Линклар

"Нурчилик"да айбланаëтганлар жинояти нимада?

  • Абдулла Искандар

Нурчиларнинг бугунги етакчиси Фатҳуллоҳ Гулан¸ Туркияда ўзига қарши жиноий иш очилганидан сўнг¸ АҚШ дан бошпана топган.

Нурчиларнинг бугунги етакчиси Фатҳуллоҳ Гулан¸ Туркияда ўзига қарши жиноий иш очилганидан сўнг¸ АҚШ дан бошпана топган.

Тошкентда "нурчилик"да айбланаëтган етти киши устидан бораëтган маҳкама жараëнига оид айрим тафсилотлар¸ ўзбек телевидениеси ҳозирлаган кўрсатув ëрдамида¸ сал ошкор бўлди.

Душанба куни Тошкент шаҳар жиноий ишлар суди Туркиянинг " Нурчилар" диний оқимига аъзоликда айбланаëтган Ўзбекистон фуқаролари устидан жиноят ишини кўриб чиқишда давом этди.

Улар жамоат тартибига таҳдид соладиган адабиëтлар тайëрлаш ва тарқатиш¸ таъқиқланган диний китобларни мутоалаъ қилишда айбланмоқда.

Шунингдек уларга сепаратизм¸ исломий фундаментализм¸ пантуркизм ғояларига асосланган яширин ташкилотлар тузиш каби айбномалар ҳам қўйилмоқда. Айбланувчилар орасида " Етти иқлим" газетаси бош муҳаррири Даврон Тожиев ва газета мухбири Шавкат Олимов ҳам бор.Бундан олдин "Ирмоқ" журналининг беш мухбири устига айни айбловлар юкланган эди.

Душанба куни маҳкама ҳукм чиқармай туриб¸ Ўзбекистон телевидениеси айбланувчиларни ëмон отлиқ қилувчи кўрсатувни эфирга узатди. Ўзбекистон қонунларига кўра суд ҳукми кучга кирмасдан туриб айбланувчини матбуотда қоралаш таъқиқланади.

Айбланаëтган журналистлар Туркиядаги "Нурчилар " диний оқимининг тарафдорлари сифатида ўтган йилнинг сентябр ойида Ўзбекистон МХХ тарафидан ҳибсга олинган. Уларнинг ҳибсдалигини шу пайтгача Ўзбекистон прокуратураси инкор қилиб келаëтган эди.

- Мухбирларга¸ журналистларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказилаëтгани йўқ ва қамоққа олинмаган¸ деган эди ўтган ҳафта Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова.

Маҳкама


Душанба кунги маҳкама жараëн устидаги кўрпани сал кўтарди.

Айбланувчилар адвокатларига кўра¸ маҳкама жараëни судлов қонунларига зид тарзда ўтган. Айбланувчилардан бирининг яқини гапиради.

- Нотўғри ишлар бўлдида.

Озодлик: Қанақа нотўғри ишлар бўлди?

- Мана бу экспертларни чақиртириш керак бўлдида. Экспертларни бирор киши чақириб келгани йўқ. Бешта экспертдан бирортаси ҳам келгани йўқ. Адвокатлар “Экспертлар келиши¸ албатта зарур. Уларсиз иш кўриш мумкин эмас” деб айтишди. Лекин судя ва прокурор буни қатъиян рад этди.

Яна гувоҳлардан 17 киши келгани йўқ. Адвокатлар “Уларни чақиртириш керак “деб ëзма равишда ариза ëзиб беришди. Судя ва прокурор буни ҳам қатъиян рад этишди. Шу билан ҳамма нарса ўша куни кўриб чиқилди.

Суҳбатдошимизнинг бу фикрини судда иштирок этган Саъдулла Вафоев ҳам тасдиқлади.

- Экспертларни¸ гувоҳларни чақирайлик деганига қарамасдан¸ суднинг ўзи ҳамма нарсани бир томонлама ҳал қилиб қўйди. Менимча¸ ҳамма нарса аниқ бўлди¸ улар ўзларининг билганини қилишди¸ дейди Саъдулла Вафоев.

Саъдулла Вафоевнинг акаси Равшанга¸ Туркияга ўқишга бориб " нурчилар"га эргашган¸ Бадиуззамон Нурсий китобини мутоалаъ қилган¸ деган айб қўйилмоқда.

- Битта ўша китобни ўқиганлар. Энди ўша китобнинг таъқиқланган китоб эканини билмаганлар. Ўзбекистонда таъқиқланган китобларнинг рўйхати чиқмаган.

Мен туркча билмайманку¸ лекин русча биламан. Битта рус тилида ëзилган китоб ўқисам¸ у китоб таъқиқланган бўлиши ва мени ҳам қамаб қўйишлари мумкин.

Мен энди китоблар палатасига¸ президент аппаратига ëзмоқчиман. Улардан “Таъқиқланган китоблар рўйхатини беринг¸ ўзимизни озгина ҳимоя қилайлик” деб сўрамоқчиман.

Қанақа китоб ўқиш кераклигини ëзиб бермаса¸ таъқиқланган китоб ўқидинг¸ деб айб қўйса. Мен тушунмадим тўғриси¸ дейди Саъдулла Вафоев.

Китоб ўқиш жиноятми?

Айбланувчиларнинг адвокатлари суд ҳакамларига Нурсий китобларининг Навоий кутубхонасида мавжудлиги ва уни ҳар ким мутоалаъ қилиши мумкинлиги борасидаги ҳужжатни тақдим қилишди.

- Навоий кутубхонасига сўровнома бердик. Кейин “Навоий кутубхонасида Саид Нурсийнинг китоблари бор. Хоҳлаган Ўзбекистон фуқароси¸ ким бўлишидан қатъий назар келиб ўқиши мумкин” деган ҳужжатни олиб келдик.

Кейин Ўзбекистонда ўқилиши мумкин бўлмаган китобларнинг рўйхати йўқ. Биз бир китобни ўқимоқчи бўлсак¸ унинг қонунийми ëки йўқми¸ ўқиш мумкинми ëки йўқми эканлигини билмаймизку. Бунинг бир рўйхати йўқ.

Мана ўзимизнинг Тошкентда Чорсу бозорида 1996-1997-1999-2000 йилларда Саид Нурсийнинг китоблари сотилган. Масалан¸ унинг китоблари Ислом университетида ҳам бор экан. Уни ҳамма ўқиган.

Энди буларнинг ҳаммаси 1992 йилдан 2000 йилгача турк лицейида ўқиган. Уларнинг ҳаммаси Саид Нурсий ким бўлганлиги ҳақда тушунчага эга. Ўша китоблар турк лицейларининг ҳаммасида бўлган¸ дейди айбланувчилардан бирининг яқини.

Аввалига тортишма ва мунозара унсурлари бўлган маҳкама душанба куни Ўзбекистон телевидениеси эфирга узатган кўрсатувдан кейин сув қуйгандек жим бўлиб қолди¸ дейишди суҳбатдошлар.

- Ўшанда суд жараëнида бўлаëтган нарсаларни кўрсатишди. Болаларни гапиртирди. Булар ҳақиқатда айбдор деган ҳукм чиққани йўқку. Суд давом этаяпти. Лекин телевидениеда бу кўрсатилди¸ дейди суҳбатдош.

"Зулматга элтувчи нур"
дея номланган бу кўрсатув айбланувчиларни ўзбек миллатига қарши ëвуз секта аъзолари дея тақдим қилади.

Ўзбекистоннинг Судлов ва Оммавий Ахборот Воситалари ҳақидаги қонунларига кўра¸ маҳкама ҳукми қонуний кучга кирмасдан туриб¸ айбланувчилар ҳақида салбий ëки ижобий фикр билдириш таъқиқланади.

“Мазкур лицейларда иқтидорли ўзбек ўқувчилари саралаб олинган ва уларга асосан турк муаллимлари дарс берган”.

Биз нурчимизми¸ умматчимизми ë миллатчими?

ЎзТВ ëйинлаган кўрсатувда айбланувчиларнинг пантуркчилик ғояларини тарқатганлиги айтилади.

