Линклар

АҚШ яна Хонобод орзусида

  • Барно Анвар

Кузатувчиларга кўра¸ АҚШ бош қўмондонини Тошкентга Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорлик уфқини кенгайтириш¸ имкон топилса¸ АҚШ ҳарбийларини Хонободга қайтариш нияти бошлаб келди.

Кузатувчиларга кўра¸ АҚШ бош қўмондонини Тошкентга Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорлик уфқини кенгайтириш¸ имкон топилса¸ АҚШ ҳарбийларини Хонободга қайтариш нияти бошлаб келди.

АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Петрэус¸ кутилгани каби президент Обаманинг аниқ муждасини Ислом Каримовга еткизиш учун¸ махсус сафар билан Тошкентга келди.

Қарийб бир ой аввал минтақанинг тўрт давлатида бўлиб, Ўзбекистонни четлаб ўтган АҚШ Марказий қўмондонлиги бош қўмондони генерал Петрэус бу гал энди фақат Тошкентга алоҳида сафар билан келди.

АҚШ нинг Тошкентдаги элчихонаси вакили Молли Стивенсонга кўра¸ сафар давомида асосан минтақавий хавфсизлик масалалари муҳокама қилинади.

- Генерал Петрэус Ўзбекистон расмийларининг минтақавий хавфсизлик бўйича энг муҳим масалаларга қаратилган келгуси режалари ҳамда Афғонистондаги муаммолар ечимига доир энг самарали ёндошув бўйича таклифларини ўрганмоқда.

Генералнинг минтақа хавфсизлигига масъул барча давлатларга сафар қилиши муҳокама этилаëтган масалалар ечимининг бу давлатлар истиқболи учун муҳимлигини ҳам урғулайди.

Минтақа етакчилари билан музокараларда Афғонистондаги хавфсизлик, уни қайта тиклаш ва албатта, минтақа хавфсизлигига оид энг муҳим масалалар муҳокама қилинди, дейди АҚШ элчихонаси матбуот котиби Молли Стивенсон.

Шу кунларда АҚШ ҳукумати Афғонистондаги Америка ва халқаро қўшинларга Марказий Осиë¸ хусусан Ўзбекистон орқали таъминот моллари етказишни йўлга қўйишга астойдил ҳаракат қилмоқда.

Минтақа давлатлари ва АҚШ муносабатларининг бугунги ҳолига назар солинса, Вашингтоннинг бу билангина чекланмай¸ Хонободдаги ҳарбий базадан фойдаланиш имконини қайтадан қўлга киритиш истагида ҳам эканини пайқаш қийин эмас.

Минтақа таҳлилчилари генерал Петрэус Тошкент сафари чоғида айнан шу масала юзасидан Ўзбекистон расмийларининг фикрини ўрганаëтганини тахмин қилмоқда.

Аммо, Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг жамоатчилик билан ишлаш бўлими раҳбари Керол Фаҳардо, айнан, Хонободдаги ҳарбий база масаласи Петрэус музокаралари кун тартибига киритилмаганини айтади.

- Биз бу масаланинг Ўзбекистондан кўзлаган бугунги асосий мақсад эмаслигини мунтазам такрорлаб келаëтирмиз.Яна қайтараман - Хонобод базасига қайтиш ҳозир биз муҳокама қилаётган масалалар сирасида эмас.

Ҳозир Ўзбекистон ва Афғонистон билан ҳамкорликнинг бошқа йўллари устида ишлаяпмиз. Аввал айтганимиздек, Ўзбекистон ҳудуди орқали тижорат асосида транзит қатновини йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинмоқда, деди Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг жамоатчилик билан ишлаш бўлими раҳбари Керол Фаҳардо.

Гарчи АҚШ расмийлари инкор қилаётган, расмий Тошкент эса бу ҳақда оғиз очмаётган бўлса-да, аксар сиëсатшунослар Вашингтон ва Тошкент сўзлашувларининг бугунги бош нуқтаси айнан Хонободдаги ҳарбий базадир, деган фикрда собитдирлар.

Ғарблик таҳлилчилар фикрича, шу кунларда АҚШ ҳарбий қўмондонлиги Бишкек расмийлари “Манас”дан чиқаришга қарор қилган Афғонистондаги халқаро кучлар таъминот базасини яна Ўзбекистонда жойлаштириш имконини қидирмоқда.

Ҳозир ҳар икки томон учун ҳам айнан ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик масаласини муҳокама қилиш зарурати туғилди ва афтидан, томонлар ўзаро манфаатли битимга эришади, деб ҳисоблайди Ташқи алоқалар бўйича Германия Кенгашининг Россия ва Марказий Осиё бўйича мутахассиси Штефан Мэйстр.

- Менимча, эндиликда улар прагматик ҳамкорликни йўлга қўйиш йўлидан боради ва шундай ният ифодаси тарзида АҚШ янги маъмурияти биринчи бўлиб ўз генералини Ўзбекистонга юборди.

Бу музокаралар, шубҳасиз, ҳарбий ҳамкорлик устида бормоқда. Чунки, АҚШ нинг янги президенти Барак Обама ва вице-президент Жозеф Байден шу кунга қадар ўз ташқи сиёсатининг энг устивор йўналиши Афғонистонда толибонга барҳам бериш эканини қатъий таъкидладилар¸ дейди германиялик ҳарбий таҳлилчи Штефан Мэйстер.

Айни пайтда, АҚШ президенти сифатида қасамёд келтирилган илк кунидаёқ дунё бўйлаб демократияни ривожлантириш ва диктаторлик режимларига қарши қатъий кураш мақсадини ҳам аниқ ифодалаган Обама маъмурияти диктатор режимлар рўйхатининг фахрийсига айланган Ўзбекистон каби давлатдаги демократик жараëнларни қувватлашни давом эттиришга ҳам йўл топади, деб ишонади Мэйстер.

- Албатта, Барак Обама маъмуриятининг Афғонистон бобида Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик стратегияси айнан қай кўринишда эканини айтиш ҳозир жуда қийин. Лекин, Обама маъмурияти учун бирламчи бўлган Афғонистондаги хавфсизлик масаласи Ўзбекистон учун ҳам жуда муҳим.

Томонлар аввал тинчликни таъминлаб, кейин бошқа масалалар муҳокамасига ўтишга мажбур. Содда қилиб айтсак, демократия масаласи узоқ муддатли, толибонга қарши кураш эса шу бугунги режанинг бош масаласидир. Жуда прагматик руҳда иш бошлаган Обама маъмурияти ҳар икки мақсадни амалга ошириш йўлини топади, дейди Ташқи алоқалар бўйича Германия Кенгашининг Россия ва Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Штефан Мэйстр.

АҚШ ҳарбийлари 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кўп ўтмай бошланган Афғонистондаги ҳарбий амалиëтларда фойдаланиш мақсадида Қаршидаги Хонобод ҳаво базасига киритилган эди.

2005 йилда содир бўлган Андижон воқеалари устида АҚШ маъмурияти билан зиддиятга борган Ўзбекистон ҳукумати 2005 йил ноябрида АҚШ ҳарбийларини бу базадан бутунлай ҳайдаб чиқарган эди.

Орадан тўрт йилча вақт ўтиб - АҚШ Марказий қўмондонлиги бош қўмондони генерал Дэвид Петрэуснинг Тошкент музокараларидан кўп ўтмай президент Каримов Америка ҳарбийларини яна мамлакатга киритиш ҳақда баëнот берса¸ кўпчилик кузатувчилар¸ бунинг ҳеч кимни ҳайратга солмаслигини таъкидламоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG