Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:41

"Уятсиз" режиссёр дўппосланди


Режиссёр Ермек Турсунов "Қозоқфильм" раҳбарияти талабига мувофиқ "Келин" фильмидаги шаҳвоний саҳналарни олиб ташлашга рози бўлмаган.
Режиссёр Ермек Турсунов "Қозоқфильм" раҳбарияти талабига мувофиқ "Келин" фильмидаги шаҳвоний саҳналарни олиб ташлашга рози бўлмаган.

Олмаотада кинорежиссëр Ермек Турсуновнинг “Қозоқфильм” таъқиқига қарамай, ўзи суратга олган “Келин” фильмини ёпиқ тартибда намойиш этгани учун калтаклангани даъво қилинмоқда.

15 феврал куни содир бўлган нохуш ҳодиса тафсилотлари ҳақида Озодликка режиссëрнинг яқин дўсти, кинопродюссер Александр Вовнянко гапириб берди:

- Воқеа Олмаотадаги “Казгуград” стадионида содир бўлган. Кечки соат 9 ларда Ермек четроқда турган ўз машинаси эшигини очмоқчи бўлганида, орқаси келган биров унинг бошига қаттиқ урган.

У орқага қайрилиб, қора кийимдаги 4 кишини кўрган. Қоронғи бўлган учун Ермек уларнинг юзини синчиклаб кўролмаган. Улар Ермекнинг бошига бир неча бор уриб, кўздан ғойиб бўлганлар.

Шундан сўнг Ермек бош мия жароҳати билан касалхонага ётқизилди, дейди режиссëрнинг дўсти Александр Вовнянко.

Кинорежиссëр Ермек Турсунов суратга олган “Келин” фильми бундан икки ҳафта аввал Қозоғистонда катта жанжалга сабаб бўлди.

Фильм буюртмачиси бўлган “Қозоқфильм” давлат компанияси режиссëр Турсунов томонидан икки йил мобайнида суратга олинган “Келин” фильмини кенг жамоатчиликка намойиш қилишни таъқиқлаб қўйди.

Маълум бўлишича, фильмнинг дастлабки томошабинлари -“Қозоқфильм” кинокомпанияси раҳбарияти ва бир гуруҳ зиёлиларга порнография унсурлари борлиги учун “Келин” фильми маъқул бўлмаган.

Шу ўринда мазкур фильм ҳақида икки оғиз сўз.

“Келин” фильмида эрамизнинг 5-асри¸ қозоқлар ҳали мажусийлик динида бўлган даврда яшаган бир оила ҳақида ҳикоя қилинади.

Қарийб бир ярим соат давом этадиган бу фильмда картина муаллифлари қаҳрамонларни гапиртирмай, персонажлар имо-ишоралари орқали қозоқ халқининг ўша давридаги урф-одатлари, яшаш тарзи, қиз болани турмушга тайёрлаш, туғруқ ва дафн маросими, эмизикли болани бўри сути билан боқиш каби удумларини очиб беришга уринганлар.

“Қозоқфильм” раҳбарияти картинанинг кенг жамоатчиликка кўрсатилишини таъқиқлаб қўйганидан сўнг ўз муаллифлик ҳуқуқи ҳимояси учун судга мурожаат қилишини билдирган режиссёр Ермек Турсунов 11 феврал куни “Келин” фильмини ёпиқ тартибда - фақат журналистлар ва санъатшунослар учун намойиш қилди. Орадан тўрт кун ўтгач эса режиссёр калтаклаб кетилди.

Айни пайтда маҳаллий матбуотда бу ҳодиса ҳақида турли тахминлар билдирилаяпти. Кўп учраëтган мулоҳазалардан бири “Келин” фильми режиссëрининг давлат кинокомпанияси талабларига қарши чиққани учун жазолангани ҳақидаги тахминдир.

Аммо “Қозоқфильм” матбуот котиби Асел Жарқинбаева режиссëр Ермек Турсунбоевнинг калтакланганидан раҳбариятнинг хабари йўқлигини билдирди.

- Ҳозир раҳбариятимиз бу борада сукут сақлаяпти. Раҳбаримиз бу ҳақдаги бар барча изоҳлар мазкур фильм атрофидаги жанжал юзасидан махсус чақирилган ва эртага ўтказиладиган матбуот анжумани чоғида берилажагини билдирди, деди матбуот котиби.

Қозоқ санъаткорлари орасида “Келин” фильмининг “Қозоқфильм” томонидан таъқиқланишини қолоқлик ва савиясизлик нишонаси сифатида баҳоловчилар ҳам йўқ эмас.

Фильмнинг муаллифлар истаган шаклда намойиш қилиниши тарафдорлари воқеълик табиий акс эттирилишига сунъий тўсиқлар қўйилиши, цензура қилиниши совет даврида бўлгани каби ўринсиз ва бемаъни эканини айтмоқдалар.

Бироқ киносанъаткорлар ичида бу ҳақда бошқа фикрдагилар ҳам бор.

- Ҳақиқий санъат фақат яланғоч баданлар ва шаҳвоний эпизодлар кўрсатилган саҳналардан иборат бўлиши керак дегани қоида йўқ.

Агар драматургия талаб қилса, фильмда айрим интим элементлардан фойдаланиш мумкиндир, бироқ кўпроқ томошабин йиғиш мақсадида бунақа саҳналарни атайлаб кўпайтириш ҳам ярамайди, дейди ўзбекистонлик кинорежиссёр Даврон Абдуллаев Озодлик мухбири билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG