Линклар

logo-print

"Қачон бунинг ваъдаси амалга ошар экан?"

  • Фаррух Юсуфий

Президент Каримов Ўзбекистон бозорларидаги тўкин-сочинлик ўзи ва ҳукуматининг оқилона сиëсати меваси эканини таъкидлаб келаëтир.

Президент Каримов Ўзбекистон бозорларидаги тўкин-сочинлик ўзи ва ҳукуматининг оқилона сиëсати меваси эканини таъкидлаб келаëтир.

Президент Каримовнинг ўтган ҳафта мамлакат иқтисоди аҳволи ҳақда қилган катта маърузаси¸ мустақил таҳлилчилар ва оддий ўзбекистонликлар томонидан катта шубҳа билан қарши олинди.

- Юзага келган барча муаммо ва қийинчиликларга қарамай халқимизнинг фидокорона меҳнати ва амалга оширилган тадбирлар эвазига 2008 йилда иқтисодиëтимизнинг нафақат барқарор фаолият кўрсатишига¸ балки унинг юқори ўсиш суръатларини изчил таъминлашга эришдик¸ деди 13 феврал кунги нутқида президент Каримов.

Шу куни Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг “2008 йилда мамлакатни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш якунлари ва 2009 йилда иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг энг устивор вазифалари”га бағишланган мажлисдаги чиқишида президент, дунё иқтисоди инқирозга юз тутгани боис аксарият давлатлар ўз бошидан кечираётган қийинчиликлар “халқнинг фидокорона меҳнати” ва ҳукумат амалга оширган “тадбирлар эвазига” Ўзбекистонни четлаб ўтганини таъкидлади.

Боз устига президент “Иқтисодиётнинг нафақат барқарор қолиб, балки унинг ўсиши изчил таъминлангани”ни ҳақдаги баëнотини қувватловчи айрим рақамларни маърузасига илова қилди.

- Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 9 фоизни¸ саноатда 12¸7 фоизни¸ жумладан¸ истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 17 фоизни ташкил этди. Хизмат кўрсатиш ҳажми 21¸3 фоизга ўсди. Иқтисодиëтнинг бошқа муҳим тармоқлари ҳам барқарор суръатлар билан ривожланди¸ деди президент Каримов.

Молиявий бўҳрон туфайли аксарият мамлакатлар, айниқса, тараққий этган Ғарб давлатларининг иқтисодиётлари сезиларли ориқлаб кетаётган бир пайтда, Ўзбекистоннинг бундай кўрсаткичларга эришиши, президент айтганидек, “айниқса муҳим аҳамиятга эга”.

Қиёс учун: ўтган йили Қўшма Штатларнинг ялпи ички маҳсулоти 1,4 фоиз, Европа Иттифоқиники 1,5 фоизга ошди¸ холос. Молиявий бўҳроннинг бевосита оқибати ўлароқ кутилганидан анча пастроқ бўлган бу кўрсаткичлар мазкур давлатлар аҳолиларининг кундалик турмушида салбий акс этмоқда.

Мантиқдан келиб чиқилса, иқтисоди 9 фоиз сураът билан ўсган Ўзбекистонда турмуш анча яхшилангани, президент айтмоқчи, аҳоли реал даромадининг анча ошганига ҳеч кимда шубҳа қолмаслиги керак.

“Такрор айтаман¸ ким буни тушунса¸ тушунади¸ тушунмаса¸ тушунмайди”.

Ўтган йил давомида турмуши қандай бўлганини оддий ўзбекнинг ўзи тушунмасдан¸ ким тушунсин?

Суҳбатдошимиз тошкентлик Шуҳрат ака математика ўқитувчиси, лекин маълум сабабларга кўра, устачилик қилади. Хўш¸ президент Каримов бошлиқ ҳукуматнинг “оқилона сиёсати” у кишининг турмушида қандай акс этди?

Шуҳрат ака: Бунинг сезилишини сўрагандан кўра¸ бу кишининг трибунага чиқиб гапирган гаплари ростми ëки ëлғонми деган масалани кўтарайлик ўртага. Ҳаммаси ғирт ëлғонку.

Озодлик: Нимаси ëлғон?

Шуҳрат ака: Оддий халқ кўзида ғирт қаллобликку бу! Реал даромад деганда биз тушунамизки¸ ўтган йилги топган пулимизга олишимиз мумкин бўлган маҳсулотни бу йил ололамизми ëки йўқми? Албатта¸ ололмаймиз. Чунки бу ëқда ойлик ва пенсияларни ошираяпти¸ ҳаттоки пенсия ошмасдан туриб нарх-наво ошаяптику. Реал даромад қанақасига ошиши мумкин?

Тирикчилик сабабларидан устачилик қилаётган, асл касби ўқитувчи бўлган Шуҳрат ака президентнинг гапларини рақамлар билан инкор қила олмайди.

Лондондаги иқтисодий тадқиқотлар марказининг (Economist Intelligence Unit) Ўзбекистон бўйича мутахассиси Жон Эндрю президент Каримовнинг гапларида шубҳали жиҳатлар жуда кўп, дейди.

- Жаноб Кримов айтаётган 9 фоизлик ўсишга оид рақамлар жуда қизиқарли. Чунки ҳақиқатан, мамлакат ялпи ички маҳсулоти кейинги йилларда тез суръатлар билан ошаётган эди.

Лекин унинг йил давомида ялпи ички маҳсулотнинг ўтган бир йил давомида 9 фоизга ошганини айтиб, аслида ўсиш суръати йилнинг охирига бориб сусайгани ҳақида индамаётгани қизиқарли. Чунки йил бошида бу кўрсаткич 10 фоиздан ортиқроқни ташкил қилган эди, йилнинг охирига бориб эса, 8 фоиздан тушиб кетган.

Бундан ташқари, Каримовнинг бошқа соҳалар, жумладан, саноат, қишлоқ хўжалиги, савдодаги ўсишга оид рақамлари ҳам, биздаги маълумотларга кўра, асл вазиятга мос келмайди.

Шу сабабдан жаноб Каримовнинг иқтисоддаги ўсиш ҳақидаги иддаолари жуда шубҳалидир, дейди Ўзбекистон иқтисодини тадқиқ қилиш билан шуғулланадиган бу мутахассис.

Ислом Каримов ўтган йилда эришилган ютуқлар сирасидан мамлакатнинг экспорт салоҳиятида ҳам ижобий ўзгаришларга эришилганини қайд этди.

- Умумий экспорт ҳажмида хом ашë бўлмаган товарларнинг улуши 71 фоиздан зиëдни ташкил этди. Айни вақтда¸ Ўзбекистон учун анъанавий экспорт хом ашëси бўлган пахта толасининг бу борадаги улуши 2003 йилдаги 20 фоиздан 2008 йилда 12 фоизга тушди.

Иқтисодий тадқиқотлар марказининг Ўзбекистон бўйича мутахассиси Жон Эндрю президент Каримовнинг бу гаплари ҳам бироз бўрттирилган, дейди Озодлик билан суҳбатда.

- Экспорт умумий ҳажмида хом ашё бўлмаган товарларга оид бу рақамлар ҳам мени жуда ҳайрон қолдирди. Бизнинг маълумотларга кўра, биргина энергия воситалари, жумладан¸ табиий газ ва нефтнинг мамлакат экспорт ҳажмидаги улуши 25 фоиздан кўпроқни ташкил этади.

Халқаро валюта жамғармасига кўра, ўтган йили Ўзбекистон газ экспортини оширган ва бу кўрсаткич янада ошган бўлиши¸ шубҳасиз. Бунга пахта, олтин кабиларни қўшсангиз, экспорт ҳажмидаги хом ашё миқдори йўқ деганда 55 фоиздан ошиб кетади.

Яъни хом ашё бўлмаган маҳсулотларнинг экспорт ҳажмидаги улуши Каримов айтганидек, 71 фоиз эмас, 50 фоизга ҳам бормайди, дейди мутахассис.

2008 йилда ўзбекистонликлар турмуши анча яхшиланганини рақамларда тавсирлаб берган президент, қўлга киритилган бу ютуқлар келаси йилда янада улкан кўрсаткичларга эришилишини ваъда қилди.

- Балки шу рақамлар ҳаммамизга қандайдир ишонч¸ керак бўлса¸ эртанги кунга ишонч¸ руҳимизни кўтаришга бу катта бир туртки бўлади.

Иқтисодчи Жон Эндрюнинг, Ўзбекистон иқтисодининг жорий аҳволидан келиб чиқилса, келаси йил манзараси ҳам Каримов тасвирлаганидан фарқли бўлишини тахмин қилади.

- Айтиб ўтганимиздек, Ўзбекистон экспортининг каттагина қисми хом ашёдан иборат ва бу маҳсулотлар, жумладан газ, нефт ва олтиннинг нархи анчайин юқори қолаётгани мамлакат иқтисоди учун ижобий омилдир.

Каримов Ўзбекистон иқтисоди ҳозирча молиявий инқироздан жиддий зарар кўргани йўқлигини айтди, бу қайсидир маънода тўғри. Бошқа томондан эса, Ўзбекистон экспортидаги бошқа маҳсулотлар, хусусан мамлакатда ишлаб чиқариладиган автомобилларнинг экспорти қисқаришини башорат қилиш мумкин.

Ўтган йилнинг охирида ва жорий йил бошида Россиядан ўзбек автомобилларининг каттагина қисми қайтарилгани ҳақида хабарингиз бўлса керак. Чунки Россиянинг автомобил бозорида муаммолар мавжуд.

Бундан ташқари мамлакат ташқарисида ишлаётган миллионлаб меҳнат муҳожирлари уйларига жўнатаётган пулларнинг миқдори камайиб кетиши, уларнинг кўпчилиги уйга қайтиб ишсизлик ва қашшоқлик даражасининг ошишига ҳисса қўшишини башорат қилиш мумкин.

Жаноб Каримовнинг ўз нутқида жаҳон молиявий инқирозининг мамлакат иқтисоди учун жиддий оқибатлари ҳақида қайта-қайта гапиргани ҳам бежиз эмас, дейди Лондондаги иқтисодий тадқиқотлар марказининг Ўзбекистон бўйича мутахассиси Жон Эндрю.

Президент жума кунги чиқишида бугун бозорлардаги нархларнинг пасайганини ҳам ҳукуматнинг “оқилона сиёсати” натижаларига йўйди.

- Бозоримизда нима учун бугун гўшт арзон? Сут маҳсулотлари арзон? Мана чет элда чиқаëтган газеталарга¸ матбуотга эътибор беринглар. Ҳайрат билан гапираяпти. Баъзилари билмадим¸ қандай кайфият билан шуни таъкидлаяпти¸ лекин мен ўйлайманки¸ уларнинг гаплари ўз йўли билан.

Халқимиз бозорга чиққанда шуни кўриб¸ яъни қиш пайтида¸ оғир пайтда гўшт¸ сут маҳсулотлари¸ картошка¸ сабзавот маҳсулотларини доим топаяпти. Лекин у ëғини ўйламайдики¸ бу осмондан тушмайди¸ ойдан тушмайди.

Бунинг устида ишлаш керак. Бир йил эмас¸ кўп йил ишлаш керак. Бунга тайëргарлик кўриш керак. Гўшт¸ сут қаердан пайдо бўлади? Молни боқмаса¸ қаердан бу маҳсулот бозорда пайдо бўлади? Ўйланглар шуни.

Кейинги ойларда Ўзбекистон бозорларидаги нарх-навонинг тушгани ҳақиқат ва ўзбекистонликлар гўшт ва сут маҳсулотлари осмондан ёки ойдан тушиб қолмаслигини яхши билади. Рисолатхон ая фарғоналик пенсионер.

- Ҳақиқатдан ҳозир анча арзонлаган. Масалан¸ бизнинг Фарғонамизда гўштлар 6 минг¸ 6 ярим минг сўм бўлди. Анча пастга тушиш бор. Унларнинг нархи ҳам анча пастлади.

2008 йил жуда нима бўлиб кетдию¸ кейин охирига бориб анча юмшади. Мана 2009 йилда яна ҳам яхши бўлди. Унлар анча арзонлади¸ ëғ анча арзонлади¸ гўшт арзонлади. Картошка¸ пиëзлар ҳам тушди.

Анави куни биттаси 600 сўмдан олиб келиб берди. Ҳозир анча яхши¸ дейди фарғоналик пенсионер Рисолатхон ая.

Лондондаги иқтисодий тадқиқотлар марказининг мутахассиси эса, нарх-наволарнинг тушганини Каримовнинг “узоқни кўзлаб олиб бораётган сиёсатига йўймаган бўлардим”, дейди.

- Инфляция даражаси, яъни нарх-наволар бу йил ҳам пасайишда давом этади ва бу кейинги икки-уч йил давомида инфляциянинг кескин ўсиб боришидан азият чеккан оддий ўзбекистонликлар учун ижобий ҳолдир.

Лекин бу Ўзбекистон ёки бошқа давлат ҳукуматларининг ҳаракати натижаси эмас, балки ўша жаҳон иқтисодий инқирозининг натижасидир. Айни пайтда, афсуски бу ўзбеклар жонига оро кирадиган ягона ижобий ҳол бўлади, дейди Жон Эндрю.

Тошкентлик Шуҳрат ака ҳам бозордаги нархлар тушганидан хабардор, лекин бундан жуда ҳам хурсанд эмас.

- Лекин шунга яраша мана битта бензин нархининг ошишини таққосланг. Битта бензиннинг нархи ошгандан кейин тамом ҳамма соҳага уради у. Биронта соҳа ошмасдан қолмайди. Хоҳ транспорт соҳасини олинг¸ хоҳ озиқ-овқат соҳасини олинг.

Мана кетма-кетига бир¸ бир ярим ойнинг ичида бутун йўлкиралар икки марта кўтарилиб кетди. Мана ҳозир автобусда иккита бекат юрмасингиздан 400 сўм тўлашингиз керак. Энг оддий автобус 400 сўм.

Ҳозир бир ойлик йўл чиптаси (проездной) неча пул эканини биласизми? Тахминан 40 минг сўм бўлса керак. 40 мингдан кам эмас¸ дейди Шуҳрат ака.

Шуҳрат ака президентнинг ваъдаларига қарамасдан, 2009 йилга катта умидлар боғламаётганини айтади, суҳбатимиз сўнггида.

Шуҳрат ака: Умидларимиз¸ мана 17 йилдан бери умид қилиб ëтибмизку. Ҳеч қанақа ўзгариш бўлмаяптию.

Озодлик: Энди ваъда қилдику.

Шуҳрат ака: Э¸ бу ваъдани 17 йилдан бери эшитиб келаяпмиз. Қачон бунинг ваъдаси амалга ошар экан¸ мен ҳайронман. Бунга ишонч йўқ. Бунинг ваъдасининг амалга ошишига умуман ишонч йўқ. Бизнинг бошимизга эртага не кун тушади¸ буни Оллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди.
XS
SM
MD
LG