Линклар

Исломобод толибонга ëн берди

  • Барно Анвар

Покистон вазирининг шариат жорий этилгани ҳақда қилган баëноти¸ Ғарбда хавотир билан қарши олинди.

Покистон вазирининг шариат жорий этилгани ҳақда қилган баëноти¸ Ғарбда хавотир билан қарши олинди.

Покистон ҳукумати Свот водийсидаги етакчи исломий гуруҳлар талабини қабул қилди ва ушбу минтақада бундан буëн шариат қонунлари амал қилишига розилик берди.

Свот водийсидаги аэаддий диндорлар дунёвий қонунларни шариат қонунларига алмаштириш учун узоқ йиллардан буён курашиб келаётган эди.

Свот ва Дир минтақасининг илгари хонлар бошқарган вилоятлари Покистонга қўшилганидан 40 йил ўтиб, бу минтақа диндорлари талабини Пешовар вилояти расмийлари қабул қилди.

Бу вилоятда иқтидорда бўлган Авом миллий партияси етакчиси Ҳошим Барбор Озодликка берган интервьюсида кўпгина маҳаллий партия етакчилари бу қарорни маъқуллаганини айтади.

Барборнинг фикрича, бу келишув Осиф Али Зардорий ҳукумати ва унинг ҳарбий раҳбарлари ютуғи бўлди. Аммо бу келишувга кўра, шариат қонунлари ижросидан олдин минтақада тинчлик ўрнатилишига эришиш лозим, деб ҳисоблайди маҳаллий етакчи.

- “Низомул Адол”, яъни шариат қонунлари низомининг энг асосий ва жуда муҳим шарти шуки, у Малаканд вилоятида қўлланади. Вилоятимиз етакчилари шундай келишувга рози бўлди. Аммо, бу шарт Малаканд вилояти, қисман, Свот водийсида ўт очишни тўхтатиш сулҳига эришилгандан кейингина кучга кириши лозим. Жанггари гуруҳлар ҳам унга амал қилади. Яъни, гарчи икки кун ёки икки ой, ҳатто, икки соат давом этган тақдирда ҳам сулҳга эришсак, Низомул Адол кучга киради”, деди Покистоннинг Пешавор вилоятида иқтидорда бўлган сиёсий партия етакчиси.

Келишувга кўра, маҳаллий расмийлар энди шариат қонунларига мувофиқ иш кўрадиган қозиликларни ташкил қилиши ва Малаканд вилоятида янги судлов тизимини жорий этиши лозим.

Бироқ, минтақадаги исёнчи диндорлар билан аввал эришилган келишувларга кўпинча амал қилинмас эди. Шу боис, минтақа вазиятини кузатаётган таҳлилчилар эндиги келишувнинг иш беришига шубҳа билан қарамоқда.

Пешавордаги университет профессори Ижоз Хон шундай фикрдаги таҳлилчилардан бири.

- Мен бу келишувнинг тақдири аввалгиларидан жиддий фарқ қилади, деб ўйламайман. Улар кеча келишувга эришилгани ва ўт очиш тўхтатилганини эълон қилган эди. Бироқ, кечанинг ўзида битта мактаб экстремистлар томонидан портлатилди. Армия ҳам ўша ерда ва ўз ҳаракатини тўхтатгани йўқ, дейди пешоварлик профессор.

Покистоннинг шимоли-ғарбий чегара минтақалари бўйича вазири Амир Ҳайдар Хон Ҳотий Пешоварда журналистларга берган интервьюсида бу келишув кучга кирганидан сўнг мамлакат ҳарбийлари фаол амалиётларни тўхтатиб, эҳтимолий ҳужум таҳликасига ҳозир туриш позициясига ўтади, деб таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Свот минтақасида ислом ва шариатга зид бўлган барча қонунлар бекор қилинади. “Шариат қонунлари бундан буён минтақада тинчликка эришиш йўлидаги восита ролини ўйнайди”, деди вазир жаноблари.

Бироқ, маҳаллий расмийлари умид боғлаган бу ислоҳот, ҳақиқатда ҳам, амалга ошадими? Минтақадаги исёнчиларнинг шу пайтгача кузатилган табиатидан келиб чиқилса, бунга ишониш қийин.

Маҳаллий расмийлар АҚШ ҳарбийларига қарши Афғонистонда Толибон билан курашган 10 мингдан ортиқ диндорни эргаштирган мавлоно Сўфи Муҳаммад билан келишувга эришилганини айтмоқда.

Сўфи Муҳаммад 1990 йилларда бу минтақада шариат қонунлари ўрнатилишини талаб қилиб чиққан илк диндорлардан биридир. Эндиликда у шариат қонунларига Свот водийсининг Малаканд вилояти ва Қабилалар назорати остидаги чегара ҳудудларида амал қилинишига кафолат бермоқда.

Бироқ, мавлоно Сўфи Муҳаммад дунё хавфсизлигига таҳдид солаётган минтақа саналган Свот водийсидаги ягона исёнчи гуруҳ етакчиси эмас.

Унинг куёви мавлоно Файзуллоҳ ҳам бу водийда толибларга ҳайриҳоҳ йирик гуруҳ етакчиси. 2004 йилда у толибоннинг Покистондаги қанотларидан бири — “Таҳрук ат-Толибон” ҳаракатининг раҳбари Байтуллоҳ Маъсуд билан алоқа ўрнатган эди.

2007 йилда эса Покистон ҳарбийлари мавлоно Файзуллоҳ гуруҳига қарши махсус амалиёт бошлаган, аммо, у муваффақиятсиз якунланган эди.

Якшанба куни Файзуллоҳ 16 феврал куни эришилган келишув олдидан 10 кунлик ўт очишни тўхтатиш сулҳини эълон қилди. Бироқ шунга қарамасдан бу келишув минтақада узоқ муддатли тинчликка олиб келиши мушкул, дейди Пешовар университети профессори Ижоз Хон.

- Бир тарафдан, бугунги фаол исёнчиларга етакчилик қилаётган мавлоно Файзуллоҳ Покистондаги “Таҳрук ат-Толибон” гуруҳи билан яқин алоқада. У етакчиси Байтуллоҳ Маъсуд бўлган ушбу гуруҳ қўмондонлигидаги иккинчи муҳим шахс. Шундай экан, улар қандай қилиб ўртадаги алоқани узади? Мен бунга эргашиб, толибон ҳам ўз қуролини ташлашга рози бўлишига ишонмайман, дейди пешоварлик профессор Ижоз Хон.

Бундан аввал минтақада содир бўлган сўнгги икки воқеа ҳам вазирнинг сўзларини қувватлайди. Покистон ҳокимиятига янги фуқаровий раҳбарият келганидан сўнг ўтган йилнинг апрел ойида ҳар икки етакчи — Муҳаммад ва Файзуллоҳ гуруҳлари билан сулҳга эришилган эди.

Аммо, кўп ўтмай мавлоно Файзуллоҳ билан эришилган битим бузилди. Маҳаллий раҳбарлар уни Байтуллоҳ Маъсуд гуруҳи босими остида ҳаракат қилаётганликда айблаган эди.

Бу минтақадаги исёнчи гуруҳлар ҳарбий ҳаракатлари оқибатида шу кунгача минглаб бегуноҳ инсонлар қурбон бўлган. Яна юз минглаб одам бу ҳудудни тарк этган.

XS
SM
MD
LG