Линклар

Қўллар ҳамкорликка узатилди..ми?

  • Гулнора Равшан

10 йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлараро комиссияси йиғинининг ўтказилиши¸ томонларнинг муроса йўлини излаëтгани ифодаси ўлароқ кўрилмоқда.

10 йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлараро комиссияси йиғинининг ўтказилиши¸ томонларнинг муроса йўлини излаëтгани ифодаси ўлароқ кўрилмоқда.

Икки давлат ўртасига совуқчилик солиб келаëтган масалалар юзасидан фикр алмашиш мақсадида Тошкент делегациясининг Душанбега келиши¸ унинг якунидан фарқсиз¸ ижобий ҳодиса сифатида баҳоланмоқда.

18 феврал куни Душанбе шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон савдо-иқтисодий ҳамкорлиги бўйича давлатлараро комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда иштирок этган Тошкент делегациясига Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов бошчилик қилди.

“Бўстон” давлат қароргоҳида иш бошлаган йиғилишни очар экан, Тожикистон бош вазири ўринбосари Муродилло Алимардонов:

- 2009 йилда сув-энергетика заҳираларидан оқилона фойдаланиш ҳамда давлат чегараларини делимитациялаш ҳамда демаркациялаш масалаларини ўз ичига олган баённома лойиҳаси бугунги йиғилишда имзолаш учун тайёрланган, дея билдирди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон бош вазири биринчи ўринбосари Рустам Азимов икки мамлакат учун муҳим саналмиш сув ва энергетика заҳираларидан фойдаланиш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳамда чегараларни делимитациялаш ва демаркациялаш масалалари бугунги тадбирда ижобий ҳал этилишига ишонч билдирди:

- Биз ўзаро дўстлик ришталари билан боғланган ва тарихий илдизлари туташ бўлган қўшни мамлакатлармиз.

Шунинг учун ҳам бугун қўшма комиссиямиз икки мамлакат учун муҳим бўлган масалаларни конструктив ва очиқ йўсинда муҳокама қилишига умид қиламан, деди Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов.

Куннинг иккинчи ярмида маълум бўлишича¸ Ўзбекистон ва Тожикистон савдо-иқтисодий ҳамкорлиги бўйича давлатлараро комиссияси йиғилиши якунида икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш ва ўзбек-тожик чегараларини делемитациялаш ва демаркациялаш борасида протокол имзоланган.

Имзолаш маросими


2009 йилда сув ва энергетика заҳираларидан оқилона фойдаланиш борасида бир тўхтамга эришилмаган ва бу борада ҳеч қандай ҳужжат ҳам имзоланмаган.

Тожикистон сув ва мелорация вазирлиги берган маълумотларга биноан фақат Қайроқум сув омборини зарур миқдоргача тўлдириб олиш учун жорий йил 31 майига қадар сув оқимини камайтириш масаласи кўриб чиқилган. Гарчи Ўзбекистон томони бунга розилик берган эса-да, бироқ бу борада расмий ҳужжат имзоланмаган.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ҳар йили электр олди-бердисига оид имзоланадиган шартнома 2008 йил сўнгида баъзи сабабларга кўра имзоланмай қолган.

Тожикистон сув ва мелорация вазирлиги расмийларининг маълум қилишларича, бугунги йиғилишда Ўзбекистон томони Тожикистонга ажратиладиган 600 миллион киловатт соат электрни жорий ойдан бошлаб узата бошлашини билдирган.

Тожик таҳлилчиларининг кўпчилиги бугунги йиғилишда кўриб чиқилаётган масалалар жуда долзарб ва ўта баҳслилигини назарга олган ҳолда, тадбир ниҳоясида ҳар иккала томонни тўла қониқтирадиган битим имзоланишига шубҳа билан қараëтган эдилар.

- Ўзбекистон ҳукумати Тожикистонда йирик ГЭСлар қурилишига доим қаршилик қилиб келган. Аммо Тожикистон, бу қаршиликларга қарамай, ўз позициясини ўзгартирмади ва бир қатор чет эллик сармоядорларни бу иншоотлар қурилишининг минтақа экологияси учун хавфсизлигига ишонтира олди. Бу масаланинг бир томони.

Масаланинг бошқа томони шуки, Ислом Каримов Ғарбнинг Афғонистон масалаларида фақат Тожикистоннигина эмас, балки Ўзбекистонни ҳам ўз ҳамкори сифатида тан олишини истайди.

Бугун Душанбега расмий делегация юбориш билан Ўзбекистон минтақа хавфсизлигини таъминлашда лидер мамлакат эканини кўрсатмоқчи бўлаяпти.

Аслида у Тожикистон билан ҳамкорликка мутлақо мойил эмас, деди жумладан комиссиялар учрашуви арафасида мустақил таҳлилчи Давлат Усмон.

Таҳлилчи бугунги тадбирда анчадан буён чўзилиб келаётган чегарани аниқлаш масаласининг ижобий ечим топишига ишонмаслиги, зеро бу масаланинг Тожикистоннинг Ўзбекистон билан шимолий чегарасида¸ айниқса¸ ўта баҳсли эканини таъкидлайди.

Айни пайтда Сўғд вилоятининг Нов (ҳозирда Спитамен) туманидаги Фарҳод ГЭСи ва бу ердаги тўғон юзасидан ўзбек-тожик баҳслари ҳамон давом этмоқда.

Айрим кузатувчилар¸ ўзбек-тожик муносабатларининг совуқлашишидаги сабаблардан бири айнан шу иншоот эканини таъкидлаб келадилар.

Хабардор манбалар бугунги йиғилишда томонлар ана шу иншоот тақдири юзасидан ҳам баҳс юритишларини айтмоқдалар.

Кун тартибидаги масалаларнинг мураккаб ва чигаллигига қарамай¸ таҳлилчи Музаффар Олимов¸ ўтган 10 йил мобайнида илк бор тожик-ўзбек давлатлараро делегацияларининг бир давра атрофида йиғилиши икки мамлакат муносабатларининг яхши томонга ўзгаришидан дараклигини таъкидлайди.

- Ўтган 10 йил бадалида илк бор Ўзбекистон юқори мартабали мулозимларининг мамлакатимизга ҳамкорлик қўлини чўзиб келишларини олқишлаш зарур.

Менимча, уларнинг биз томон қўйган илк қадами жуда жиддий ва бугунги учрашувдан сўнг йиғилиб қолган муаммолар¸ албатта¸ ўз ечимини топади, дейди мустақил таҳлилчи Олимов.
XS
SM
MD
LG