Линклар

logo-print

Ўзбек машиналарининг ўзбеклар учун нархи яна қимматлади

  • Садриддин Ашур

Машина орзусида юрган ўзбекистонликларнинг машиналар нархи арзонлади¸ деган қувончи кўпга чўзилмади - ҳукумат Ўзбекистондан ташқарида арзонлаган нархни қоплаш учун ўзбеклардан янги "бож " ундириш йўлини ўйлаб топди.

Машина орзусида юрган ўзбекистонликларнинг машиналар нархи арзонлади¸ деган қувончи кўпга чўзилмади - ҳукумат Ўзбекистондан ташқарида арзонлаган нархни қоплаш учун ўзбеклардан янги "бож " ундириш йўлини ўйлаб топди.

"Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар сўмга эмас, долларга сотилмоқда экан. Бу ноқунунийку? Айтишларича, бунга тепада ўтирганлар рухсат берган эмиш. Илтимос¸ шу масалага аниқлик киритиб берсангизлар”.

Ўзини Тоҳир Раҳимов деб таништирган ўзбекистонлик мухлиснинг Озодликка йўллаган мактуби мазмуни шундай.

“Ўзавтосаноат” акциядорлик компаниясига қарашли автомобил дўконларида бугун Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар эркин сотувда турибди. Кимнинг пули бўлса¸ марҳамат сотиб олаверсин. Лекин бу автомобиллар ҳозир сўмга эмас, балки АҚШ долларига сотилмоқда"¸ дейди фарғоналик Ҳусанбой ака.

- Лўнда қилиб гапирганда¸ ўзбек машинасини «Мана ўзбек пулига» деб қўйиб қўяяпти. Борганингизда «Марҳамат машина бор. Банкка пулини тўлаб келинг» дейди. Банкда эса ўша ўзбек пулига лойиқ долларни давлат курсида тўлашингиз керак. Давлат курси 140 неча минг.

Кейин ўша долларни пластик карточкага ўтказасиз. Эртаси куни пластик карточкани қўлингизга оласиз ва уни автосалонга олиб борасиз. Бу долларни эса улар давлат курсида олишади. Ҳозирги кунда бозор 175 экан¸ дейди Ҳусанбой ака.

Демак, автомобиллар нархи ўзбек сўмида кўрсатилаяптию, лекин долларга сотилмоқда. Давлат курсида. Хўш, бундан ҳар бир харидор қанчадан ютқазаяпти?

- Битта фуқаро ҳар 100 доллардан 30 минг сўм ютқазаяпти. 12-13 минг доллардан қанча куйишини энди ҳисоблаб кўраверинг. Ҳозир 12800 долларга Нексия машинаси бор дейишаяпти. Бу бозор нархида ҳисобласангиз 21 миллион 760 мингдан ошаяпти. Битта одам камида 5-6 миллионга куяяпти¸ дейди Ҳусанбой ака.

Ҳусанбой аканинг бу гапларига муносабат олиш учун Ўзавтосаноат акциядорлик компаниясига сим қоқдик. Компаниянинг маркетинг бўлими ходими Элёр Солиев ҳам автомобилларнинг долларда сотилаётганини тасдиқлади.

- Жаҳон иқтисодий инқирозини олдини олиш мақсадида¸ ўзимизнинг иқтисодимизни¸ агар билсангиз ташқи бозорда озгина машинамиз¸ дилерларимиз кредит ололмаганлигининг ҳисобига қийингарчилик бўлиб¸ маълум фоиздаги машина¸ 50 фоиз машина ички бозорга долларга берилган¸ деди Элëр Солиев.

Озодлик: Ўзбекистон ҳукуматининг Ўзбекистон ичида ҳамма савдо фақат сўмга бўлади деган фармойиши бор. Бунга нима дейсиз? Бу Ўзбекистон ҳукумати билан келишилганми?

Элëр Солиев: Ҳа¸ бунга Вазирлар маҳкамасидан рухсат олинган. Масалан¸ пластик карточкасида доллари бор одамлар пластик карточка орқали маҳсулот сотиб олиши мумкин.

Мутахассисларнинг айтишларича¸ ўзбек сўмининг ҳукумат томонидан девальвация қилинмаётгани айнан ана шундай ҳолатларни келтириб чиқармоқда.

- Биринчидан¸ Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаëтган товарларнинг нисбий нархи арзонлашишига шароит яратиб беради. Бунинг тескариси¸ яъни республика Марказий банки томонидан ўзбек сўмининг девальвация қилинмаëтгани шу дамда ўзбек товарларининг нархи қимматлашига олиб келаяпти.

Ўзингиз ўйлаб кўринг инқироздан аввал июл-август ойларида Нексия автомашинаси Россия бозорларига 210 минг рублга етиб борарди. Ҳозир шу Нексия автомашинаси Москва ëки Саратовга 335 ëки 340 минг рублга етиб бораяпти. Чунки рубл девальвация бўлди¸ ўзбек сўми эса девальвация бўлгани йўқ¸ дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Ориф Ҳошимов.

Бундай ҳолатдан эса¸ энг аввало оддий ўзбекистонлик харидор катта зарар кўраяпти. Ҳусанбой ака буни ҳукумат томонидан уюштирилган "маданий сувратдаги талончилик" деб баҳолайди.

- Куни -кеча президентимиз жуда чиройли гаплар гапирди¸ лекин шу гаплари амалга ошмаяпти-да. Асака банкни мақтади сессияда. Лекин нимага мақтади? Асака банк машинанинг ҳисобидан¸ ўша халқни алдаш йўли билан бойиб кетган. Буни эса президент мақтаяпти. Куппа- кундуз куни давлат¸ банк одамларнинг чўнтагидан 5-6 миллион уриб қолаяпти¸ дейди Ҳусанбой ака.

Боя "Ўзавтосаноат"расмийси автомобилларни валютада сотишга Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси рухсат берган деди.

Биз Вазирлар Маҳкамасининг нега айнан бу компанияга бундай хайрихоҳлик билдирганини билиш учун, вазирлик матбуот хизматига сим қоқдик. Лекин кун бўйи телефон гўшагини ҳеч ким кўтармади.

Ўзбекистон Молия вазирлигидан ҳам бизнинг саволларимизга жавоб берадиган одамни топа олмадик.

Айни пайтда¸ Ўзбекистонда бугун доллар қора бозори билан расмий курс орасидаги масофа катталигича қолмоқда.

Ички бозорда хорижий валютада савдо қилишни тамоман таъқиқлаган ҳукумат бугун миллий пулнинг қадрсизланишини тан олмаган ҳолда, "Ўзавтосаноат" компаниясига, қонунни бузиб бўлса-да¸ валютада савдо қилиш имконини яратиб берди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG