бу фоний дунёдан кетгандир ҳам.

Яъни, Ўзбекистонда қўлига қурол олиб, мамлакатга террорни олиб кирди, дейилган илк диндорлар гуруҳи бу саволларимизга жавоб бериш имкониятидан маҳрум.

Уларни қувватлаганликда айбланган Ўзбекистон Исломий ҳаракати етакчиси Тоҳир Йўлдош ҳақиқатда ҳам ўзбекистонлик мусулмонларни жиҳодга чорлаб, баёнот тарқатган эди.

Аммо, бундай баёнотлар сабаби ва умуман, Тоҳир Йўлдошнинг Ўзбекистон президенти Каримовга қарши кайфиятдаги мухолиф диндорларга етакчи эканининг ўзи катта бир сўроқ остида.

Эслатиш жоиз, 2008 йилнинг ёзида Ўзбекистонни тарк этган миллий хавфсизлик хизматининг собиқ жосуси Икром Ёқубов “Тоҳир Йўлдош Ислом Каримов ҳукуматига хизмат қилади”, деган эди.

- Мен Тоҳир Йўлдошнинг Ислом Каримовга ишлашига ишонаман. Балки бу одамларга ғалати туюлиши мумкин. Жума Намангоний деган шахсни америкаликлар эмас¸ балки кучайиб кетишидан хавотирга тушган Тоҳир Йўлдошнинг ўзи портлатиб¸ ўлдириб юборган¸ деган тахминий маълумотномага кўзим тушган эди. Бу тахминий маълумотнома Ўзбекистон республикаси президентига ëзилган эди¸ деган эди Ўзбекистонни тарк этган миллий хавфсизлик хизматининг собиқ жосуси Икром Ёқубов.

Икром Ёқубовнинг гувоҳликлари Ўзбекистон Исломий ҳаракати етакчисининг Каримов режими манфаатига хизмат қилиши ҳақида мавжуд шубҳаларни қувватлагандай бўлса-да, барибир очиқ қолаётган асосий саволларга етарли жавоб бўлолмади.

Фақат бир гапни айтиш мумкин, Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Озодликка интервью берган кўпчилик вакиллари қўлига қурол олганини инкор қилмаган, бироқ, Ўзбекистонга қуролли ҳужум ниятида бўлмаганини айтган эди.

Улардан бири ҳаракатнинг собиқ аъзоси Мўминжон Ўринбоев.

- Уларнинг бирортасида на хорижда¸ на бошқа ерда террор ўтказиш нияти йўқ эди. Керак бўлса Жумабой ака билан Тоҳир Йўлдош билан бировни ўлдириш учун Ўзбекситонга қуролли куч билан¸ ўлим билан кириб бориш ҳеч ҳолатда бўйнида йўқ эди. Ҳамманинг биттаю битта орзуси юртига кириш¸ ота-онаси¸ фарзандларини олдида бўлиш эди¸ деган эди Мўминжон Ўринбоев.

Ўзбекистонда ҳақиқатда ҳам қўлига қурол тутган диндорлар борми ва уларни диний ва демократик мухолифат қувватлаганми, деган саволни бериш ва жавоб олиш имкони бўлган ягона томон эса Эрк демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ етакчилигидаги демократик мухолифат вакиллари бўлмоқда.

Лекин у ҳам ўзбекистонлик диндорлар, хусусан, Абдували қорининг бир гуруҳ муридлари қўлига қурол олиб, жиҳодга ҳозирлик кўрган бўлиши мумкинлигини инкор қилмайди.

Лекин бу, Муҳаммад Солиҳ фикрича, ўзбекистонлик диндор йигитларга Тоҳир Йўлдош ёки Муҳаммад Солиҳ эмас, балки айнан Ўзбекистон миллий хавфсизлик идоралари ташлаган ғоядир.

- Исломий ҳаракат ичида шунақа фикрдаги инсонлар доимо бўлган. Яъни Каримов режими билан демократик йўллар билан курашиб бўлмайди¸ қурол билан курашиш керак деган кайфиятдаги инсонларнинг орасига шу ғояни ташлаб¸ то охиригача кузатиб бориб¸ буни уларнинг қўли билан портлатишган.

Мен бошқача бир вариантни тасаввур қила олмайман. Шу вариант ҳақиқатга энг яқин вариант. Ўша террористларни режимнинг ўзи тайëрлади. Демак буни портлатган улар эмас¸ Каримовнинг ўзи бўлади.

Улар азоблардан¸ қийноқлардан кейин радикаллашди. Улар ўзи радикаллар эмас эди. Улар мўътадил диндорлар эди. 16 феврал портлашларининг асос ғояси демократик мухолифатни айблаш¸ Ғарб давлатлари ва демократик давлатлар олдида обрўсизлантириш бўлган¸ дейди Эрк демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ.

Хуллас, 1999 йил 16 феврал воқеалари ҳақида мана 10 йилдирк¸и билганларимиздан билмаганларимиз кўп. Бу мавҳумликни эса Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти вакиласи Алисон Гил лўндагина қилиб ифодалади:

- Билмаганларимиз шу қадарки, бунинг ўрнига билганларимизни санаш осон – деярли ҳеч нарса билмаймиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG