Линклар

Бишкек ўзбек қочқинларидан безди


2005 йил май ойидан буён юзлаб ўзбек қочқинларига очиқкўнгиллик билан Қирғизистондан бошпана бериб келган қирғиз расмийлари сўнгги ойлар давомида бу қочқинларни рўйхатга олиш ишини пайсалга сола бошладилар.

2005 йил май ойидан буён юзлаб ўзбек қочқинларига очиқкўнгиллик билан Қирғизистондан бошпана бериб келган қирғиз расмийлари сўнгги ойлар давомида бу қочқинларни рўйхатга олиш ишини пайсалга сола бошладилар.

Қирғизистон миграция хизмати ўзбекистонлик қочқинларнинг бошпана изловчи шахс мақоми берилгани тўғрисидаги ҳужжатлари муддатини узайтиришдан бош тортмоқда.

Бундан ташқари, қирғиз миграция хизмати бу мамлакатга шу кунларда бошпана излаб келаётган ўзбекистонлик қочқинларни ҳам рўйхатга олишдан бош тортаётир.

Ўзбекистонлик қочқин Тўрабек Санонинг айтишича, Бишкекдаги миграция хизмати ундан бошпана изловчи шахс гувоҳномасини тортиб олган.

- 8 феврал куни менинг қочқин эканлигим тўғрисидаги гувоҳномам миграция хизмати томонидан тортиб олинди.

Гувоҳноманинг муддати тугаган эди. Унинг муддатини узайтириш учун миграция хизматига боргандим.

Гувоҳномамни олгач, миграция хизмати ходимаси бундан буён бундай ҳужжат менга берилмаслиги ва Қирғизистон ҳудудида шу кундан эътиборан ноқонуний муҳожир эканлигимни айтди, дейди Тўрабек Сано.

Суҳбатдошимга кўра, шу кунгача бошпана изловчи шахс гувоҳномаси олиб қўйилган ўзбек қочқинлари сони кўпайиб бормоқда.

- Гувоҳномаси олиб қўйилган ёки бошпана изловчи шахс мақоми берилиши рад этилган ўзбек қочқинлари сони ўнга яқинлаб қолди.

Шу кунларда Қирғизистонга бошпана излаб келаётган ўзбекистонлик қочқинлар ҳам рўйхатга олинмаяпти, деди Тўрабек Сано.

Ўзини Фарҳодбек таништирган ўзбекистонлик қочқинлардан бири Бишкекка онаси ва учта укаси билан бошпана излаб келган.

Фарҳодбекнинг отаси Ўзбекистон мухолифати фаолларидан бири бўлиб, у ўтган йили БМТнинг Қочқинлар иши бўйича комиссарлиги Бишкек ваколатхонаси кўмагида Канадага кўчирилган.

Фарҳодбекнинг айтишича, Қирғизистон миграция хизмати уларнинг оиласини ҳам рўйхатга олмаяпти.

- Бишкекка ўтган йилнинг сентябрида келганмиз. Уч-тўрт маротаба миграция хизматига мурожаат қилдик.

Миграция хизматидагилар: “Сизларга бошпана изловчи шахс мақоми берилиши учун далилларингиз етарли эмас”, деб айтдилар, дейди Фарҳодбек.

Суҳбатдошимнинг айтишича, унинг оиласи Ўзбекистонда таъқиб қилинган ва Фарҳодбекнинг ўзи эса номаълум шахслар томонидан калтакланган.

Бундан ташқари, унинг отаси мухолифат фаоли сифатида таъқиб қилингани учун Ўзбекистонни ташлаб кетишга мажбур бўлган. Қирғизистон миграция хизмати эса бу далилларни инобатга олмаяпти.

Шунга қарамай, Фарҳодбек БМТ Қочқинлар иши бўйича Бишкек ваколатхонаси уларни рўйхатга олганини ва айни пайтда Канадага кўчириш чорасини кўраётганини айтди:

- Яқинда Канададан бизнинг ҳужжатлар келди. Халқаро Миграция ташкилоти ва БМТ Қочқинлар бўйича комиссарлиги бу ишда бизга кўмак берди.

Канададан келган ҳужжатларни бу давлатнинг Москвадаги элчихонасига жўнатдилар. Ҳозир бизнинг масаламиз ижобий ҳал этилишига умид қилиб турибмиз, дейди Фарходбек.

Суҳбатдошларимизнинг айтишларича, бошпана изловчи шахс гувоҳномасига эга бўлмаган қочқинлар Қирғизистон ҳудудида ноқонуний яшаётган муҳожирлар қаторига киритиладилар.

Бунинг оқибатида эса улар Ўзбекистонга қайтарилишлари, қирғиз ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан ҳибс қилинишлари мумкин. Шунинг учун ўзбек қочқинлари кўчага чиқмай, тўрт девор орасида яшашга мажбур бўлмоқдалар.

Ўзбекистонлик қочқин Тўрабек Санонинг айтишича, Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлик бу масала юзасидан Қирғизистон тарафига расмий мурожаат жўнатишини айтган:

- Қочқинлар бўйича комиссарлик вакиллари “расмийларга хат жўнатамиз, сизларнинг масалангизни ижобий ҳал қиламиз”, деб юпатишяпти.

Бироқ ҳозирча бу масала ижобий ҳал этилиши мумкинлиги тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ, дейди Тўрабек Сано.

БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги Бишкек ваколатхонаси расмийлари ўзбекистонлик қочқинлар муаммосини ҳал этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот беришдан бош тортдилар.

Қирғизистон Миграция хизмати расмийси Базарқул Керимбаева эса: “Сизга бунинг нима кераги бор? Бу масалада ҳеч қандай шарҳ берилмайди”, дея гапни калта қилди.

2008 йил декабрида ҳам Қирғизистон Миграция хизмати ўзбекистонлик қочқинлар гувоҳномалари муддати чўзилмаслиги тўғрисида маълумот берилган, aммо халқаро ташкилотлар аралашуви билан ўзбек қочқинлари гувоҳномалари қисқа муддатга узайтириб берилган \ди.
XS
SM
MD
LG