Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 09:39

Тошкент билан яқинлашувнинг яхшиси ва ëмони


АҚШ маъмурияти¸ нафақат Манас аэропортини тарк этиши мумкин ўз таъминот базасини минтақанинг бошқа ҳудудига кўчириш¸ балки Афғонистондаги ўз қўшинлари сафини кенгайтириш учун ҳам¸ Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликка муҳтож.
АҚШ маъмурияти¸ нафақат Манас аэропортини тарк этиши мумкин ўз таъминот базасини минтақанинг бошқа ҳудудига кўчириш¸ балки Афғонистондаги ўз қўшинлари сафини кенгайтириш учун ҳам¸ Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликка муҳтож.

АҚШ бош қўмондонининг Тошкентда президент Каримов билан учрашуви билан айни кунда президент Обаманинг Афғонистонга қўшимча қўшин юбориш ҳақда фармон бериши¸ бу икки ҳодиса ўртасида зимдан боғлиқлик борлигини кўрсатмоқда.

Сешанба куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Тошкентда АҚШ Марказий қўмондонлиги бошлиғи Дэвид Петрэус билан учрашди.

- Сизнинг Ўзбекистонга ташрифингизни Қўшма Штатлар янги президенти Обама маъмурияти биринчи вакилининг Ўзбекистонга ташрифи ва Қўшма Штатларнинг Ўзбекистон билан яқинроқ ва ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатишга иштиёқи сифатида, кўрмоқдамиз. Шу сабабдан сиз билан музокараларга алоҳида аҳамият қаратмоқдамиз, деди Каримов АҚШ генерали билан учрашувда.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот вакили Молли Стивенсоннинг Озодликка айтишича, президент билан генерал минтақа хавфсизлиги, хусусан Афғонистонга оид масалаларни муҳокама қилишган.

- Генерал Петреуснинг 16-17 феврал кунлари Тошкентга қилган ташрифидан мақсад минтақа хавфсизлигига оид асосий масалалар хусусида Ўзбекистон қарашларини ўрганишдан иборат бўлди. У Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳамда мудофаа ва ташқи ишлар вазирлигидаги мулозимлар билан учрашиб, кўплаб масалалар, жумладан Афғонистонда хавфсизлик ва барқарорлик масаласини муҳокама қилди, дея маълум қилди АҚШ элчихонаси расмийси сешанба куни.

Петрэус Ислом Каримов билан музокараларни тугатиб чиқишидан саноқли соатлар ўтиб¸ АҚШ президенти Барак Обама Афғонистонга қўшимча 17 минг аскар жўнатиш ҳақдаги фармонга қўл қўйди.

Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиевнинг Манас ҳаво базасидан АҚШ қўшинларини чиқариб юбориш ҳақдаги баëноти Афғонистонда тинчлик ўрнатишни ўз ташқи сиёсатининг устивор йўналиши, деб эълон қилган Обама маъмуриятини қийин вазиятга солиб қўйди.

Юзага келган янги вазиятда АҚШ қўмондонлиги Афғонистондаги ўз қўшинлари таъминотини амалга оширишнинг бошқа йўлларини қидирмоқда ва аксар таҳлилчилар Қўшма Штатлар нигоҳи яна Ўзбекистон томон бурилаëтганини қайд этмоқдалар.

АҚШ Марказий қўмондонлиги генерал Петрэуснинг Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий базасини очиш масаласини муҳокама қилганини на тасдқилади ва на инкор қилди.

Айни пайтда, таҳлилчилар Афғонистонда толибон ва Ал-Қоидага қарши курашни охирига етказиш масъулиятини ўз зиммасига олган Обама қийин танловлар қаршисида қолганини айтмоқдалар

Бир томондан¸ Манас базаси ёпилгудек бўлса, минтақадан унинг ўрнини босувчи янги база ташкил қилмасдан Афғонистондаги амалиëтларни давом эттиришнинг имкони қолмайди.

Бошқа томондан¸ дунёдаги энг авторитар ҳукмдорлардан бири ҳисобланмиш Ислом Каримов билан яқинлашув Обаманинг обрўси учун яхши бўлмайди.

Пол Куин-Жаж, Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Марказий Осиё дастурлари раҳбари.

- Америкаликлар¸ Манас базаси ўрнига бошқа база топишга қаттиқ ҳаракат қилаётган бўлса-да, улар бошқа масалаларни ҳам кўздан қочирмасликка мажбур бўлади.

Шулардан бири, Обама маъмуриятидагиларнинг кўпчилиги халқаро майдонда шафқатсиз ҳукмдор сифатида танилган Каримов билан яқин муносабат қуришдан хижолат тортиши аниқ.

Иккинчидан¸ Каримовнинг фикри тез-тез ўзгариб турадиган ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган сиёсатчи эканини ҳамма билади. Ана шу икки сабабдан¸ у ҳеч бир давлат учун жуда ҳам ишончли иттифоқчи бўла олмайди¸ дейди Бишкекдан туриб ғарблик бу таҳлилчи.

- Каримовнинг тез-тез фикрини ўзгартириб туриши ва диктатор бўлишидан ташқари¸ учинчи муаммо ҳам бор. Каримовдан кейин ҳокимият алмашинуви сценарийси қандай бўлишини ҳозир ҳеч ким аниқ билмайди.

Афсуски, кўпчилик таҳлилчилар башоратига кўра, Каримовга бирор кор-ҳол рўй бергудек бўлса, бу жараён зўравонликсиз бўлмайди, тўғрироғи кўпчилик Ўзбекистонда ҳокимият алмашинувининг қонли кечишини башорат қилмоқда.

Бундай ноаëнлик вазиятида¸ Америка стратегияси бошида турганлар Ўзбекистон билан муносабат қилишдан аввал бу ҳақда ҳам ўйлаб кўриши аниқ, албатта, дейди Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Марказий Осиё дастурлари раҳбари Пол Куин-Жаж.
XS
SM
MD
LG