Линклар

Ўзбекистонга ижтимоий адолат куни керакмас


Жаҳон бўйлаб қашшоқлик¸ ишсизлик ва ижтимоий адолатсизликка қарши бораëтган курашни рағбатлантириш мақсадида БМТ бош ассамблеяси 2007 йили 2009 йилдан бошлаб ҳар йил 20 феврални ижтимоий адолат куни сифатида нишонлаш ҳақда қарор қабул қилди.

Жаҳон бўйлаб қашшоқлик¸ ишсизлик ва ижтимоий адолатсизликка қарши бораëтган курашни рағбатлантириш мақсадида БМТ бош ассамблеяси 2007 йили 2009 йилдан бошлаб ҳар йил 20 феврални ижтимоий адолат куни сифатида нишонлаш ҳақда қарор қабул қилди.

БМТ резолюциясига мувофиқ, 20 феврал куни илк бор нишонланаëтган ижтимоий адолат куни¸ жаҳоннинг кўп давлатларидан фарқли¸ Ўзбекистонда эътиборсиз қолдирилди.

Ижтимоий адолат кунини нишонлаш тўғрисида БМТнинг махсус резолюцияси 2007 йилнинг 18 декабрида қабул қилинган эди.

Қирғизистон томонидан киритилган бу таклиф дунёнинг 80 дан ортиқ давлати томонидан қўллаб-қувватланган эди.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Бақтигул Қаламбекованинг айтишича, қашшоқ жамиятда ижтимоий адолат ўрнатиш масаласини жаҳон ҳамжамияти иштирокисиз ҳал этиб бўлмайди.

Шунинг учун Қирғизистон бу куннинг жорий этилиши қашшоқ мамлакатларга бўлган эътиборни кучайтиради, деган ғояни олға сурган.

- Ижтимоий адолат масаласини бир давлат даражасида ҳал этиш жуда қийин. Айниқса¸ глобал инқироз шароитида бу масалани ҳал этиш янада оғирлашади.

Шунинг учун ҳам Қирғизистон ижтимоий адолат куни жорий этиш таклифи билан БМТга мурожаат қилди.

Бундан мақсад ривожланган давлатлар диққатини қашшоқ мамлакатлардаги ижтимоий адолат масаласига қаратишдир, деди Бақтигул Қаламбекова.

Айни пайтда¸ Швейцария ҳукумати ижтимоий адолат халқаро куни арафасида Қирғизистонга 433 минг доллар миқдорида ижтимоий ёрдам кўрсатишини маълум қилди.

Бу маблағ 2009 йил май ойигача сув, электр энергияси, иссиқлик ва озиқ-овқат етишмовчилигидан азият чекаётган қашшоқ оилаларга тақсимлаб берилади.

Расмий маълумотда айтилишича, бу пул 800 минг кишига ёрдам берилиши учун мўлжалланган.

Қирғизистон ногирон ёшлар ҳаракати раҳбари Мирбек Асангалиевнинг айтишича, Ғарбдан олинаётган ёрдамлар билангина ижтимоий адолат масаласини ҳал қилиш мумкин эмас.

Унинг айтишича, бунинг учун, энг аввало, ижтимоий сиёсат йўналишини ўзгартириш зарур.

- Масалан, ногиронлар ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қонунлар бўлса-да, уларни амалда қўллаш учун шароит яратилмаган.

Ногиронлар ҳуқуқини таъминлаш устивор вазифа сифатида қабул қилинмаган. Бунинг устига ногиронлар ижтимоий ҳимояси учун бюжетдан жуда оз маблағ ажратилади, деди Мирбек Асангалиев.

Унинг айтишича, бугунги кунда ногиронларнинг ўртача нафақаси 20 долларни ташкил этади. Бу пул эса бугунги нарх-навони ҳисобга олганда, бир ҳафталик озиқ-овқатга ҳам етмайди.

Шу кунларда ижтимоий адолат халқаро куни муносабати билан Бишкекда бўлиб ўтаётган халқаро анжуманда қирғиз ҳукумати ижтимоий адолат принципларини ҳаётга татбиқ этиш чора-тадбирларини кўраётгани маълум қилинди.

Ижтимоий адолат халқаро куни шу йилнинг 20 февралида биринчи марта нишонланади. Шунинг учун “бу кун Ўзбекистонда ҳам нишонланадими, нишонланадиган бўлса қандай тадбирлар режалаштирилаяпти?” деган саволга жавоб топиш мақсадида Ўзбекистон меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлигига мурожаат қилдик.

Вазирлик бўлимлари ва бошқармалари вакиллари билан бўлиб ўтган ўндан ортиқ телефон суҳбатлари сўнг бу мутасадди ташкилот вакиллари ижтимоий адолат халқаро куни жорий этилганидан мутлақо бехабар экани маълум бўлди.

Бироқ, шунга қарамай, биз билан суҳбатда бўлган вазирлик ахборот хизмати раҳбари Равшан Иброҳимовнинг айтишича, Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий жиҳатдан ҳимоялаш давлат сиёсатининг устивор йўналиши бўлиб ҳисобланади.

- Сизга расман айтишим мумкинки, бу ҳақда бизда ҳеч қандай маълумот йўқ. Албатта, 20 февралнинг ижтимоий ҳимоя халқаро куни, деб эълон қилиниши яхши бўлган.

Бу кун муносабати билан бизда тадбирлар бўлмаса-да, мустақилликнинг биринчи кунлариданоқ Ўзбекистон ижтимоий ҳимоя сиёсатини устивор йўналиш сифатида қабул қилган. Бу борада бир қатор давлат дастурлари бор, деди Равшан Иброҳимов.

Айни пайтда ўзбекистонлик ногирон - 14 йилдан бери кўзи ожиз бўлган жиззахлик суҳбатдошимиз ижтимоий адолат принциплари таъсирини ўз ҳаётида сезилмаётганини айтади:

- Мен охирги марта совет даврида кийим-кечак сотиб олганман. Ҳалигача мана шу кийимларимни кийиб юрибман. Негаки¸ кийим сотиб олишга оладиган нафақам етмайди, деди шу кунда 70 ёшдан ошган ўзбекистонлик суҳбатдошимиз.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги вакили Равшан Иброҳимов аҳолини ижтимоий ҳимоялашга қаратилган давлат дастурларининг учдан икки қисми мамлакатдаги кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилганини таъкидлайди.
XS
SM
MD
LG