Линклар

Нореал реал даромад

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистонда аҳоли даромадининг кейинги бир йил ичида 23 фоизга ошганини таъкидлар экан президент Каримов¸ кейинги йил ичида асосий истеъмол моллари нархининг ўртача 40 фоизга ошганини айтишни лозим топмади.

Ўзбекистонда аҳоли даромадининг кейинги бир йил ичида 23 фоизга ошганини таъкидлар экан президент Каримов¸ кейинги йил ичида асосий истеъмол моллари нархининг ўртача 40 фоизга ошганини айтишни лозим топмади.

Ислом Каримов айтган каби аҳоли реал даромадларининг 2008 йил давомида жон бошига 23 фоиз кўпайгани президент назарда тутган аҳоли турмуш даражасида қай шаклда акс этди?

Келинг, аввал "реал даромад" нималигини эслаб олайлик.

Иқтисодчи Эсен Тугелов фикрича, "реал даромад инфляция чиқариб ташланган номинал даромаддир".

Бу тушунтирмани иқтисодчининг илмий тилидан оддий тилга кўчирар бўлсак, реал даромад олган маошингизга харид қила биладиганингиз товарлардир.

Масалан, 2008 йил январь ойи учун олган маошингизга икки қоп уну 4 кило гўшт сотиб олгансиз, дейлик.

Бу йилнинг январи учун олганингиз иш ҳақига неча қоп ун ва неча кило гўшт сотиб ололдингиз?

Демак, президент Каримовнинг айтишича, ўтган бир йил ичида ҳар бир ўзбекистонликнинг реал даромади 23 фоизга кўпайди.

Андижондаги коллежлардан бирида ишлайдиган мана бу ўқитувчи ўз чўнтагида ўша "кўпайиш"ни негадир сезмаган:

Озодлик: Мана, сиз коллежда ўқитувчи экансиз. Шу кунда қанча ойлик оласиз?

- Ҳозир 110-112 минг оламан.

Озодлик: Шу 112 минг олиш учун бир ҳафтада неча соат ишлайсиз?

- Ҳар куни борилади.

Озодлик: Ҳар куни неча соатдан ишлайсиз?

- Дарс бўлса ҳам¸ бўлмаса ҳам, эрталаб 08.30 дан кечқурун 17.00 гача.

Озодлик: Ойлигингиз бир йилдан бери қанчага ошди?

- Ўтган йилгига нисбатан 35-40 мингга ошди.

Озодлик: Ўтган йили ошмаган ойлигингизга сотиб олган нарсангизга қараганда бу йилги ошган ойлигингизга сотиб олаëтган нарсангиз кўпроқми ëки фарқи йўқми?

- Фарқи йўқ¸ бир хил.

Озодлик: Нима учун?

- Билмадим. Энди ойлик кўтарилганда гўштлар ҳам кўтарилаяпти.

Андижонлик ёш мутахассис, вилоятдаги коллежлардан бирида ўқитувчилик қиладиган бу йигитнинг гапларини Ўзбекистон бозорларида кейинги ойларда кузатилаётган ўзгаришга қиёсласак, у бироз ёлғон гапираётган бўлиб чиқади. Чунки баъзи товарлар кейинги ойларда бироз арзонлади.

Масалан, фарғоналик тингловчимизнинг айтишича, куздан буён мол гўшти минг сўм ташлади.

- Кузда гўштнинг бир килоси 7 минг сўм эди. Ҳозир 6 минг сўм¸ деди фарғоналик тингловчимиз.

Агар худди шу кўрсаткичнигина оладиган бўлсак, президент Каримов "аҳоли реал даромадлари йил давомида жон бошига 23 фоиз кўпайди", дер экан, муайян даражада ҳақ бўлиб чиқади.

Бироқ президент куздан бери ўтган 2-3 ойни эмас, балки бир йилни олаяпти.

Бир йилдан буён эса нархлар кескин ортди.

Ўзбекистон бозорларидаги нархлар динамикасини мунтазам кузатиб келаётган ferghana.ru сайти 17 январ куни қуйидаги маълумотларни эълон қилган эди:

2007 йилнинг 31 декабридан 2008 йилнинг 31 декабригача Ўзбекистонда: бензин маркасига қараб, ўртача 45%; жамоат транспортида йўл кира 60%; коммунал хизмат ҳақи 46%; нон 50%; ун 25% га қимматлаган.

Бу рўйхатни ҳали узоқ давом эттириш мумкин.

Агар шу маълумотлар назарга олинар бўлса, андижонлик ёш мутахассис, коллеж ўқитувчиси ойлигига бир йилда 35-40 минг қўшилгани билан реал даромади кўпайганини сезмаётганини тушуниш мумкин.

Фақат Ўзбекистон раҳбари "аҳоли реал даромадлари йил давомида жон бошига 23 фоиз кўпайди", деган гапни нимага асосланиб айтаётганини тушуниш қийин бўлаяпти.
XS
SM
MD
LG