Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:40

Исломчилар ови давом этаëтир


Тожик милициясининг таъкидлашича¸ Сўғдда кейинги ойлар ичи Ўзбекистон исломий ҳаракати янада фаоллашган.
Тожик милициясининг таъкидлашича¸ Сўғдда кейинги ойлар ичи Ўзбекистон исломий ҳаракати янада фаоллашган.

Сўғдда Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқадорликда гумонланган яна бир киши ҳибсга олинди. Шу билан йил бошидан буён ЎИҲга аъзоликда айбланиб қамалганлар сони бештага етди.

Республика Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Абдураҳим Қаҳҳоровнинг билдиришича, “ҳибсга олинган Мирзосаид Юнусов уч йилдан буён қидирувда эди”.

- Биздаги маълумотларга мувофиқ, Мирзосаид Юнусов жорий йил январ ойида ҳибсга олинмиш Анвар Қаюмов билан ҳамкорлик қилган.

Бу ҳаракат аъзолари минтақада ҳали ҳам бор ва биз бу йўналишда иш олиб бораяпмиз, деди генерал-лейтенант Абдураҳим Қаҳҳоров.

Вилоят ички ишлар бошқармаси штаби раҳбари Наим Муртазоевнинг айтишича, Қирғизистон Республикаси билан чегарадош Исфара туманига қарашли Шўртанг қишлоғи яқинидаги тоғларда машқлар ўтказишга мўлжалланган яширин ғорлар аниқланган.

Бу яширин ғорларда диний-экстремистик руҳдаги адабиётлар, варақалар топилган.

Жорий йил январ ойида Сўғд вилоятида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг раҳбарларидан бири деб гумонланган Анвар Қаюмов қўшни Афғонистон ҳудудида қўлга олинган эди.

- Исфара туманида туғилган Анвар Қаюмов Холид, Усто ва Профессор лақаблари билан яширин фаолият олиб борган. Кейинчалик Анвар Қаюмов Афғонистонга ўтиб кетган, деди Наим Муртазоев.

Шунингдек, милиция мулозимларининг сўзларига кўра, жорий йил бошида 1998 йилдан буён Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзо бўлган Мукаррамхўжа Шарипов қўлга олинган.

У Москва шаҳридаги маслакдошлари билан учрашиб, у ердан Сўғддаги ҳаракат аъзоларига пул юбориб турган.

Вилоят прокуратураси маълумотларига кўра, бундан икки йил олдин Тожикистон шимолида Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари сони 100 нафардан ортиқ эди. Ўша пайтда расмийлар бу ҳаракат фаолияти Тожикистон миллий хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётганини қайд этган эдилар.

Бироқ яқинда Сўғд вилоят прокурори Хайрулло Саидов ҳозир вилоятда Ўзбекистон исломий ҳаракатининг фаолияти сусайганини таъкидлади. Прокурорнинг бу мулоҳазаси Сўғд милицияси мулозимларининг вилоятда Ўзбекистон исломий ҳаракати фаолияти кучайиб бораётгани ҳақидаги фикрларига зид келади.

Прокурор Хайрулло Саидовга кўра, “Сўғд вилоят куч ишлатар идораларининг биргаликда олиб борган чора-тадбирлари натижасида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг вилоятдаги фаолиятига чек қўйишга, гарчи тўла бўлмаса-да, эришилган”.

Сўнгги икки мобайнида Сўғд вилоят судида мазкур ҳаракат аъзолари устидан ўндан зиёд маҳкама жараёни бўлиб ўтди. Лекин суд мажлисларида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг аъзолари деб гумон қилинган шахслар ўз айбларига иқрор бўлмадилар.

Судланувчилар яқинларининг айтишларича, улар ҳеч қандай экстремистик ташкилотларга аъзо бўлмаган. Чунончи маҳкамага тортилган Баҳодир Бобоевнинг онаси ўз ўғли айбсиз судланганини айтди.

- Ўғлим ҳеч қандай диний-экстремистик гуруҳларга аъзо бўлмаган. Россияда мардикорлик қиларди.

Россиядан қайтиб келганида, милиция вакиллари келиб олиб кетишди. Гуёки ўғлим қандайдир Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзо бўлган. Мен бунақанги гапларни эшитмаганман, деди маҳкамага тортилган Баҳодир Бобоевнинг онаси.

ЎИҲга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинганлар яқинларининг айтишларича, ҳибсга олинганларга нисбатан қийноқ қўллаган одамларнинг фамилияларигача маълум. Уларни тинмай калтаклаганлар, ҳатто электр токи билан қийноққа солганлар.

Айни пайтда расмийлар бу даъволарни инкор этадилар. Расмийлар иддаосича, судланувчиларнинг ЎИҲга аъзолигини тасдиқловчи ашёвий далиллар ҳам, гувоҳлар ҳам етарли.
XS
SM
MD
LG