Линклар

logo-print

Параллел дунëлар ëхуд Митровицадаги ҳаëт


17 феврал куни Косово албанлари мустақилликнинг биринчи йилини байрам қилган бўлса¸ Митровицадаги серблар¸ Косовонинг қайта Сербия таркибига кириши талабида намойиш ўтказдилар.

17 феврал куни Косово албанлари мустақилликнинг биринчи йилини байрам қилган бўлса¸ Митровицадаги серблар¸ Косовонинг қайта Сербия таркибига кириши талабида намойиш ўтказдилар.

17 феврал куни Косово Сербиядан мустақил бўлганининг бир йиллигини байрам қилди. Аммо Косово ичкарисида яшаëтган серблар¸ бу кунни мотам руҳида қарши олдилар.

Мустақил Косово давлати таркибига кирган Митровица шаҳарчаси ўртасидан Ибар дарëси оқиб ўтади.

Шаҳар ҳам бугун ана шу табиий чегара доирасида бўлинганича умргузаронлик қилмоқда - шимолда серблар¸ жанубда албанлар.

Дарëнинг шимолий қирғоғидан қаралса¸ Митровицанинг албан қисмидаги биноларнинг янги таъмирдан чиққани¸ шаҳарнинг бу қисмида жонланиш¸ ўзгариш аломатлари борлигини кўриш мумкин.

Серблар қисмининг эса¸ бунга қасдма-қасд¸ кун сайин қоронғулик ва тушкунлик домига тотилаëтганини пайқаш қийин эмас.

Белград ҳукуматининг Косово масалалари билан шуғулланувчи асосий мутасаддиси Оливер Иванович¸ асли митровицалик.

У бундай таассуротда жон борлиги ва Митровицанинг шимолий қисми ўз ҳолича¸ қаровсиз ташлаб қўйилганини айтади.

- Бундай юракни сиқувчи қоронғулик муҳитида некбин бўлиш жуда оғир. Бу шаҳарда туғилиб¸ умрининг асосий қисмини шу ерда ўтказган одамлар Митровицага қаттиқ боғланиб қолган.

Аммо уларнинг кўпи билан гаплашиб шунга амин бўлдимки¸ бу ердаги серблар Митровица учун жон куйдирмай қўйганлар. Зотан уларнинг кўпи шаҳарни тарк этиш ҳақда ўйламоқдалар¸ дейди Иванович.

Сербия ҳукуматининг Косово бўйича расмийси Иванович¸ Белград раҳбарияти каби Косово мустақиллигини тан олмаса-да¸ бу масалада зўравонлик эмас¸ балки дипломатияга устунлик берилиши тарафдори.

Аммо ўз-ўзини бошқарувчи серб шаҳарлари уюшмаси деб номланган гуруҳ раҳбари Марко Яксич¸ бу борада радикал ëндашув тарғиботчиси.

- Мустақил Косово давлати ва бу ҳудудда серблар мавжудлиги бир-бирини инкор қиладиган икки ҳодиса.

Мен Митровица¸ қолаверса Косовонинг бошқа шаҳарларида яшовчи серблар узоқни кўзланмай эълон қилинган чўлтоқ Косово давлатини ҳеч қачон тан олмайди ва ғалабамизга қадар ўз позициясида қатъий туради деган умиддаман.

Биз учун ғалаба куни Косово қайта Сербия таркибига кирган кун бўлади¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Яксич.

1998-99 йиллар ичида юзага чиққан Косово уруши давридан бери албан ва серблар икки қутбда¸ бир-бирига нафрат¸ ишончсизлик ва аламзадалик тўлиб-тошган икки дунëда яшайди.

Бу икки дунë эса¸ бир-биридан бор-йўғи саноқли одим нарида жойлашган.

Аммо Митровицадаги серблар албан маҳалларига¸ албанлар эса¸ серблар томонга ҳатто куппа-кундуз куни ҳам ўтишдан қўрқиб яшайдилар.

Мабодо кимдир бу ишни қилса¸ бу фитна ўлароқ баҳоланади ва аламзада оломон унга ўқ узишдан ҳам тоймайди.

Гзим Раҳова¸ уруш туфайли ўз уйидан ҳайдалган албанлардан бири. Орадан 10 йил ўтиб ҳам¸ у шаҳарнинг серблар қўлига ўтган қисмидаги уйи остонасига яқин йўлай олмайди.

- Менинг уйим бор-йўғи 100 метр нарида.Аммо 10 йилдан бери уйимга боролмайман. Ўз уйимга фақат узоқдангина қараш билан чекланишга мажбурман.

Ахир нега? Мен бирор гуноҳ қилганим йўқку! Бировни ўлдирдимми? Йўқ. Уруш бошланганда мен 16 ëшда эдим ва бировга ҳатто қўл ҳам кўтармаганман. Аммо шундай бўлса-да¸ атиги 100 одим нарида¸ шундоққина кўриниб турган уйимга ҳам боролмайман¸ дейди алам билан албан йигити.

Ҳозирча Ибар дарëси иккига бўлган Митровицанинг серб ва албан аҳолиси орасидаги аччиқ ва алам пардасининг қачондир орадан кўтарилиши имконсиздек туюлади.

Бундай имконсизликдан эса¸ шаҳар устини қоплаган тушкунлик ва қўрқув булутлари янада қуюқлашаëтгандек…
XS
SM
MD
LG