Америкалик социолог Баҳодир Файз нурчилик таълимоти умматчилик устига қурилганини айтади.

- Ëлғон бу нарса. Ўзбекистон тарафидан чиқарилган бўлса¸ бу ғирт ëлғон нарса. Туркиянинг ўзида¸ бошқа жойда бир туркдан бу ҳақда сўрасангиз ëки ўзининг жамоатидаги инсонлар билан гаплашсангиз бу нарсага кулишади-да. Яъни уларнинг фаласафаси¸ тамали бу миллат душмани бўлган бир ташкилот.

Миллий туркчилик¸ Туронни қўяверинг. Яъни бу ташкилотнинг миллат деган тушунчага зид фаласафаси бор. Диндор одам учун миллиятчилик билан умматчилик бир жойда турмайди. Миллиятчилик билан умматчилик ҳар замон тўқнашади. Яъни бу нотўғри нарса. Бу фақатгина фалсафий тарафдан.

Булар¸ биринчидан туркчилик ғоясига¸ иккинчидан турончилик ғоясига қарши. Туркиядаги тор маънодаги Отатурк миллиятчилигига булар жуда ҳам қарши инсонлар¸ дейди Баҳодир Файз.

ЎзТВ тақдим этган кўрсатувнинг қораловчи руҳи маҳкамага тортилганлар учун айбномадек янгради.

Маҳкамага тортилганлар Туркиядаги "Нурчилик" оқимининг раҳнамоси Фатҳуллоҳ Гулан истагига кўра¸ Ўзбекистонда мактаб¸ тил марказлари ва газета -журнал очганликда айбланишмоқда.

Бундан олдин Ўзбекистондаги "Ирмоқ" журнали "Нурчилардан пул олди" деган айб билан, ëпиб қўйилган эди.

"Ирмоқ" журналининг бош муҳаррири¸ таниқли тележурналист Ҳамза Жумаев илмий-таҳлилий мазмундаги туркча видеолавҳани дубляж қилгани ҳақда маҳкамада кўрсатма берди.

Гувоҳлар қийноққа солинганми?

Маҳкамада қатнашган суҳбатдошимизга кўра¸ қийноқлар остида бир-бирига қарши кўрсатма бераëтганларни чақимчи деб бўлмайди.

- Олиб келинган гувоҳларнинг 75 фоизи “Ҳам руҳий¸ ҳам жисмоний тазйиқ ўтказилди” деб айтаяпти. Уларга ўша МХХ нинг изоляторида тазйиқ ўтказишган. Буларнинг ҳаммаси руҳий ва жисмоний тазйиқ остида сўроқ қилинган. Қўрқитган¸ урган деган гаплар ҳам бор. Шу болаларнинг ўзи судда шунақа деб айтди¸ дейди айбланувчилардан бирининг яқини.

Душанба кунги суд мажисининг қора курсисида ўтирганлар Фатҳуллоҳ Гулан очган мактабларда ўқишган ва Туркия, Англия ва АҚШ да таълим олишган. Улар Ўзбекистон таълим ва матбуот соҳасига сизиб кирган жосуслар каби кўрилмоқда.

Мактаб¸ газета¸ журнал очиб¸ ҳукумат истагидан сал фарқ қиладиган тарзда фаолият кўрсатиш жиноятми?

Америкалик социолог Баҳодир Файз гапиради.

- Ҳеч бир демократик тузумда китоб тарқатиш ëки тинч йўл билан фикр айтиш¸ диний тарғибот қилиш¸ диний давлатга чақириш жиноят ҳисобланмайди. Яъни Конституцияда бу нарсалар ëзиб қўйилган. Нурчилар жамоаси жуда пассив. Бу жамоанинг фикрларида¸ фалсафасида¸ таълимида сиëсат деган нарса йўқ. Буларнинг таълими ҳам жуда замонавий¸ унда дин ўқитилмайди¸ дейди Баҳодир Файз.

Тошкент шаҳар жиноий ишлар суди Туркиянинг " Нурчилар" диний оқимига аъзоликда айбланаëтган Ўзбекистон фуқаролари устидан жиноят иши юзасидан ҳукмни пайшанба куни эълон қиладиган бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG