Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:59

Обама қаршисидаги дилемма


Таҳлилчилар¸ АҚШ стратегик манфаатлари¸ биринчи галда ҳарбий мақсадларга эришиш йўлида Обама маъмуриятининг ҳам ўз фуқаролари ҳуқуқларини топтаëтган Марказий Осиë ҳукуматлари билан ҳамкорлик қилишга мажбур эканини таъкидламоқдалар.
Таҳлилчилар¸ АҚШ стратегик манфаатлари¸ биринчи галда ҳарбий мақсадларга эришиш йўлида Обама маъмуриятининг ҳам ўз фуқаролари ҳуқуқларини топтаëтган Марказий Осиë ҳукуматлари билан ҳамкорлик қилишга мажбур эканини таъкидламоқдалар.

Афғонистонда тинчлик ўрнатишни устивор мақсад деб эълон қилган АҚШ президенти бу борада Марказий Осиëдаги авторитар ҳукмдорлар ëрдамига муҳтож. Бундай ҳолда¸ унинг демократияни қувватлаш ваъдаси қайда қолади?

Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиев Манас базасини ёпиш ниятини эълон қилиши биланоқ¸ Вашингтондан “базанинг эҳтимолий ёпилиши Афғонистондаги ҳарбий амалиётларимизга таъсир қилмайди”, қабилидаги баёнотлар янграй бошлади.

Хусусан¸ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар Манас базасига қаттиқ боғлиқ эмаслигини аниқ баён қилди.

- Қирғизистон ҳукуматининг Манас базасини ёпиш масаласини кўриб чиқаётгани афсусланарлидир ва улар билан бу масалада муҳокамаларни давом эттиришга умид қиламиз. Лекин Қирғизистон ҳукуматининг мулоҳазалари нима билан якунланишидан қатъий назар, биз Афғонистондаги ҳаракатларимизни энг самарали тарзда давом эттирамиз, деди Клинтон хоним.

Манас тақдири узил-кесил ҳал этилмагани боис, ҳарбий ҳаракатлар самарасининг айнан қайси давлат ҳамкорлигида таъминланиши ҳозирча аниқ айтилмаëтир.

Шундай бўлса-да, Пентагоннинг исмини ошкор қилмаган мулозими Ассошиэйтед Пресс билан суҳбатда, бу ерда гап қайси давлат ҳақда кетаëтганига ойдинлик киритди ва Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликни тиклаш имкониятларининг ҳозирда Вашингтон томонидан жиддий ўрганилаëтганини билдирди.

Россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенҳауэр ҳам, Вашингтон билан Тошкент ўртасида масалага оид парда ортидаги музокаралар бораётганига шубҳа қилмайди.

- Пентагон бошданоқ¸ Андижон воқеаларини танқид қилиш эвазига Хонободдаги муҳим базани ёпишга тўғри келганидан норози бўлиб келди. Чунки бу база географик жиҳатдан Манасдан кўра анча қулайроқ эди.

Америка ҳарбийлари Қаршига жон, деб қайтган бўларди. У ерга қайтиш эса¸ сиёсатчиларнинг иродасига боғлиқ бўлади, албатта. Оқ уйнинг янги маъмурияти Тошкент ҳукумати билан бу масала хусусида музокара қилаётгани аниқ. Фақат¸ бу музокараларнинг қандай натижа билан якунланишини айтиш қийин, дейди ҳарбий таҳлилчи Фелгенҳауэр.

Россиядаги “Еженедльный журнал” нашрининг ҳарбий шарҳловчиси Александр Гольц Вашингтон билан Бишкек ўртасида юзага чиққан тушунмовчиликлар Америка билан муносабатларни тиклаш йўлларини қидираётган Каримов ҳукумати учун айни муддо бўлди, дейди.

Ўзаро ҳарбий ҳамкорликни тиклаш масаласи эса, бундай ҳамкорлик учун тўланадиган нархга боғлиқ бўлади¸ дейди бу таҳлилчи.

- Албатта, бу вазият жаноб Каримовнинг америкаликлар билан совдолашувига кўпроқ имкон яратади. Чунки Ўзбекистон америкаликлар учун Афғонистонга транзитнинг энг қулай йўналишидир. Бу йўналиш бир пайтлар совет қўшинлари томонидан яхши йўлга қўйилган ва энг қулай ҳисобланган, дейди ҳарбий шарҳловчи Гольц.


Айни пайтда¸ президент Бакиев америкалик ҳарбийларни Манасдан чиқариш ҳақда пўписа қилгандан бери¸ Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар ҳам Американинг Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларига ҳисса қўшишишга иштиёқ кўрсатмоқда.

Қозоғистоннинг ҳарбий бўлмаган юкларни ўз ҳудуди орқали ўтказишга рухсат бергани АҚШ учун Манас ўрнини боса олмаса-да¸ 2001 йили Афғонистон истилоси бошланганидан бери ўз ҳудудида Америка ҳарбий базасининг ташкил этилишига эришолмай келган Тожикистон яна Вашингтонга таклиф муждалари юбора бошлади.

Ўтган ҳафта Президент Имомали Раҳмон “Афғонистонда тинчлик ўрнатишда муҳим куч бўлмиш НАТО қўшни давлатлар, хусусан Марказий Осиё давлатлари орасида Афғонистон билан умумий чегараси энг узун бўлган Тожикистон билан фаол ҳамкорлик қилиши лозим”, дея баёнот берди.

Бу вазият эса, Оқ уйга келганига ҳали бир ой бўлмаган президент Барак Обамани мушкул қарорлар қабул қилишга мажбурлаши мумкин.

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни авторитар режим, деб билади, ҳамда мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари ва демократия вазиятини кескин танқид қилиб келади.

Шу маънода¸ ўз сайловолди кампанияси давомида¸ қолаверса қасамëд маърузасида бундай репрессив режимлар билан олди-берди қилмасликни ваъда қилган Обама учун Ўзбекистон билан ҳамкорликни тиклаш масаласи ҳазилакам қарор бўлмайди, албатта.

Лекин, айни пайтда, президентлик фаолиятини бошлаганидан бери халқаро террор, хусусан Афғонистонда толибон ва Ал-Қоидага қарши кураш ўз ташқи сиёсатининг устувор мақсади эканини айтиб келаëтган Обама учун Ўзбекистонда демократия ўрнатиш масаласининг долзарб бўлмаслиги ҳам аниқ.

Ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенҳауэр Обама дуч келаëтган бу дилеммани шундай шарҳлайди.

- Гап¸ Обама маъмурияти учун муҳим масалалар ҳақда кетяпти. Айтайлик, Каримов режими билан муносабатларни узган Буш маъмурияти учун устувор мақсад Ироқ эди.

Обама ҳам ўзини исломий террорчиларга қарши ашаддий курашчи сифатида тақдим этиб келди, лекин бу кураш Ироқда эмас, балки Афғонистонда олиб борилиши лозимлигини таъкидлади ва ҳозир Афғонистонда АҚШ қўшинлари сонини кўпайтиришга тайёрланмоқда. Афғонистон - Америка ташқи сиёсатининг асосий жабҳасига айланди.

Бундай вазиятда Вашингтон, менимча, ҳар қандай режим билан ҳамкорликка тайёрдир. Устига устак, Каримов режими қанчалик ёмон бўлмасин, Марказий Осиёдаги бошқа режимлар авторитарликда ундан қолишмайди, дейди москвалик ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенҳауэр.
XS
SM
MD
LG