Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:17

Сиëсийлар учун умид Ғарбдан


Ҳуқуқ ҳимоячилари ва маҳбусларнинг яқинларига кўра¸ " қийноқлар ороли" деб таърифланаëтган Ўзбекистон қамоқхоналарининг ичида сиëсий ва диний айб билан қамалганлар учун яна алоҳида қийнаш жойлари ҳам бор.
Ҳуқуқ ҳимоячилари ва маҳбусларнинг яқинларига кўра¸ " қийноқлар ороли" деб таърифланаëтган Ўзбекистон қамоқхоналарининг ичида сиëсий ва диний айб билан қамалганлар учун яна алоҳида қийнаш жойлари ҳам бор.

Ўзбекистондаги бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячилари республика Ички ишлар Вазирлигига мурожаат қилиб¸ сиёсий маҳбуслар соғлиғи борасида маълумот беришни сўрадилар.

Ўзбекистонда виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси, Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси ва яна бир қанча мустақил ҳуқуқ фаоллари ИИВ жазони ижро қилиш бош бошқармасига 31 нафар сиёсий маҳбус рўйхатини тақдим қилдилар.

Рўйхатга узоқ йиллардан буён қамоқхонада қолаётган ва айни пайтда соғлиғи ёмонлашган сиёсий маҳбуслар номи киритилган.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаевага кўра, улар ИИВдан мазкур рўйхатдаги шахсларнинг соғлиғи борасида ҳисобот беришларини талаб қилмоқдалар.

- Бугун (17 феврал куни – таҳр.) мен ИИВдан ташқари бошқа маҳаллий инстанцияларга ҳам ёзма равишдаги талабномаларни жўнатдим.

Шунингдек, Европадаги демократик давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналарига мурожаат қилмоқчимиз.

Мақсадимиз - Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар тақдирига xалқаро жамоатчилик эътиборни қаратиш, дейди Елена Урлаева.

Ҳуқуқ фаоллари рўйхатга фақат аҳволи ўта оғир бўлган маҳбусларнинг исмларини киритганлар. Бироқ альянс раҳбари қамоқхонада қийноқларга учраётган маҳбусларнинг рўйхати жуда узун эканлигини айтади.

- Сиёсий маҳбуслар қасддан жисмонан йўқ қилинаяпти. Албатта, ҳар бир маҳбуснинг аҳволини текшириш керак бўлади.

Бизнинг шу пайтгача қилган мурожаатларимизга бирорта ҳам жавоб бўлгани йўқ. Биз хавотирга тушаяпмиз.

Маҳбусларни қариндошлари билан учрашишига қўйишмаяпти. Маҳбусларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмайди.

Кейинги пайтда қийноққа учраётган маҳбуслар борасидаги ташвишли хабарлар кўпаймоқда, дейди альянс раҳбари Елена Урлаева.

Ўзбекистонда виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси раҳбари Баҳодир Намозов ҳам қамоқхоналарда қийноқлар кўпаётганини айтар экан, мавжуд қийноқ турлардан айримларига тўхталади.

- Мана Алишер Кароматов. Йўталаëтган пайтида оғзидан қон келаëтган экан. Бу сил касаллигининг энг охирги нуқтаси.

Кейин Юсуф Жума тўғрисидаги хабар. Унинг устидан конкрет ким зулм ўтказаëтганини айтиб беришди. Бу одам биринчи отряд раҳбари Алишер Қийнаров. Бу нарсаларни биз кўп эшитамиз.

Ҳизбут-Таҳрир деган айб билан тушганларнинг соқолларини юлиб олганигача эшитганмиз.

Алоҳида хоналар бор ва бу хоналарда электр приборлари бор. Ëки, дейлик, сув қуйиб қўйишади. Ўша ерга ялангоëқ киргизишади ва битта электр симни улаб қўйишади. Қўлдан осиб қўйишлар ва бошқа нарсаларни гапирмаса ҳам бўлади¸ дейди Баҳодир Намозов.

Қийноқларга қарши кураш тезкор гуруҳи ўзбек қамоқхоналаридаги қийноқлар бўйича кўплаб кузатишлар олиб бораётган ташкилотлардан бири бўлиб ҳисобланади.

Ташкилот фаоли Суҳроб Исмоилов жорий йилда айрим сиёсий маҳбуслар озодликка чиқишига умид қилаётир.

- Сиëсий маҳбуслар ҳақида гапирадиган бўлсак¸ бизнингча, бу йил Ўзбекистон учун сиëсий тарафдан жуда муҳим йил.

Бу йилнинг энг асосий сиëсий мавзуси парламент сайловлари. Ўзбекистоннинг ЕИ¸ АҚШ ва Россия билан муносабатларининг алоҳида бир паллага кириб бораëтгани ва яқинлашуви.

Иккинчи иқтисодий мавзу - инқироз даврида Ўзбекистон ҳукумати ўзини қандай тутади? Мана шуларнинг ҳаммасининг сиëсий маҳбуслар тақдирига таъсир қилишини кутаяпмиз.

Биз ўйлаймизки, бу йил мана шу сабабларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ҳукумати бир-икки сиëсий маҳбусни Ғарб билан савдолашгандан кейин озод қилишига олиб келади.

Бизлар озод қилинишини кутаëтган сиëсий маҳбуслар - Аъзам Турғунов¸ Солижон Абдураҳмонов ва анчадан бери қамоқда сақланаëтган Санжар Умаров каби сиëсий маҳбуслар.

Биз шу йилнинг охирида бу сиëсий маҳбусларнинг озод қилинишини кутсак бўлади¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, 2008 йилда қийноқ натижасида тўрт нафар маҳбус ўлган.

Расмий Тошкент эса мамлакат қамоқхоналарида қийноқлар қўлланилишини инкор қилиб келади.
XS
SM
MD
LG